Иқтисодиёт | 17:50 / 22.06.2024
4703
11 дақиқада ўқилади

Банкларнинг рискларини камайтиради: Миллий клиринг маркази қандай ишлайди?

2023 йилдан бошлаб Ўзбекистонда илк бор Миллий клиринг маркази ишлай бошлади. У тижорат банкларининг валюта операцияларини осонлаштириш, уларнинг рискларини камайтиришга ёрдам беради. Ҳисоб-клиринг палатаси бошлиғи Саида Ёқубова Kun.uz'га берган интервюсида бу институт молия секторида қандай аҳамиятга эгалиги, унинг асосий функциялари қандай эканини тушунтириб берди.

Саида Ёқубова

Ўзбекистонда 2023 йилдан миллий клиринг маркази иш бошлаган эди. Президентининг 291-сон қарорига асосан, клиринг марказининг вазифа ва функциялари ҳам белгиланди. Қарийб бир йилдан бери фаолият юритаётган клиринг маркази тижорат банкларига валюта операцияларини осонлаштириш ва уларнинг валюта рискларини камайтиришда кўмаклашмоқда.

Хўш, бу институт қандай ишлайди? Валюта биржаси Ҳисоб-клиринг палатаси бошлиғи Саида Ёқубова Kun.uz'га берган интервюсида бу ҳақда батафсил маълумот берди.

Биржа ҳақида қисқача

— Аввало, биржа инфратузилмаси ҳақида тўхталсам. Биржа бу олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи ташкилотдир. Яъни турли активлар, қимматли қоғозлар, валюталар, деривативлар ва бошқа инструментлар бўйича олди-сотди операцияларини ташкиллаштириш, барча савдо қатнашчиларига тенг ва шаффоф шароитлар яратиш, қулай савдо тизимини тақдим этиш ҳамда тузилган биржа битимлари бажарилишини таъминлаш унинг асосий функциялари ҳисобланади.

Хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллардан буён республика валюта биржасида турли хорижий валюталар (АҚШ доллари, евро, хитой юани ва Россия рубли), валютавий своп операциялари, давлат қимматли қоғозлари ҳамда деривативлар бўйича биржа савдолари ташкил этиб келинади.

Бундан ташқари, бизнинг биржада банклараро пул бозори, Марказий банкнинг депозит ва кредит ауционлари ташкил этилган ҳамда REPO операциялари ҳам амалга оширилади.

“Клиринг қилиш орқали банкларнинг транзакцияларини камайтирамиз, ишини осонлаштирамиз”

— “Миллий клиринг маркази” АЖ марказлашган клирингни амалга ошириб, Марказий контрагент функциясини бажаради ҳамда ҳисоб-китоб банки сифатида фаолият юритади.

Ҳар битта функцияни оддий тилда тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

Клирингни амалга ошириш функцияси

Клиринг (clearing – инглиз тилидан “тозалаш”) амалга ошириш дейилганда тузилган битимлар бўйича клиринг қатнашчиларининг ўзаро талаб-мажбуриятларини аниқлаш ҳамда ҳисобга олиш тушунилади.

Валюта биржаси савдоларида тузилган битимларга оид маълумотлар ҳисоб-клиринг тизимига келиб тушади. Клиринг қилиш орқали клиринг қатнашчиларининг ўзаро мажбуриятлари белгиланади, аниқлаштирилади ҳамда ҳисобга олинади.

Келинг, оддийроқ қилиб, биржада тузилган 2 та битим мисолида тушунтириб ўтаман. Дейлик, Сиз 100 000 АҚШ долларини 12 000 сўмдан сотдингиз ва 100 000 еврони 13 000 сўмдан харид қилдингиз.

Демак, биринчи битим бўйича сизда АҚШ долларини сотганингиз учун мажбуриятингиз (сиз бизга ўтказиб беришингиз керак бўлган пул маблағлари) 100 минг АҚШ долларини, талабингиз (биз сизга ўтказиб беришимиз керак бўлган пул маблағлари) эса 1 млрд 200 млн сўмни ташкил этади.

Иккинчи битим бўйича сизда евро харид қилганингиз учун мажбуриятингиз 1 млрд 300 млн сўмни, талабингиз эса 100 000 еврони ташкил қилади. Клиринг (неттинг усулида) қилишимиз, яъни жами талаб ва мажбуриятларни ҳисоблаб чиқиб, ўзаро ҳисобга олишимиз натижасида сизнинг иккита битим бўйича мажбуриятингиз 100 млн сўмни (биринчи битим бўйича талаб (1 млрд 200 млн сўм) ва иккинчи битим бўйича мажбурият (1 млрд 300 млн сўм, ўртасидаги фарқ), 100 000 АҚШ долларини ҳамда талабингиз 100 000 еврони ташкил қилади.

Агар сиз Марказий контрагент (миллий клиринг маркази) билан эмас, банк билан тўғридан тўғри ўзаро битим тузсангиз, ҳисоб-китоблар ҳар бир битим бўйича алоҳида амалга оширилади. Биринчи босқичда 100 минг АҚШ долларини унга ўтказиб берасиз, ўз навбатида у банк сизга 1 млрд 200 млн сўм ўтказиб беради, иккинчи тузган битимингиз бўйича сиз банкка 1 млрд 300 млн сўм ўтказиб берасиз ва банк сизга 100 000 еврони ўтказиб беради.

Бугунги кунда клиринг сессиялари ҳар бир бозорда турли вақтларда ўтказилади, биз ҳар бир активга нисбатан мажбуриятлар ва талабларни ҳисоблаб чиқамиз, уларни аниқлаштирамиз ва улар бўйича тегишли ҳисоботларни тақдим қиламиз. Ҳисоботларда валюта биржаси ҳамда савдо қатнашчиларининг талаб ва мажбуриятлари кўрсатилган бўлади. Ушбу жараёнлар “клиринг” деб номланади.

Ҳисоботда кўрсатилган пул маблағларини тегишли банклар томонидан бизнинг ҳисобрақамимизга ўтказиб берилиши ва бизнинг мажбуриятлар бўйича маблағларни банкларга ўтказиб беришимиз жараёни “ҳисоб-китоблар” деб номланади.

Бу нимага керак? Масалан, сиз тижорат банкисиз ва бошқа тижорат банклари билан валюта олди-сотди қилсангиз, пул маблағларини ҳар бир битим бўйича банк ҳисобварақларига ўтказишингиз лозим бўлади. Клиринг натижасида эса, бир нечта операциялар бўйича бир марта пул маблағларини ўтказиб бериш имконияти яратилади. Натижада, пул маблағларини ўтказишга кетган вақт ва харажатлар тежалади. Бу орқали биз банкларининг ишини осонлаштирамиз.

Марказий контрагент функцияси: банклар рискларини камайтириш

Ривожланган бозорлар учун марказий контрагент мавжудлиги стандарт ҳолат ҳисобланади, бизда эса бугунги кунда унинг фаолияти валютавий спот ва деривативлар бозорида жорий қилинган.

Марказий контрагент молия бозорида тузилган ҳар бир битимлар бўйича харидор учун сотувчи ва сотувчи учун харидор вазифасини бажаради. Унинг асосий мақсади – битимлар бўйича мажбуриятларни бажармаслик хавфи, яъни кредит рискини камайтириш, юзага келадиган дефолт ҳолатларини бошқариш орқали тузилган битимлар бажарилишини кафолатлаш ҳамда неттинг орқали савдо қатнашчиларининг транзакцион харажатларини камайтиришдан иборат.

Марказий контрагент функциясини бажарадиган ташкилот рискларни бошқаришни ўз зиммасига олгани сабабли мазкур ташкилот ўз маблағлари ҳисобига захира фондини, клиринг қатнашчилари ҳисобидан кафолат фондини шакллантириши керак бўлади.

Рискларни бошқаришнинг биринчи элементи бу – маржинал таъминотдир. Содда қилиб айтадиган бўлсак, бирор бир активни сотиш ёки харид қилиш бўйича буюртма бериш учун буюртма ҳажмининг тахминан 3-10 фоиз миқдорида таъминот киритиш керак бўлади. Мазкур таъминот активнинг бозор қиймати ошиши хавфидан ҳимоя қилади. Агар активнинг бозор қиймати 10 фоиздан ҳам ошиб кетиш ҳолатлари кузатилса, марказий контрагент кафолат фондларидан фойдаланиш орқали дефолтни бошқаради. Кафолат фонди маблағлари етмаган ҳолларда зарар захира фонди маблағлари ҳисобига қопланади. Шунингдек, марказий контрагент дефолтга йўл қўйган савдо иштирокчилари номидан бир кунлик валютавий своп ва REPO битимларини тузиш орқали дефолтни бошқариши мумкин.

Мисол учун, “А” ва “Б” банки ўзаро марказий контрагентсиз битим тузди. Битим тузишдан аввал “А” банки “Б” банкининг тўлов қобилиятини текшириши, мазкур банкка лимит ўрнатиши, бир сўз билан айтганда бир-бирининг фаолиятини доимий ўрганиб бориши керак бўлади. Шунингек, битим тузадиган томонларда доимо битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслик хавфи ва хавотири мавжуд бўлади. Мажбуриятлар бажарилмасдан қолган тақдирда томонлар ўзлари кутган фойдани олиш эҳтимоли йўқолади. Бундай ҳолатлар кўпайган тақдирда банкларнинг бир-бирига бўлган ишончи йўқолади.

Агар ушбу жараёнда марказий контрагент иштирок этадиган бўлса, унда “А” ва “Б” банк бир-бири билан тўғридан тўғри битим тузмайди, яъни битим марказий контрагент орқали тузилади. Бунда, сиз бирор бир актив харид қилсангиз, марказий контрагентдан харид қиласиз, бирор бир актив сотсангиз марказий контрагентга сотган бўласиз.

Марказий контрагент биржа битимларининг бажарилишини кафолатлагани сабабли томонлар пул маблағлари етказиб берилиши тўғрисидаги ташвишлардан холи бўлади.

Масалан, мен марказий контрагентман. Мен билан битим тузиб, пул маблағингизни менга ўтказиб берганингизда, иккинчи томон эса пул маблағларини ўтказиб бермаган тақдирда ҳам, мен қоидаларда белгиланган тартибда дефолт ҳолатларини бошқариш тартиботи орқали сизга керакли активларнинг етказилишини таъминлаб бераман.

Бундан ташқари, иккинчи томон мажбуриятларини бажарадими-йўқми, сиз буни сезмайсиз ҳам. Сизга активларингизни етказиб бермай, мажбуриятини бажармаган ва дефолт ҳолатига йўл қўйган савдо иштирокчиларига нисбатан тегишли чораларни ўзим кўраман. Мисол учун, биринчи босқичда унга санкциялар қўллайман ёки бундан кейинги биржа битимларида активларни олдиндан депонентлаган ҳолда иштирок этиш талабини қўяман.

2022 йил охиридан ҳозирги кунга қадар валютавий спот бозорида жами 9 та дефолт ҳолати юзага келган бўлиб, уларнинг умумий ҳажми эквивалентда 28,6 млн АҚШ долларини ташкил этди, мазкур дефолт ҳолатлари банк провайдерлар иштирокида валютавий своп битимларини тузиш орқали бартараф этилган.

“Давлат қимматли қоғозлари бозорида янги клиринг моделини жорий қилмоқчимиз”

— Юқорида айтиб ўтганимдек, валютавий спот бозорида марказий контрагент фаолиятини йўлга қўйганмиз. Мазкур бозорда савдолар “Т+1” ҳисоб-китоб режимида ўтказилади. Яъни тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китоблар кейинги иш кунида амалга оширилади. Валюта бозоримизда битимлар пул маблағларини олдиндан депонентламаган ҳолда тузилади.

Бундан ташқари, бугунги кунда биз ДҚҚ (давлат қимматли қоғозлари) бозорида тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни “Т+2” режимида жорий қилиш ҳамда қимматли қоғозлар ва пул маблағларини олдиндан депонентга қўйиш талабларини бекор қилиш орқали янги клиринг моделини жорий қилишни назарда тутувчи қоидалар ишлаб чиқмоқдамиз. Ушбу қоидалар жорий йилнинг июл ойидан бошлаб кучга кириши кўзда тутилган.

Бу ўз навбатида, молия бозорининг жозибадорлиги, шаффофлиги ошишига, жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш орқали хорижий инвесторларни жалб қилишга ҳамда уларга янада қулай шароитлар яратилишига ўз ҳиссасини қўшади.

Мисол учун, ДҚҚни сотиб олиш учун ҳисобингизда пулингиз бўлиши керак. Аммо инвестор буюртма бергандан кейин битим тузиладими-йўқми билмайди. Хорижий инвесторлар “Т+” ҳисоб-китоб режимида битим тузилмасидан валютадаги маблағларини конвертация қилиб, пулини ўтказиб беради. Битим тузилган тақдирда ҳисоб-китобларни амалга ошириш лозим бўлади. Тузилган битимлар бўйича неттинг асосида клиринг амалга оширилади ҳамда барчаси жамланиб ҳисобот шакллантирилади. Ҳисоботда кўрсатилган пул маблағларини эса икки иш кунидан кейин ўтказиб беришади.

Миллий клиринг маркази мамлакатимиз молия бозорида ягона клиринг фаолиятини амалга ошириш орқали, молия тизимининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид