Ўзбекистон | 11:55 / 04.04.2024
18691
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирининг икки ўринбосари лавозимини тарк этди

Комилжон Каримов ва Шаҳлохон Турдиқулова бошқа ишга ўтказилган.

Комилжон Каримов олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимини тарк этди.

Комилжон Каримов / Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Kun.uz манбасига кўра, у Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ректори лавозимига қайтган.

Комилжон Каримов кўп йиллар давомида Ўзбекистон ТИВ тизимида фаолият юритган, 2015–2020 йилларда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ректори сифатида фаолият кўрсатган, 2020–2021 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида ишлаган, 2021 йил июнида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари (2023 йил январидан олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари) этиб тайинланганди.

У янги лавозимда Баҳром Мирқосимовни алмаштирди, Мирқосимов 2020 йил сентябридан буён Халқаро Вестминстер университетига ректорлик қилаётганди.

Шунингдек, Шаҳло Турдиқулова ҳам олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари лавозимидан кетган.

Шаҳлохон Турдиқулова / Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

У Фанлар академиясининг вице-президенти лавозимида иш бошлайди.

Шаҳло Турдикулова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти лавозимини эгаллаган биринчи аёл бўлди.

Шаҳлохон Турдиқулова 2018–2020 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори бўлган, 2020 йил октябридан 2021 йил апрелига қадар Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари, 2021 йил апрелидан 2023 йил январига қадар вазир ўринбосари бўлган, 2023 йил январидан буён олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид