Таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга ажратилади
«Олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан олий ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш учун таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратилади.
Шунингдек, таълим кредити:
- олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун тўлов-контракт суммаси миқдорида;
- олий таълим ташкилотларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи 3 баҳодан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади.
Бундан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзандлари мустасно.
Бунда таълим кредити:
- ОТМ талабалари учун – талабалар тўғрисидаги маълумотлар «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш» (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими ва «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (HEMIS) ахборот тизимида мавжуд бўлганда;
- профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун – ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар «Профессионал таълим жараёнларини бошқариш» (prof.edu.uz) ахборот тизимида мавжуд бўлганда ажратилади.
2024/2025 ўқув йили бошлангунгача таълим кредити олиш учун аризаларни «Таълим кредити» ахборот тизими (talim-krediti.mf.uz) ва ЯИДХП (my.gov.uz) орқали топшириш имконияти яратилади.