Ўзбекистон | 18:38 / 02.09.2024
31763
2 дақиқада ўқилади

«Супер контракт» учун шартнома бериш бошланди

Ариза қабул қилиш ва шартнома бериш жараёни онлайн тарзда ташкил қилинган.

Таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси баёни билан 2024/2025 ўқув йили қабулида тўплаган баллари тасдиқланган қабул параметрлари чегарасига 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун 2 сентябрдан табақалаштирилган тўлов-контракт («Супер контракт») учун ариза қабул қилиш ва шартнома бериш бошланди.

Шартнома учун аризалар kontrakt.edu.uz сайти орқали онлайн шакллантирилади.

Аввалроқ, табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига нисбатан қуйидаги миқдорда белгиланган эди:

- 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;

- 1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;

- 2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;

- 3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.

Бунда ушбу тоифадаги абитуриентлар учун тўлов-контрактнинг минимал миқдорларини ҳисоблашда олий таълим муассасаларида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган (стипендиясиз) базавий тўлов-контракт бўйича ўқитиш қиймати қўлланилади.

Молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларида эса, 2024/2025-ўқув йили қабули учун бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўзлари белгилаган (стипендиясиз) тўлов-контракт миқдорларига нисбатан юқоридаги баробарлар ҳисобланади.

Мавзуга оид