Жаҳон | 13:40 / 20.07.2024
5181
9 дақиқада ўқилади

БМТ Халқаро судининг Исроилга талаблари, Windowsʼдаги глобал узилиш ва Россиядаги кадрлар тақчиллиги — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

БМТ судининг Исроилга талаблари

БМТ Халқаро суди оккупация қилинган Фаластин ҳудудларида Исроилнинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқи оқибатлари тўғрисида маслаҳатлашув хулосасини эълон қилди.

Ҳаагада бўлиб ўтган суд мажлисида Исроил Ғазо секторида оккупация билан шуғулланаётган давлат, деб тан олинди. Шунингдек, суд Исроилнинг Фаластин ҳудудларини оккупация қилганини де-факто аннексия деб ҳисоблашини айтган.

БМТ Халқаро суди Исроилни Фаластин ерларини оккупация қилишни зудлик билан бас қилишга чақирди. Халқаро судда қайд этилишича, Фаластин ерлари бўлакланган алоҳида ҳудудлар эмас, ягона ҳудудий бирлик ҳисобланади.

БМТ Халқаро суди судялари Исроилнинг хатти-ҳаракатлари фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқини поймол қилаётганини қайд этди. Халқаро судга кўра, Исроил шунингдек Шарқий Қуддус ва Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида ҳам оккупант ҳисобланади.

Қайд этилишича, Исроил томонидан оккупация қилинган Фаластин ерларидаги табиий ресурслардан фойдаланиш халқаро ҳуқуққа зид.

Халқаро суддагиларга кўра, Исроилнинг оккупация қилинган ҳудудларда манзилгоҳлар барпо этиш сиёсати Женева конвенцияси моддаларига зид.

Исроилнинг ўзи оккупация қилган ҳудудлардаги хатти-ҳаракатлари унинг ушбу ҳудудларда доимий асосда қолиш ниятидан далолат беради.

Халқаро судда Исроил оккупация қилинган Фаластин ҳудудлари устидан суверенитетга эга эмаслигига урғу берилди. Суддагилар барча давлатлар Исроилнинг оккупация қилинган Фаластин ҳудудларида мавжуд бўлиб туришини тан олмаслиги ва бу мавжудликка ёрдам бермаслиги кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, БМТ Халқаро суди Исроилдан оккупация қилинган Фаластин ерларида ўзининг «адолатсиз ҳаракатлари» туфайли етказилган барча зарарни қоплаб беришни талаб қилди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу БМТ Халқаро судининг бу хулосаларига қарши чиқди ва яҳудий халқи ўзининг тарихий ерларида босқинчи ҳисобланмаслигини таъкидлади.

Фаластин ташқи ишлар вазири Риёз ал-Маликий эса БМТ Халқаро суди хулосаси фонида барча давлатларни Исроил билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Microsoft ишида глобал узилиш

19 июл куни Windows операцион тизимида ишловчи қурилмаларнинг ишида глобал узилиш рўй берди. Компютерни ёққанда фойдаланувчилар тизим хатосини билдирувчи “кўк экран”га рўпара келишди.

Муаммо кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, ЕИ давлатлари, Ҳиндистон, Янги Зеландия ва Австралияда кузатилган. Windowsʼнинг асосан пират версиясидан фойдаланувчи Россия ва Ўзбекистонни бу муаммолар четлаб ўтган.

Узилишга сабаб CrowdStrike компаниясининг Falcon Sensor дастурининг янгиланиши бўлгани айтилмоқда. CrowdStrike раҳбари Жорж Курцнинг қайд этишича, содир бўлган воқеа киберҳужум ёки хавфсизликка алоқадор муаммоларга боғлиқ эмас.

Бир вақтнинг ўзида Microsoft 365 сервиси ва Microsoft Azure булутли платформа ишларида ҳам узилишлар кузатилгани хабар қилинди. Azureʼнинг ишдан чиқиши ҳам CrowdStrikeʼнинг янгиланиши билан боғлиқ. Microsoft 365ʼдаги муаммолар сабаби сифатида Azure серверларининг конфигурацияси ўзгаргани келтирилмоқда.

Узилиш натижасида авиаташувчилар, банклар, теле- ва радиоэшиттирувчи компаниялар, шунингдек, бутун дунё бўйлаб кўплаб ташкилотларнинг иш режимига зиён етди. Дунёнинг бир неча йирик авиакомпаниялари парвозларни бекор қилишга ёки кечиктиришга мажбур бўлган.

Flightaware порталига кўра, операцион тизимда юзага келган глобал носозлик туфайли жаҳон бўйлаб 2,2 мингта авиарейс бекор қилинган, қарийб 24 мингта рейс кечиктирилган.

Британиянинг Sky News телеканали кўрсатувларни тўхтатишга мажбур бўлган. Японияда McDonaldʼs тез таом тайёрлаш ресторанларининг 30 фоизи касса аппаратларида муаммо келиб чиққани учун ёпилган.

Дастурий таъминот билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги хабарлар фонида CrowdStrike акциялари 15 фоизга тушиб кетган, Microsoft қимматбаҳо қоғозлари ҳам 2 фоизга арзонлашган.

Украинага ёрдам

Германияда 2025 йилги бюджетга Киев учун аввалгига нисбатан тенг ярим миқдорда ёрдам белгиланди – 4 млрд евро. Ҳукмрон коалиция давлат қарзини оширмаслик учун кўплаб харажатларни қисқартирган.

Германия молия вазири Кристиан Линдерга кўра музлатилган Россия активларидан олинган фойда миқдори 4 млрд еврога тенг, шу сабабли немис ҳукумати Украинага бу қадар кўп пулни ўз бюджетидан ажратмасликка қарор қилган. Боз устига, G7 давлатлари ҳам Украинага 50 млрд евро кредит бермоқчи.

Абсолют рақамларда Германия Украинага кўрсатилган ёрдам бўйича АҚШдан кейин 2-ўринда туради. 2022 йилнинг январидан буён АҚШ Киевга 42,2 млрд ёрдам кўрсатган бўлса, Германия 17,1 млрд евро пул берган.

Бу орада Буюк Британия ҳам Украинага 15 йил муддатга 2 млрд фунт-стерлинг кредит ажратишини эълон қилди. Тегишли келишув Украина мудофаа вазири Рустам Умеров ва Буюк Британия мудофаа вазири Жон Ҳили ўртасида тузилган. Бу пуллар мудофаа соҳасида украин-британ лойиҳаларини молиялаштиришга йўнатирилади.

Россияликлар мигрантлар ҳақида

Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) томонидан ўтказилган сўровнома россияликларнинг 81 фоизи мигрантлардан ҳайиқмаслигини кўрсатиб берди.

Россия давлат сўровнома хизматининг навбатдаги сўровномаси кутилмаганда россияликларнинг аксарияти мигрантларни исталмас шахслар деб ҳисоблаши ҳақидаги фикрларда асос йўқлигини кўрсатиб берди. Сўралганларнинг 81 фоизи мигрантларга нисбатан салбий кайфиятда эмаслигини айтган. Фақат 12 фоиз сўралганлар мавжуд миграцион сиёсатдан чўчишини билдирган.

ВЦИОМ сиёсий тадқиқотлар департаменти раҳбари Михаил Мамонов россияликларнинг катта қисми мамлакатнинг кўп миллатли бўлиши уни янада кучайтиради деган фикрда эканини айтган.

“Биз мигрантларга нисбатан нафрат йўқлигига гувоҳ бўлмоқдамиз: 81 фоиз сўралганлар ўзи яшаётган аҳоли пунктига бошқа жойдан келганларга нисбатан негатив ҳис-туйғулар туймаслигини билдирган. Бу жуда катта кўрсаткич”, – деган Мамонов.

Байден пойгадан чиқадими?

АҚШ президентининг айрим иттифоқчилари Байден яқин кунларда сайловолди кампаниясидан чиқиши мумкинлигини тан олмоқда.

Янги муддатга ўз номзодини қўйган АҚШ президенти Жо Байденнинг оила аъзолари унинг сайловолди кампаниясидан воз кечиш эҳтимолини муҳокама қила бошлади, деб хабар берди NBC News манбаларга таяниб.

Телеканал суҳбатдошларининг таъкидлашича, 81 ёшли Байденнинг оиласи унинг янги президентлик муддатига номзодини қўйишдан бош тортиши қандай бўлиши мумкинлигини муҳокама қилган. Манбаларнинг таъкидлашича, ҳар қандай режа Демократик партияни Республикачилардан номзод Доналд Трампни мағлуб этиш учун энг қулай позицияга келтириши лозим. Бундан ташқари, режа Байденнинг сиёсат соҳасидаги 50 йилдан ортиқ меҳнатига муносиб бўлиши керак.

Муҳокама марказида биринчи хоним Жилл Байден, президентнинг ўғли Ҳантер Байден ва синглиси Валери Оуэнс, шунингдек, бир қанча яқин ёрдамчилар бор.

Оқ уй матбуот котиби Эндрю Бейтс Байденнинг оила аъзолари бундай суҳбатлар ўтказаётганини рад этди. Унга кўра, бундай баёнотлар билан чиққан одамлар Байден оиласи ёки унинг жамоаси номидан гапирмаяпти.

Россияда кадрлар етишмаяпти

Россия иқтисодиётининг айни пайтдаги асосий муаммоларидан бири – кадрлар тақчиллиги борган сари ошиб бормоқда. 2024 йилнинг II чорагида кадрлар билан таъминланганлик барча кузатувлар тарихида навбатдаги минимумни янглади, дея хулоса чиқарган Россия Марказий банки корхоналарнинг янги мониторингида.

14,7 мингта корхонанинг ходимлар билан таъминлангани тўғрисидаги жавоблар баланси –30,8 фоизни ташкил этган. Бу рақам ходимлар етарли бўлган ва бўлмаган корхоналар ўртасидаги фарқ бўлиб, 2023 йилнинг бошидан буён камайиб бормоқда. Масалан 2002 йилнинг IV кварталида у –16,2 фоизни ташкил этган.

Бунга асосий сабаблар демография ва уруш бўлиб, ҳар иккиси чуқурлашмоқда. Юз минглаб одамлар ишлаш ўрнига урушда қатнашмоқда, кўпчилиги урушда ўлган ёки меҳнат қилиш қобилиятини йўқотган. Яна 700 минг мияли кадрлар хорижга эмиграцияга чиқиб кетган. Боз устига, буларнинг барчаси Иккинчи жаҳон урушидан кейин туғилган ва меҳнат бозорини тарк этаётган кўп сонли бумерлар ўрнига, нолинчи йиллар бошида туғилган кам сонли меллениаллар кириб келаётган чоғда юз бермоқда.

Мавзуга оид