Ўзбекистон | 18:48 / 04.03.2019
4116
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро юридик форум ўтказилади. Унда иштирок этиш пулли тартибда амалга оширилади

Жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Тошкентда илк бор халқаро миқёсда «Tashkent Law Spring» юридик форуми ўтказилади. Бу ҳақида 4 март куни бўлиб ўтган матбуот брифингида маълумот берилди.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан «Ҳуқуқ – жадал модернизация даврида» мавзусида ўтказилаётган форумда замонавий ҳуқуқ тизимини ривожлантириш масаласи, юридик назария ва амалиётдаги муаммолар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтади.

Форум дастури доирасида учта йўналишда: «Сифатли давлат бошқаруви», «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш», «Фаол инвестиция сиёсати» сессиялари, шунингдек, 18та параллел сессия, нотариат ва суд-экспертиза тизими бўйича иккита давра суҳбати ҳамда «Юридик фирма ва адвокатурани ташкил этишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкин?» мавзусида маҳорат дарси ўтказилади.

Тадбирлар UzExpo марказида ташкиллаштирилади.

«Муҳокамаларни ҳуқуқ ва инвестицияга боғлаган ҳолда ўтказишни режалаштирганмиз. Чунки ҳар қандай мамлакатга пул киритишдан олдин хорижий инвестор у ердаги қонунчилик тизими, қонунларнинг амалиётда қай даражада ишлаши билан қизиқади. Бу ҳуқуқшунослар билан ҳамкорликда кечадиган жараён», деди Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов.

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов

Шунингдек, тадбир доирасида «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси», «Йилнинг энг яхши корпоратив юридик хизмати» номинациялари бўйича номзодлар тақдирланади. Адлия вазирлигининг advice.uz бепул ҳуқуқий-ахборот портали тақдимоти ҳам кун тартибига киритилган.

Форумда хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари, таниқли адвокатлар, бизнес вакиллари, олимлар қатнашиши, шунингдек, спикер сифатида Вена халқаро арбитраж маркази бош котиби Элис Фремут-Вольф, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, БМТ Коррупцияга қарши курашиш глобал дастури маслаҳатчиси Анги Тимилсин ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Брифингда берилган маълумотга кўра, форумда иштирок этиш пулли тартибда амалга оширилади. Иштирок учун икки турдаги: махсус (900 000 сўм – ишчи тадбирлар ва оралиқ кофе-брейкларни ўз ичига олади) ҳамда тўлиқ (2,5 миллион сўм – барча тадбирлар қаторида расмий кечки овқатда қатнашиш учун) пакет мавжуд. Иштирок этиш барча учун очиқ тарзда tashkentlawspring.uz сайтида рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади. Тўлов 25 мартга қадар юқорида келтирилган нархларда, ундан кейинги муддатларда эса 10-15 фоиз оширилган нархда ўтказилади.

Маҳмуд Истамовга кўра, муҳокамалар натижасидаги хулосалардан миллий қонунчилик тизимини модернизация қилишда фойдаланилади.

Форумда иштирок эта олмаганларга қулайлик яратиш мақсадида tashkentlawspring.uz сайтида тадбирларни онлайн трансляция қилиш режалаштирилган.

Халқаро ва маҳаллий ОАВ вакиллари форум учун 4 мартдан 15 апрелга қадар муддатда аккредитациядан ўтиши мумкин.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид