Ўзбекистон | 12:50 / 30.09.2024
1926
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ўзбек этномаданий бирлашмалари уюшмаси раиси «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида "Ўзбек этносининг тили, маданияти ва анъаналари куни"га бағишланган фестиваль бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Фестивалнинг расмий қисми доирасида давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, Қозоғистон Республикаси ўзбек этник-маданий бирлашмалари уюшмаси раиси Икром Ҳошимжонов «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Фармонда унинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва янги босқичга кўтаришга, унинг устувор йўналишлар бўйича алоқаларни бойитиш, кенгайтириш, ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслари, қўшма лойиҳаларни фаол илгари суриш, шунингдек, мамлакатлар халқларининг кўп асрлик дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашда улкан хизматлари борлиги таъкидланган.

Орденни Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Иброҳимов топширди.

Тадбирда сўзланган нутқларда Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг "бизнинг умумий тарихимиз-бизнинг умумий келажагимиз", деган сўзлари алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сиёсий иродаси туфайли минтақада мамлакатлар ўртасида ишонч ва дўстлик, ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари муҳити яратилгани таъкидланди.

Қозоғистон этник ўзбекларининг «Дўстлик» жамияти томонидан ташкил этилган расмий маросимда Қозоғистонда ўзбек тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини тарғиб қилиш муҳимлиги таъкидланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканлигини яна бир бор эътироф этдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид