Жаҳон | 12:59 / 30.09.2024
4417
10 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ливан ва Яманга авиазарбалари, Австриядаги парламент сайловлари ва Россияда мигрантларга қарши янги қонунлар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилди

«Ҳизбуллоҳ»нинг тарихдаги учинчи бош котиби, 1992 йилдан буён Ливан шиаларининг жанговар ҳаракатига раҳбарлик қилиб келган Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилди.

Исроил дронлар ва авиаракеталар ёрдамида Ливан пойтахти Байрут шаҳрининг жанубий қисмида жойлашган ва ерости бункерида «Ҳизбуллоҳ» етакчилари яширинган турар жой биноларига зарба берди.

Маълумотларга кўра, «Ҳизбуллоҳ» етакчисининг айни шу дақиқаларда айни шу ерда бўлиши ҳақида Исроил разведкасига Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси сафидаги сотқин маълумот етказган.

Исроил томони «Ҳизбуллоҳ» етакчисини йўқ қилишга қарор қилганига сабаб у Исроил билан кенг кўламли уруш олиб бориш учун 200 минг ракета, снаряд ва дронлардан иборат улкан арсенал жамғарган, деган CNN телеканалига ЦАҲАЛ вакили Петер Лернер. У Исроил қўшинларининг асосий мақсади — мамлакат шимолида хавфсизликни тиклашдан иборат эканлигини айтиб ўтган.

Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилиши муносабати билан Эрон, Ироқ, Ливан каби давлатларда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ғазабланган оломон АҚШ ва Исроилга ўлим тилашди.

Якшанба куни «Ҳизбуллоҳ» етакчисининг жасади вайронлар остидан чиқариб олинди. 64 ёшли Саййид Ҳасан Насруллоҳнинг танасида бирорта жароҳат изи йўқлиги маълум бўлди. Демак у зарба тўлқинидан вафот этган бўлиши эҳтимоли юқори, деб хабар беради Reuters агентлиги.

Ҳасан Насруллоҳ ва у билан бирга ҳаракатнинг яна бир неча раҳбарлари ўлдирилгач, «Ҳизбуллоҳ»га Саййид Ҳошим Сафиуддин раҳбар бўлиши хабар қилинмоқда.

«Ҳизбуллоҳ» раҳбари ўлимига реакциялар

«Ҳизбуллоҳ» раҳбарининг ўлдирилиши жаҳонда турли реакциялар келтириб чиқарди. Эрон бу ҳужум БМТда қораланишини талаб қилди.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён АҚШ ва бошқа Европа давлатларининг «ҲАМАС» сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилишига жавобан Эрон қарши ҳаракатлар амалга оширмаслик эвазига ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги ваъдалари ёлғон бўлиб чиққанини таъкидлади.

Ливан оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Эрон президенти вазирлар маҳкамаси йиғилишида Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ўлдириб, яна бир бор ҳеч қандай халқаро меъёрларга амал қилмаслигини намойиш этганини қайд этган.

«Тарихий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, қаршилик ҳаракатлари уларнинг етакчилари ўлдирилиши билан тугаб қолмайди. Чунки албатта байроқни кўтариб, йўлни давом эттирувчилар доим топилади»,— деган Пизишкиён.

Эронга оид яна бир хабар: Эронда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали ходимлари ва Яман ҳусийчилари бўлган вертолёт ҳалокатга учраган.

Бу ҳақда эронлик мухолифатчи журналист Маҳёр Тусий ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ёки унинг расмий тасдиғи йўқ.

Вертолёт кучли туман ва ёмон об-ҳаво шароити туфайли қидирув ишлари учун қийин бўлган Дизмар туманининг тоғли ўрмонли ҳудудига қулагани айтилмоқда.

«Вертолёт саҳнида Эроннинг юқори мартабали раҳбарлари ва Эрондаги ҳусийчиларни мувофиқлаштириш бошлиғи Муҳаммад Абдуссалом бўлган», деб хабар бермоқда айрим манбалар.

Эслатиб ўтамиз, бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Исроилнинг Ливанга ҳужуми

«Ҳизбуллоҳ» раҳбарининг ўлдирилиши билан Исроил тинчиб қолгани йўқ. 29 сентябр куни эрталаб Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ливаннинг жануби ва шарқидаги кўплаб аҳоли пунктларига ҳаводан ёпирилма зарбалар беришда давом этган. Шунингдек, пойтахт Байрутнинг Даҳия мавзеси, Сур шаҳри ва яна бир нечта ҳудудларга қарата ўт очилган.

Исроил зарбалари натижасида бинолар вайрон қилинган, ёнғинлар келиб чиққан.

Ливаннинг NNA ахборот агентлиги зарбалар натижасида биргина Сур шаҳрида камида 4 киши ҳалок бўлганини маълум қилмоқда. Шунингдек, Сайда, Баалбек шаҳарларига ҳам бомбалар ёғдирилган.

Ливаннинг бош вазири Нажиб Мийқотийнинг маълум қилишича, Исроил авиазарбалари туфайли ўз турар жойларини ташлаб чиққан ливанликлар сони миллионга яқинлашган. Унинг маълум қилишича, Ливан тарихидаги энг йирик миграция тўлқини кузатилмоқда.

Исроил ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари Яманга ҳам ҳужум қилган. Ҳусийчилар назорати остидаги Ҳудайда ва Рас Иссо шаҳарларида «Ансоруллоҳ» ҳаракатининг ёқилғи, энергетика ва порт инфратузилмаларига зарбалар берилган.

Ҳарбийларнинг хабар қилишларича, ушбу объектлардан Эрондан қурол-яроғ келтириш учун фойдаланилган ва ҳусийчиларнинг энг асосий даромад манбайи бўлиб хизмат қилган.

Ҳусийчилар расмий баёнотда бу зарба жавобсиз қолмаслиги, тез кунларда Исроилга қарши янги операциялар ўтказилиши, жумладан, Тел-Авив ва Ашдодга қарата зарбалар берилишини маълум қилишган.

Фаластиндаги вазият

Исроил томонидан оккупация қилинган Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда ҳибсга олинган фаластинликлар сони 11 мингдан ошди.

Исроил армияси 2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазодаги хунрезликларга қарши чиққан Ғарбий соҳилдаги фаластинликларни таъқиб қилиб, қамоққа олиб келмоқда.

Фаластин озодлик ташкилотининг маҳбуслар ва озод этилганлар ишлари бўйича қўмитаси ва Фаластин маҳбуслари жамиятининг қўшма баёнотида айтилишича, Исроилнинг Ғарбий соҳилда яшаётган фаластинликларнинг уйларига қилаётган рейдлари «мисли кўрилмаган» тарзда давом этмоқда.

Ўтган сутка авомида ўтказилган рейдларда оккупация қилинган Ғарбий соҳилнинг турли шаҳарлари ва қишлоқларида камида 40 нафар фаластинликлар ҳибсга олинган. Уларнинг орасида бир нафар аёл, бир нафар ёш бола ва собиқ маҳбуслар ҳам бор.

Оккупация остидаги Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда 2023 йилнинг 7 октябридан буён 719 нафар фаластинлик Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган. Уларнинг 160 нафари ёш болалар. Ярадорлар сони 6200 дан ошган.

Австриядаги парламент сайловлари

Европанинг яна бир давлатида россияпараст кучлар парламент сайловларида ғолиб чиқмоқда.

Австрияда ултратўнг озодлик партияси — FPÖ сайловларда етакчилик қилмоқда. Дастлабки норасмий маълумотларга кўра, FPÖ сайловчиларнинг 29,1 фоиз овозини жамғариб, биринчи ўринда бормоқда.

Мазкур партия Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишни ёқлаб келади.

ORF телеканали томонидан эълон қилинган экзит полл натижаларига кўра, овозларнинг 40 фоизи санаб чиқилган, сайловда давомат 78,1 фоизни ташкил этган.

FPÖ ултраўнг партияси сайлов санаси эълон қилинганидан буён жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровларда етакчилик қилиб келади.

Ҳукуматнинг асосий ҳамкори ўнг марказчи Австрия халқ партияси 26,3 фоиз овоз тўплаб, иккинчи ўринни, социал демократик партияси эса 20,6 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллаган.

Украинанинг Россияга зарбаси

Украина ҳарбийлари 29 сентябр, якшанбага ўтар кечаси Россия Федерациясининг Волгоград области Котлубан посёлкасида Россия Қуролли кучларининг «ракета ва артиллерия қуролларини сақлаш ва модернизация қилиш арсенали» нишонга олинганини маълум қилди.

ОАВ маълумотларига кўра, 120 та камикадзе-дрон ишлатилган.

«Омбор ҳудудида ракеталарнинг ёниши ва портлаши давом этмоқда», — дея хабар берган Украина Қуролли кучлари Бош штаби ўзининг Telegram-каналида.

Постда таъкидланишича, объект кучли радиоэлектрон кураш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қопламига эга бўлган, бироқ Украина Қуролли кучлари жанговар топшириқни муваффақиятли бажарган.

Операция Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси ва Украина Хавфсизлик хизмати бўлинмалари билан ҳамкорликда ўтказилди, дейилади Бош штаб хабарида. Украина ҳарбийларига кўра, бир кун аввал омборга Эрон ракеталари бўлган поезд келган.

Айрим нашрлар сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратларни таҳлил қилиб, Украина қуролли кучлари Котлубандаги ўқ-дорилар омборига зарба бера олмагани ҳақида хабар берди. Бош ракета ва артиллерия бошқармаси арсенали яқинида ёнғин чиққани, бироқ ёнғин ўқ-дорилар омбори ҳудудига ўтмаганини кўриш мумкин, дея таъкидлайди нашрлар.

Россияда мигрантларга қарши қонунлар

Россия Давлат думаси 1 октябрдан миграция сиёсатини кучайтирадиган бешта қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлайди. Бу ҳақда дума спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram-канали орқали маълум қилди.

Ҳужжатлар билан қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • Россия ҳудудида ноқонуний юрган мигрант жиноят содир этса, уни оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаш;
  • ноқонуний миграцияни ташкил қилишни ўта оғир жиноят деб эътироф этиш;
  • ҳужжатларни қалбакилаштириш ва хорижликларни ёлғондан рўйхатга олиш учун жавобгарликни кучайтириш чораларини жорий этиш;
  • мигрантларга ноқонуний хизматлар таклиф этувчи веб-сайтларни суд рухсатисиз ҳам блоклашни ташкил этиш;
  • «воситачи ташкилотлар»га мигрантлардан имтиҳон олишни тақиқлаш.

Володиннинг қайд этишича, ташаббуслар парламентарийларнинг сайловчилар билан мулоқоти натижасида шакллантирилган. Депутатларнинг аксарияти уларни қўллаб-қувватламоқда.

Россия ҳукумати охирги ойларда Марказий Осиё давлатларидан кириб келаётган мигрантлар оқимига қарши фаол курашмоқда. РФ Давлат думаси баҳорги сессияда Россия фуқаролигини олишни қийинлаштирадиган бир қатор қонунларни қабул қилган эди. Полиция эса мигрантлар яшайдиган жойларда мунтазам рейдлар ўтказиб, фуқароликни олганларни урушга юбормоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Томорқа – ризқ ва даромад манбаи 

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Томорқа – ризқ ва даромад манбаи 

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи