Ўзбекистон | 13:00 / 02.06.2020
4808
3 дақиқада ўқилади

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади 

Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;

никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;

никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;

машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар
ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;

турмуш қуриш олдидан Марказларда ўқитилган ёш оилаларнинг ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва мониторинг натижаларидан келиб чиқиб,  ўқувларни янада такомиллаштириб мувофиқлаштириб бориш.

Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларининг “маҳалла ва оила” йўналишининг асосий фаолияти турларидан келиб чиқувчи тадбирларга ажратиладиган қисми ҳисобидан молиялаштириладиган, қўшимча биттадан штат бирлиги – ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассис лавозими жорий этилади.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассислар марказларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид