Иқтисодиёт | 15:38 / 10.07.2021
17073
4 дақиқада ўқилади

Маҳаллий бюджет пулларининг бир қисмини қаерга ишлатишни фуқаролар ҳал қилади

Ўзбекистонликлар мактаб, боғча ёки йўл қуриш ва таъмирлаш кабилар учун маҳаллий бюджетдан пул ажратилиши ташаббуси билан чиқиш имкониятига эга бўлди. “Очиқ бюджет” порталида энг кўп овоз олган таклифларга пул ажратилади. Бошқача айтганда, маҳаллий бюджет харажатларидан 5 фоизи ва қўшимча даромадларидан 30 фоизини қаерга ишлатишни фуқароларнинг ўзлари ҳал қилади.

Ўзбекистон Молия вазирлиги янгиланган “Очиқ бюджет” ахборот порталини ишга туширди.

Бу орқали ҳудудлардаги муаммо ва камчиликлар бевосита ҳудуд аҳолисининг талаби билан бартараф этилади.

Фуқаролар “Очиқ бюджет” порталига ўз маҳалла ёки туманидаги муаммони ёзиб жойлаштириши мумкин, энг кўп овоз тўплаган масалаларга маҳаллий бюджет маблағларининг муайян қисми ажратилади.

Молия вазири Тимур Ишметовнинг айтишича, фуқаролар фаоллиги ўз муаммолари ечим топишидаги энг муҳим масаладир.

Тимур Ишметов

“Фуқароларга бу порталда нафақат бюджет маблағлари тўғрисида, балки солиқ, бюджет сиёсати, давлат ташкилотлари ва турли жамғармалар маблағларининг ишлатилиши ҳақида маълумотларни олиш, ўзларини қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш учун бюджет жараёнида қатнашиш орқали тегишли маблағларни талаб қилиш имконияти яратилган.

Биринчи қадам сифатида маҳаллий бюджетлар даромадларининг ҳар чоракда даромадлар режасидан ортиқ бажарилган қисмидан (қўшимча даромад) 10 фоизи фақатгина шу ҳудудда фуқаролар кўтарган масалаларга, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ишлатиш тартиби ишлаб чиқилган.

Бу йил иккинчи қадам қўйилди. Бюджет маблағларини ишлатишда фуқаролар фаоллигини ошириш мақсадида тўғридан тўғри уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берадиган иккита ўзгариш бўлди.

Биринчидан, маҳаллий бюджетларнинг 10 фоиз эмас, бундан буёғига 30 фоизи фуқаролар илгари сурган ташаббусларга ишлатиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга сарфланади.

Шу билан бирга, айрим туманларда қўшимча даромад жудаям кам бўлади. Яъни бунга боғлиқ бўлиб қолмаслик учун маҳаллий бюджет харажатларининг 5 фоиз қисмини фақатгина аҳоли билдирган муаммоларни ҳал қилишга ишлатиш бўйича лойиҳани бошлаш топшириғи берилган. Бу йўналишда ҳар бир вилоятда биттадан туман пилот сифатида танлаб олинган. Қўшимча даромад бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, ажратилган 5 фоизни аҳоли кўтарган масалаларга йўналтиришни таъминлаймиз.

Лойиҳа деганимда, қанақадир катта лойиҳаларни назарда тутмадим. Масалан, кимнингдир туманида бирор боғчани, йўл ёки кўприкни таъмир қилиш зарур бўлиши мумкин. Бу одамлар учун жудаям катта муаммо туғдирадиган, лекин давлат миқёсида тезда ҳал қилса бўладиган нисбатан арзимаган пуллар билан ечим топадиган жараён ҳисобланади.

Лекин асосий муаммо ва камчилигимиз – порталнинг техник имконияти билан эмас, бу аҳоли фаоллигининг пастлиги билан боғлиқ. Одамлар “Очиқ бюджет” портали орқали фаолроқ бўлишса, порталдан тўғри фойдаланилса, муаммоларни биргалашиб ҳал қилсак бўлади”, – деди вазир 9 июл кунги тақдимотда.

Маълум қилинишича, ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий муаммони ечиш учун таклиф бериш истагидаги шахслар “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтади. Билдирилган таклифлар порталга жойлаштирилади. Кейин бир неча босқичда овоз бериш жараёни ўтказилади.

Лойиҳалар тасдиқланса, молиялаштирилади. Молия вазирлиги департамент директори Шерзод Муҳаммедовга кўра, айни пайтда фуқаролар “Очиқ бюджет” порталига шу йилнинг 1 августигача ўз ҳудудидаги муаммоларни ёзишлари мумкин.

Шерзод Муҳаммедов

“2020 йилда республикадаги барча туман ва шаҳарларда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағларидан (10 фоиз) 70 млрд сўмдан ортиқ маблағ мазкур лойиҳаларга йўналтирилди. Бунинг учун 150 мингдан ортиқ фуқаролар томонидан таклиф ва овозлар келиб тушган. Жорий йилда эса мазкур йўналишга 157 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган.

1 июлдан 1 августгача фуқаролар лойиҳаларни таклиф этишлари мумкин. Улар 10 иш кунида саралаб олинади. 20 кун давомида, яъни 1 сентябрга қадар ушбу лойиҳалар овозга қўйилади. Сўнгра туман ва шаҳар халқ депутатлари қарорларига мувофиқ, ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш ишлари бошланади”, – деди вазирлик вакили.

Таъкидланишича, порталга ҳар йили 10 февралга қадар ўтган йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан ҳисобот жойлаштириб борилади.

Мавзуга оид