Ўзбекистон | 11:15 / 24.01.2020
50398
2 дақиқада ўқилади

ОТМларда давлат грантлари икки баробарга кўпайтирилади, қизлар учун алоҳида грант ўринлари ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилни «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилди.

Давлат раҳбари, шунингдек, олий ўқув юртларида давлат грантлари икки баробарга кўпайтирилишини маълум қилди.

«Қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади», – дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Президентга кўра, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга, келгусида эса 50-60 фоизга етказилади. ОТМларга молиявий ва академик мустақиллик берилади.

Шу билан бирга, олий таълимда мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилади. Маълумот учун, ҳозирда ўқув режалари ва дастурларида ихтисосликка хос бўлмаган фанлар улуши 18 фоизга тенг.

Қўшимча қилинишича, 2019 йилда ОТМларга жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинган. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси 2019/2020 ўқув йилида 20 фоиз, 2018/2019 ўқув йилида 15 фоизни ташкил этди.

Қайд этиш жоиз, ҳозир Ўзбекистонда 117та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда, улардан 19таси 2019 йилда очилди.

ОТМларда белгиланган ҳозирги жами грантларнинг улуши 146 минг ўқув жойидан 22,3 мингни (15 фоизни ташкил этади). Ушбу рақамни икки баробар кўпайтиришни 3 йилда амалга ошириш режалаштирилган.

Мавзуга оид