Жаҳон | 18:19 / 03.06.2024
6305
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан олиб ташлади 

Бу Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш зарурати билан изоҳланди. 

Фото: Gulabuddin Amiri/AP

Қозоғистон Афғонистоннинг ҳукмрон «Толибон» ҳаракатини террорчилар рўйхатидан олиб ташлади. 

Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бу Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қилинганини айтди. 

«Қозоғистон ҳозирги Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ҳамда бу режим узоқ муддатли омил эканлигини англаган ҳолда «Толибон» режимини террорчилар рўйхатидан олиб ташлади», деди Тўқаев. 

Қозоғистон раҳбарининг фикрича, ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб этишдан иборат. 

Қозоғистон Олий суди 2005 йилда «Толибон» ҳаракатини террорчи деб тан олган ва унинг республика ҳудудидаги фаолияти тақиқланган эди. Расмийлар 2023 йил охирида «Толибон» режимини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилди. 

Афғонистонда уч йил аввал ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» бошқа мамлакатларда, жумладан, Қирғизистон, Россия ва Тожикистонда ҳам тақиқланган.

Мавзуга оид