Фан-техника | 18:14 / 23.11.2024
1903
2 дақиқада ўқилади

Иқлим ўзгариши чангга аллергияси бор одамлар сонини оширмоқда

Ўсимликлар ишлаб чиқарадиган чанг миқдори 1980 йиллардан бери сезиларли даражада кўпайди: ўт-ўланлар чанги 19 фоизга, қайин чанглари эса 35 фоизга ошди.

Фото: Global Look Press/Arco Images GmbH/C. Heusler

Глобал иқлим ўзгариши Данияда гуллаш мавсумининг давомийлигини узайтирди, юқори ҳарорат ва нам ҳаво эса одамлар орасида чангга аллергияни кучайтирди.

Бу қисман атмосферада карбонат ангидрид даражасининг юқорилиги билан боғлиқ, чунки карбонат ўсимликларда фотосинтез жараёнини тезлаштириши ва кучайтириши, шунингдек, чанг ишлаб чиқаришни ошириши мумкин. Бу ҳақда Atmosphere илмий журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларида айтилган.

Олимларнинг тушунтиришича, чанг зарралари ҳавони ифлослантирувчи моддалар билан ўзаро реакцияга киришади ва момақалдироқ ҳамда бошқа экстремал ҳодисалар таъсирига учрайди, бу эса аллергик ринит ва астма каби нафас йўли касалликларини кучайтиради.

“Чанг мавсуми қандай кечаётганини доимий кузатиб боряпмиз”, — деди Statens Serum Ins компаниясининг эпидемиологик тайёргарлик бўйича функционал директори Тайра Гроув Крауз. “Германияда шимолга силжиган чанг бўронларини ҳам кузатишни бошладик”.

Иқлим исиши юқумли ва вирусли касалликларнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда.

“Илиқ ва нам ҳаво чивинлар ва каналар учун қулай шароит яратади, улар эса одамларни турли хил экзотик вируслар билан зарарлаши мумкин”, — деб таъкидлади Крауз.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, иссиқлик тўлқинлари ва сув тошқинлари каби нохуш об-ҳаво ҳодисалари ортиши кўплаб ўлим ҳолатларига олиб келмоқда. Сув тошқинлари туфайли одамлар ифлосланган сув таъсирига учраши мумкин, бу эса кенг кўламли инфекцияларнинг юқишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид