Ўзбекистон | 10:09 / 16.03.2023
10130
8 дақиқада ўқилади

Ҳаво, озиқ-овқат ва ҳашаротларга аллергия: буни олдиндан билса бўладими?

Экологик муаммолар сабаб тобора кўпроқ кишиларда аллергия хуруж қилиб қоляпти. Баҳор ва куз ойларида эса мавсумий аллергиялар бошланади. Бундан ташқари, турли ҳашарот ва озиқ–овқат маҳсулотлари ҳам инсон иммун тизимида ўта тўлқинли реакция келтириб чиқариши мумкин.

Фото: Shutterstock

Аллергияни олдиндан билса бўладими?

Ҳозиргача дунёда бирор тиббиётда аллергияни олдиндан айтиб бериш усули йўқ. У исталган нарсага нисбатан пайдо бўлиши мумкин. Масалан, овқатлар, ўсимлик чанги, уй ҳайвонларининг сўлаги ва юнги, ҳашаротлар чақиши, уй чанги ва моғори, маиший техника, косметика воситалари, латекс — буларнинг исталган бири инсон иммун тизимида ўта тўлқинли реакция келтириб чиқаради. Аллергия ҳар қандай инсонда пайдо бўлиши мумкин. Олимлар айнан қайси механизмлар иммунитетда ушбу сирли кўринишдаги носозликлар келтириб чиқаришини ҳануз аниқлаганлари йўқ. Бу шуни англатадики, дунёда аллергиядан тўлиқ ҳимояланган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳозир баҳор ойи бўлгани сабаб дарахтлар гуллаши, ўсимликлардан ажраладиган чанг зарралари иммун тизими заифлашган кишиларда аллергияга мойилликни юзага келтириши мумкин.

Баҳорий аллергия белгилари

Баҳор ойида аллергиянинг пайдо бўлиши ва белгилари ҳақида Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Розиқова маълумот берди.

Шифокорга кўра, мавсумий аллергия асосан 20 микрометрдан 50 микрометргача бўлган ўсимлик чангчалари туфайли пайдо бўлади ва тиббиётда поллиноз деб аталади. У асосан бурун шиллиқ пардалари, юқори нафас йўллари ҳамда кўз конюнктивасига таъсир кўрсатади.

Бу турдаги хасталикни уч даврга бўлиш мумкин.

  • Илк босқич март ойи бошидан май ойи ўртасигача давом этади. Яъни дарахтлар гуллаган пайтда беморларда хасталик қўзғалади.
  • Иккинчи босқич май ойидан июл охири ва август бошигача кузатилади. Бу мавсумда дала ўтлари гуллайди.
  • Учинчи босқич бошоқли ўсимликлар гулга кириши билан боғлиқ бўлиб, у август ойидан ноябргача бўлган даврни ўз ичига олади.

Аслида инсон аллерген билан тўқнашганда, аллергик реакция дарҳол юзага келмайди. Иммун тизими аста-секин моддага нисбатан сезгирликни оширади. Вақт ўтиб, тана ўзига хос юқори реакцияга эга бўлиб, бу жараён сенсибилизация деб аталади.

Баҳорги аллергия кўпинча аксириш, буруннинг битиши, қичишиши ёки кўп миқдорда оқиши, кўзларнинг шишиши, ёшланиши ва баъзан йўтал билан намоён бўлади. Шунингдек, тери кўчиши, қичишиш, қуруқлашиш, қизариш ва ундаги қизғиш тошмалар ҳам аллергияга оид белгилардир.

Тухум, балиқ ва соя

Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 1,1 фоизидан 10,8 фоизигача бўлган қисмида овқатга аллергия кузатилади. Маҳсулотлар орасида эса фақат туз ва шакаргина аллергия қўзғатмайди. Қолган ҳар қандай маҳсулот маълум даражада аллергияга сабаб бўлиши мумкин.

Шифокор Розиқова товуқ тухуми кенг тарқалган аллергенлар эканини айтади. У болаларда учрайдиган озиқ-овқат аллергиясининг сабабчиларидан бири ҳисобланади. Чунки унинг таркибида протеинлар, сув, ёғ ва оқсиллар мавжуд.

  • Баъзилар тухум оқини бемалол истеъмол қилади-ю, сариғини кўтара олмайди ёки аксинча. Бундай кишиларда бошқа парранда тухумлари ҳам бир хил реакция пайдо қилади. Тухумга аллергияси бор кишиларнинг аксариятида товуқ катаги ёки парранда фермаси ҳидига аллергия ҳолати кузатилади.
  •  Балиқ — кучли антиген. Бу маҳсулотга аллергияси бор кишилар ҳаётига уни тайёрлаш жараёнида тараладиган ҳид ҳам хавф туғдириши эҳтимоли бор.
  • Буғдой ва соя ҳам баъзида аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Масалан, дуккакли ўсимликлардан олинадиган соя маҳсулотига аллергияси бор беморларда кўпинча сигир сутига ҳам аллергик реакция кузатилади.
  • Цитрус мевалар, қулупнай, ертут, ёнғоқлар айниқса ерёнғоқ кўпроқ аллергия қўзғайди. Ёнғоққа аллергияси бўлганларнинг аксарияти эса ушбу мева дарахти чангига ҳам таъсирчан бўлади.
  • Шоколад, какао, жавдар, жўхори, гуруч, арпа каби маҳсулотлар эса кучсиз антиген хусусиятга эга бўлиб, жиддий асоратларни келтириб чиқармайди.

Озиқ-овқат аллергиясининг намоён бўлиши

Розиқованинг маълумот беришича, овқатга аллергия одатда таомлангандан бир неча дақиқадан икки соатгача ривожланади. Симптомлар беморнинг ёши ва иммунитети ҳолатига боғлиқ. Асосий аломатлар эса терида тошма, қичишиш, шиш ёки аксириш билан намоён бўлади.

Оғиз бўшлиғида эса шиллиқ парданинг шишиши, аллергик ринит, яъни бурун битиши, аксириш ва бурундан сув келиши, йўтал, нафас қисиши, кўзларнинг ёшланиши ва қизариши, кўнгил айниши кузатилиши мумкин. Баъзан бу турдаги аллергия белгиларига кўнгил айниши ва қайт қилиш, ич кетиши, қорин соҳасидаги оғриқлар ҳам хос.

Аллергия маҳали одатда тошма — эшакеми кўринишида пайдо бўлиб, қаттиқ ўзакли қизил тусли тошма, шиш ва қичишиш билан кечади.

Эмизикли болаларда овқат аллергияси атопик дерматит сабаб қатор қўшимча аломатларга эга. Масалан, тери қуришқоқлиги, боланинг анал соҳасида эмизгандан кейин кучаядиган қизариш шулар сирасидан.

Баъзи одамларда озиқ-овқат аллергияси жиддий аломатлар — бронхиал обструкция, кўкрак қафасидаги сиқилиш, нафас олишнинг қийинлашиши, қон босимининг кескин пасайиши, бош айланиши ёки ҳушни йўқотиш каби ҳаёт учун хавфли аломатлар билан кечиши мумкин.

“Умуман, аллергиянинг табиий даво усули, аввало, тўғри овқатланишдир. Бемор аллерген чақирувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан тийилиши ва воз кечиши лозим”, – дейди шифокор Илмира Розиқова.

Ҳашаротларга аллергия

Киши организмига сувараклар, гижжалар тушганда ва чумолилар чаққан пайтларда ҳам аллергик реакциялар кузатилади.

  • Аллергик реакциялар кўпинча сариқ чумолилар чақишидан юзага келади: битта чумоли чаққанда қаварчиқлар ва ангионевротик шиш пайдо бўлади. Улар тез содир боладиган, секин-аста содир бўладиган ва кечки реакциялар типида ривожланиши мумкин. Бир неча чумолининг бирданига чақиши бронхиал астма хуружи ва ҳатто анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин.
  • Қон сўрувчи ҳашаротлар (чивинлар, каналар, бургалар) чаққанда киши организмига ҳашарот сўлаги тушади. Унинг таркибида эса заҳарли моддалар билан бир қаторда аллергик реакцияларни келтириб чиқарувчи моддалар ҳам бор.
  • Уй пашшалари ҳам Е иммуноглобулини билан боғлиқ аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин.
  • Суваракларга нисбатан аллергик реакциялар кўпинча аллергик дерматозлар, қаварчиқлар, ринитлар, бронхиал астма кўринишида юзага келади. Суварак аллергенлари уй чангида бўлиши ва нафас йўлларининг аллергик касалликлари ривожланишига туртки бўлади. 
  • Аллергенларнинг манбаи бу — нобуд бўлган сувараклар тана қисмлари, сўлаги, ахлати бўлиши ҳам мумкин.

Аллергия учун тест

Ҳар қандай аллергия турида аллерголог мутахассисга мурожаат қилиш лозим. Чунки ўзбошимчалик билан даволаниш аллергияни кучайтириши ёки бошқа касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Розиқова беморда кузатилаётган симптомлар аллергия белгиси эканлигини махсус қон таҳлили ёрдамида аниқлаш лозимлигини айтади. Бундай тестлардан бири – IgE тести ҳисобланади.Ўз навбатида, унинг умумий ва махсус турлари мавжуд. Масалан, умумий IgE беморда аллергия бор ёки йўқлигини кўрсатса, махсус IgE тести орқали айнан нималарга аллергия мавжудлигини аниқласа бўлади.

“Бундай текширув учун ҳозир марказимизда юқори тезликка эга ва бир вақтнинг ўзида 200дан ортиқ турдаги аллергенларни аниқлай оладиган автомат иммунофермент анализатори — “Alisei” қурилмасидан фойдаланилмоқда”, – дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори.

Таҳлил жавоблари чиққач, натижаларга кўра, муолажалар белгиланади. Умуман, аллергик касалликлар профилактикаси ва уларни даволашда рационал овқатланиш тартиби, соғлом турмуш тарзига риоя этиш муҳим. Иммунитетни мустаҳкамлаш эса аллергия хуружидан ҳимояланишнинг энг самарали усулидир.

Мавзуга оид