Ўзбекистон | 15:35 / 17.10.2019
198785
11 дақиқада ўқилади

Келажак касблари: қайси соҳани танласак ютқазмаймиз?

Фото: iStock

Замона зайли шиддат билан ўзгараётган даврда яшаяпмиз. Бугун бизни энг сўнгги технология ҳам ҳайратга солиши қийин. Нима учун бундай? Сабаби бу оламда ҳар лаҳзада ўзгариш бўляпти,  ҳайрон қолишга улгуролмаяпмиз.

Барча соҳалар автоматлаштирилса, биз инсонлар нима билан шуғулланамиз? Фикрни бир жойга жамлаб, ўйлаш лозим: қайси касбни бошидан тутсам, эртага у жамиятга фойда олиб келади? Бугун танлаган мутахассислигим билан келажакда ишсиз қолмайманми?

Бу борада ёшларни касбга йўналтириш ишларининг аҳамияти бўлак. Хўш, Ўзбекистонда қайси соҳа жадаллик билан ривожланяпти, яқин келажакда қандай кадрларга эҳтиёж ортади?

«Ўзбекистонда қандай касблар борлигини ўзбек тилида билиш имконияти йўқ»

Хушнудбек Худойбердиев (ҳуқуқшунос):

– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (охирги марта 2019 йил 24 январда қўшимчалар киритилган) қабул қилинган. Бу рўйхатда, биринчидан, маънан эскирган касблар бор. Классификаторнинг янгиланган версиясида тор доирадаги касблар ҳам киритилган. Буни тан олиш керак. Аммо барибир ҳам бозор иқтисодиёти шароитидаги меҳнат бозорига мослаштириб қайта кўриб чиқиш зарур.

Иккинчидан, касблар рўйхати рус тилида берилган. Унинг ўзбекча расмий матни йўқ. Бу ерда тил масаласи долзарб бўлиб турибди. Худдики ўзбек тилида касбларнинг номини ёзиб бўлмайдигандек таассурот уйғонмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ўзбек тилида сўзлашади-ку. Ёшларимиз юртимизда қандай лавозимлар борлигини ўз она тилида билиш имкониятига эга эмаслар.

20-30 йилдан кейин ҳозир амалда бўлган айрим касбларга эҳтиёж қолмайди. Бу шиддат билан ривожланаётган технология натижасида юзага келади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари тўлиқ автоматлаштирилаётган бир пайтда 20-30 йилдан кейин инсон ресурсига, баъзи касбларга талаб мутлақо йўқолади. Масалан, тўлиқ автоматлаштирилган таксилар ҳаётга татбиқ этилса, ҳайдовчиларнинг кераги бўлмайди. Ёки ҳуқуқшуносларни олайлик: уларнинг ўрнини босувчи робот яратилган ва ундан бемалол ҳуқуқий маслаҳат олишингиз мумкин. Демак, бу каби ҳолатлар келажакда кўплаб касблар истиқболини хавф остига қўяди.

Меҳнат бозори ва ОТМлар ўртасидаги алоқа жуда ачинарли. Олийгоҳларнинг жаҳон рейтингига кириши ҳақида кўплаб мулоҳазалар айтиляпти. Ушбу рўйхатга киришда иш берувчиларнинг битирувчилар билими ҳақидаги фикри ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Биз нега кучли рейтингларга киролмаяпмиз? Бизда иш берувчилар ва ОТМлар муносабатларини тартибга солувчи аниқ механизм йўқ. Сабаби олийгоҳларни тугатаётганларнинг кўпчилик қисми ўз мутахассислиги бўйича ишламайди. Имконияти даражасида тўғри келган жойда фаолият олиб бораверади.

Ундан ташқари, кадрларни ишга олиш тизими ҳам тушунарсиз. Битта лавозимга А ва Б университетидан номзодлар бўлса, улар баравар олинади. Бу олийгоҳ талабалари яхши ўқитилади, бошқаси сал пастроқ даражада, деган тушунчанинг ўзи ҳам йўқ. Қаерда ўқиганлиги аҳамиятсизга айланиб қолган.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш мониторинги ҳам қоғозбозликка тўлиб кетган. ОТМни тамомлаётганда уч томонлама шартнома имзоланмаса, диплом берилмайди. Натижада, битирувчиларнинг ишга жойлашганлиги тўғрисида сохта статистика тузилади. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам меҳнат бозори билан интеграция бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланмаганлигини кўрсатиб турибди.

2018 йилда Ўзбекистонда энг кўп маош тўланадиган касблар рўйхатини ўқидим. Унда 20та касб берилган бўлса, ярми ахборот технологиялари соҳаси вакилларидан иборат. Бу касбларга талаб ошса ошадики, асло камаймайди. Уларни эгаллаш учун олий маълумот ҳам талаб этилмайди. 3-6 ойлик курсларда ўқишнинг ўзи етади. Мослашувчан касблар сирасига киргани учун талаб анча баланд бўлади. 

«Иш берувчиларнинг фикри – XXI аср университетларининг асосий тамойили бўлиши керак»

Азамат Акбаров («Ипак йўли» туризм халқаро университети биринчи проректори):

– 2035 йилга бориб дунёда 70 фоизга яқин иш автоматизацияга ўтади. Яқин келажакда Ўзбекистон аҳолиси 40-42 миллионга етишини ҳисобга оладиган бўлсак, меҳнат бозорида кадрларга эҳтиёж кенгаяди. Бунда ОТМлар рақобатбардош ўқув режа ишлаб чиқишлари керак. Битирувчи талабаларимизга берадиган дипломимиз камида ўн йил ўз кучини йўқотмаслиги керак.

Замон ўзгариб кетяпти, олийгоҳлар ўз концепциясини ўзгартиряпти. АҚШнинг Силикон водийси (машҳур технологик компаниялар жойлашган жой)га борсангиз, 4 йиллик диплом эмас, ахборот технологиялари бўйича ойлик курслар сертификатининг ўзи кифоя қилмоқда.

Ўзбекистон туризми жадаллик билан илдамлаб боряпти. Бу вазият соҳада етук кадрларга эҳтиёжни пайдо қилади. Шуни англаган ҳолда, кейинги ўқув йилидан бошлаб университетимизда республикада илк бор инфлуенсерлик маркетинги ва саёҳат журналистикаси мутахассисликларини очмоқчимиз. Нима учун? Ғарбда 18-35 ёшдаги инсонларнинг 70 фоизи блогерларнинг ижтимоий тармоқларда изоҳларини ўқиб саёҳат режаларини тузишаркан. Демак, уларнинг туризмга таъсири жуда катта.

Бизнинг университетимизда имтиҳонлардан ташқари 14 ҳафта тўлиқ ўқиш даври ҳисобланади. Семестр мобайнида камида 4 марта соҳа бўйича амалиётчи мутахассисни машғулот ўтишга таклиф қилиш бўйича ўқитувчиларимизга вазифа юклаганмиз. Чунки мақсадимиз – университет ва меҳнат бозори ўртасидаги узилган ришталарни боғлашдир.

Аксарият битирувчи талабалар ўз соҳасида қандай янгиликлар бўлаётганидан умуман хабари йўқ. Бундай бўлмаслиги учун иш берувчилар билан ҳар семестрда камида бир марта мажлис ўтказмоқчимиз. Улардан талабаларимизнинг салоҳияти ҳақида сўраймиз, ўқитишда қандай камчиликларга йўл қўяётганимиз бўйича фикрлашамиз.

Иш берувчиларнинг талаб таклифларини ўрганиб, ўқув режага янги фанлар киритамиз, олиб ташлашимиз ҳам мумкин. Шундай экан, иш берувчиларнинг фикри XXI  аср университетларининг асосий тамойили бўлиши керак. Ўқув режаларимизни дунё трендларига, яъни келажак касбларига қараб ўзгартиришимиз керак. Бунда бизга энг катта кўмакчилар – иш берувчилардир, чунки улар соҳадаги барча ўзгаришлардан хабардор.

«Германияда мактаб ва боғча болалари ОТМларга экскурсия қилишади»

Муҳаммадсаид Фатуллаев (Германиядаги Schmalkaden амалий билимлар университети талабаси):

– Келажакда IT соҳаси бўйича тайёрланган мутахассислар талабгир бўлади. Ўзбекистон шароитида айтадиган бўлсам, бизга ахборот технологиялари энди кириб келяпти. Шунинг учун бир неча ўн йиллардан кейин ва ҳатто ҳозир ҳам дастурчиларга эҳтиёж юқори ўринда туради.

Иқтисодчи, туризм бошқарувчиси, хизматлар соҳасидаги мутахассис бошқарувчилар ҳам бизга жуда керак бўлади. Маълумки, туризм ривожланаётган бир пайтда бу соҳани бошқарувчи менежерларга ҳам талаб ортади. Рақамли иқтисодиёт ҳам сифатли кадрларни қидиришга тушади. Инфляция, нарх-наво, лойиҳаларни молиялаштириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш каби масалаларни ҳал қиладиган мутахассисларга муҳтожмиз.

Меҳнат бозори нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда сифатли дастурчиларга эҳтиёж сезмоқда. Халқаро талаба сифатида шуни айтишим мумкинки, банк-молия, халқаро иқтисодиёт, ахборот технологиялари, халқаро муносабатлар соҳаларини ўрганиш давр талабига айланиб боряпти.

Германияда ёшларни касбга йўналтириш мактабдан, ҳатто боғчадан бошланади. Кўп кузатганман: болалар университетимизга тез-тез келиб туришади. Мураббийлар ўқувчиларга автомобиль макетлари, кичик роботларни кўрсатиб таништиришади. Бу орқали уларда техникага қизиқиш ҳиссини уйғотишга ёрдам беради.

Германияда таълим бепул, иқтисодиёт барқарор. Шунинг ўзи ҳам инсонни хотиржам таълим олишга ундайди. Университетимизда йирик компанияларнинг бўш иш ўринлари кўргазмалари ташкил этилади. Бу амалиёт ўқишни битирмасдан туриб ишли бўлишга ёрдам беради. Кўплаб ёшларга мотивация вазифасини ҳам ўтайди.

Ҳукумат профориентатор вазифасини бажара оляптими?

Хуршида Махмадаминова (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппарати шўба мудири):

– Президентнинг 2018 йил 20 августдаги ПҚ-3913-сонли қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппарати тизимида битирувчиларни касбга йўналтириш шўъбаси ташкил қилинди. Шўъба томонидан бир қатор ишлар қилинди, жумладан, ўрта мактаб ўқувчиларида турли касблар тўғрисида тўғри ва тўлиқ маълумотлар олиш имкониятини яратиш, уларни қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касблар танловини ўзлари амалга ошириши учун мактаб ўқувчиларига ёрдам кўрсатиш, уларда иш берувчилар билан тўғри муносабат ўрнатиш, резюмелар тўлдириш жараёнлари билан яқиндан таништириш учун Тошкент вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларидан танлаб олинган мактаблар негизида махсус ситуацион хоналарни ташкил қилиш бўйича ҳаракатлар бошланган.

Вазирликда ишсизларни касбга ўқитиш ва касбга йўналтириш жараёни бир-бирига боғлиқ ҳолда ҳамда тизимли олиб борилади. Республиканинг 200та туманидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган фуқароларга марказ мутахассислари томонидан мавжуд ваканциялар, касбга ўқитиш жараёнлари, замонавий меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб иш берувчилар томонидан берилган ваканциялар ва иш берувчилар билан тузилган шартномага кўра касб-ҳунарга ўқитилади.

Табиийки, қисқа муддатли ўқув курсларда ҳозирда талаб энг юқори бўлган касбларга ўқитилиб, меҳнат қонунчилигидан ҳам тушунчалар берилади. Аслини олганда, ҳар бир ишга жойлаштириш мутахассиси энг аввало профориентатор сифатида суҳбат қилади, касбга йўналтиради ва натижада фуқарога мос келадиган бандлик хизматини кўрсатади.

Вазирлик  Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълими вазирлиги билан биргаликда, меҳнат ресурслари балансининг прогноз параметрлари асосида, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича олий ва касб-ҳунар таълими йўналишлари учун мутахассислар тайёрлашда ўз таклифларини беради.

Яқин келажакда Ўзбекистон меҳнат бозорида ахборот технологиялари йўналишига ҳамда жадал суръатлар билан ривожланаётган туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларига, қурилиш соҳаси инженерларига, бундан ташқари замонавий меҳнат бозорига кириб келган янги касблар: қарияларни парваришловчи, батлер (уй бошқарувчиси) каби, қолаверса, енгил саноат соҳаси, айниқса, маҳаллий хом ашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш мутахассисларига эхтиёж ортади, деб ўйлайман.

Маълумот ўрнида

UNICEFнинг махсус лойиҳаси бўлган U-REPORT ёшлар платформаси 2019 йил 13 май куни ёшларни касбга йўналтириш бўйича сўровнома ўтказди. Унда 6300дан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар қатнашди. Респондентларнинг фикрига кўра, касб танлашда қуйидаги 4 омил таъсир ўтказади:

·       шахсий қобилият (34%);

·       касбга муҳаббат (20%);

·       молиявий имкониятлар (20%);

·       ота-оналар қарори (11%).

Иштирокчиларнинг 82 фоизи ёшларни касбга йўналтириш ҳукумат томонидан ташкил қилиниши керак, деб ҳисоблашади.

  Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид