19:03 / 02.05.2024
14156

Фронтдаги кекса кўнгиллилар ва Москвада ҳарбий ўлжалар кўргазмаси. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 798-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россиялик ҳарбийлар Одесса шаҳри марказига баллистик ракеталар билан зарба берди. Уч киши ҳалок бўлган. РФ мудофаа вазирлиги Украина ҚК «Жануб» оператив қўмондонлиги штаби нишонга олинганини маълум қилган.
  • Рязан нефтни қайта ишлаш заводига бир ой давомида иккинчи бор пилотсиз учиш қурилмаси ҳужум қилди. Украин нашрлари манбаси бу зарба Бош разведка бошқармаси амалиёти бўлганини хабар қилган.
  • Сергей Шойгу «юриш суръатини зарур даражада сақлаб қолиш учун» қурол ва ҳарбий техникалар етказиб бериш ҳажмини оширишни талаб қилди.
  • Германияда сўл радикал фаоллар Украинага қурол етказиб бергани учун Rheinmetall концерни раҳбарининг дала ҳовлисига ўт қўйишди.
  • Украина ҚК ҳаво кучлари спикери Иля Евлашнинг маълум қилишича, Украинада илк F-16 қирувчилари Пасхадан кейин (2024 йилда 5 май куни нишонланади) пайдо бўлиши мумкин.

Кун кадри. Золочев ўққа тутилиши

Россия қўшини 1 май куни Харкив областидаги Золочев қишлоғига бошқарилувчи авиабомбалар ташлашган. Област маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлган — 64 ёшли эркак ва 38 ёшли аёл, улар бўлган автомобил ёнида бомба портлаган. 13 киши жароҳатланган, маъмурий бино, банк бўлинмаси, хусусий уйлар ва 20 дан ортиқ автомобиллар шикастланган.

Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA

Харкив ўққа тутилиши оқибатлари

29 апрел куни Россия авиацияси Харкивга бир нечта бошқарилувчи авиабомбалар ташлаган, деб хабар қилган маҳаллий расмийлар. Бундан ташқари, камида бешта бомба Харкив районидаги аҳоли яшаш пунктига тушган. Бомбардировка оқибатида камида битта уй қисман шикастланган. Харкив области раҳбари Олег Синегубовнинг аниқлик киритишича, ўққа тутиш оқибатида 42 ёшли эркак жароҳатланган. Шифокорлар унинг ҳолатини ўрта оғирликда деб бьаҳолашган.

30 апрел кун авиазарбалар такрорланди — Синегубовнинг хабарига кўра, бу сафар 24 ёшли эркак ҳалок бўлиб, яна тўққиз киши жароҳат олди. Зарбалар 1 май куни ҳам давом эттирилган, 26 ёшли эркак ҳалок бўлган, кўплаб кишилар яраланган. Зарба оқибатлари бўйича маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Харкивлик киши Россия авиация зарбаси берилган жойни кўздан кечирмоқда
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Бошқарилувчи авиабомбалардан бири тушган жойдаги украин полициячилари
Anadolu / ddp / Vida Press

«Дашт бўрилари» бўлинмасидаги кўнгиллилар қўлбола баравар ўт очиш тизимларини ясамоқда

Кўнгиллиларнинг «Дашт бўрилари» бўлинмаси расман Украина қуролли кучлари таркибига кирмайди, аммо унинг аъзолари Россия босқинига қарши курашишда ўз ҳиссасини қўшмоқда. Reuters агентлиги ёзишича, бўлинма асосан ёши 60 дан ўтган жангчилардан иборат — улар ёш бўйича сафарбар қилинмайди, аммо улар хизмат қилишни исташади. «Биз пенсия фонди туфайли жанг қиляпмиз», — деган агентлик мухбирига «Дед» чақирув белгисига эга 68 ёшли командир (Олександр Таран). «Дашт бўрилари» орасида саломатлигидаги муаммолар туфайли ҳарбий хизматга жалб этилмаганлар ҳам бор, аммо улар фронт ортида қолишни исташмаган. «Агар истамаса, уни таёқ билан урсанг ҳам, жанг қилмайди. Агар одам истаса, 100 ёшида ҳам жангга бориши, топшириқни бажариб, душманни йўқ қилиши мумкин. Биз сон билан эмас, фақат маҳорат билан улардан устун келишимиз мумкин», — деган «Дашт бўрилари» командири сафарбарликнинг янги қоидаларига муносабат билдирар экан.

«Дашт бўрилари» бўлинмаси хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва ўзи томонидан таъмирланган ёки ўлжа қилиб олинган қуроллар ҳамда ўқ-дорилардан фойдаланади. Масалан, улар «Град» баравар ўт очиш реактив тизими ракеталаридан қўлбола ўт очиш тизими учун фойдаланишган
Reuters / Scanpix / LETA
Кўнгиллилар шунингдек украин ҳарбийларини қайта тикланган қуроллар билан таъминлайди, ҳарбийлар эса имкониятга қараб ўз ўқ-дориларидан беришади. Бўлинма командирининг сўзларига кўра, кўнгиллилар ўқ-дори ва нафақага эга бўлиш учун расман Украина қуролли кучлари таркибига қўшилишга ҳаракат қилишган, аммо бу уринишлар муваффақиятсиз чиққан.
Reuters / Scanpix / LETA
«Дашт бўрилари» бўлинмаси фронт чизиғи яқинида пикапларда ва кузовига ракета қурилмаси ўрнатилган юк машиналарида ҳаракатланишади. Кўнгиллилар Украина қуролли кучлари бўлинмалари билан ҳамкорликда ҳаракатланиб жанговар топшириқларни бажаришади. «Бизга нишонни белгилаб бераётган командирлар мамнун», — дейди «Зорро» чақирув белгисига эга 63 ёшли кўнгилли
Reuters / Scanpix / LETA
Ҳозирда «Дашт бўрилари» Запорижжя областида жанг қилмоқда. Регион раҳбари Юрий Малашко март ойи ўрталарида кўнгиллилар билан учрашган ва уларга «Запорижжя ўлкаси тараққиёти учун» медалларини тарқатган. У «Дашт бўрилари» жангчиларини «мардлик, жасурлик ва садоқат тимсоли» деб атаган
Reuters / Scanpix / LETA

Купянск атрофидаги украин артиллериячилари

Май ойи бошига келиб Купянск йўналишидаги вазият барқарорлигича қолмоқда. Бу ҳудудда жанговар тўқнашув чизиғидаги сўнгги ўзгариш феврал ойида рўй берганди: ой ўрталарида РФ қуролли кучлари шаҳардан жануби-шарқда жойлашган Табаевка қишлоғини эгаллаган, шимолда Синковкани эгаллашга ҳаракат қилган, аммо Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми билан тўхтатилганди.

Купянск яқинидаги Синковкани штурм қилиб ололмаган Россия қўшини уни ғарбдаги ўрмонзорлар орқали айланиб ўтмоқчи бўлди, аммо украин ҳарбийлари томонидан тўхтатилди. Россияликлар 2023 йил кузидан буён Купянскни шимол томондан тўсиб турувчи Синковкани эгаллашга уриниб келади, аммо ҳозиргача муваффақиятга эришилмаган.

Украина ҚК 57-бригадаси артиллериячиси Купянск атрофида жойлаштирилган гаубицага снаряд ташимоқда
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Украина ҚК 57-бригадасининг ўзиюрар гаубицаларидан бири РФ қуролли кучларининг Купянск атрофидаги позициялари йўналишида ўт очмоқда
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

Москвада ўлжа қилиб олинган техникалар кўргазмаси

Москвадаги Поклонная тоғида 1 май куни Украинадаги жанг майдонида эгаллаб олинган техникалар кўргазмаси очилди. Экспозициядан — 32 та намунадаги ҳарбий техникалар, жумладан НАТО аъзо давлатлари армияларининг техникалари ўрин олган. «Кўргазма очилишига бир неча дақиқа қолганида кириш жойида россиялик жангчилар зарбасига учраган танклар, зирҳли автомобиллар, НАТО мамлакатлари томонидан Киев режимига етказиб берилган БМП ва БТРларни томоша қилишга ошиққан ўнлаб кишилар тўпланди», дейилади ТАСС репортажида.

Поклонная тоғида  немисларнинг Leopard 2 танки, америкаликларнинг Abrams танки, Bradley жанговар пиёдалар машинаси, М113 русумли БТР ва бошқа зирҳли техникалар, жумладан махсус машиналар, масалан, америкаликларнинг M88А1 таъмирлаш-эвакуация қилиш машинасини кўриш мумкин. Бундан ташқари, кўргазмага украинларнинг зирҳли транспортёрлари, «Козак» зирҳли автомобили, Т-72 ва Т-64 танклари ҳам қўйилган, дейилади ТАСС хабарида
Александр Неменов / AFP / Scanpix / LETA
Шунингдек, кўргазмада чет эл давлатлари армияларидаги ўқотар қуроллар, украин ҳарбий хизматчиларининг жиҳозлари, алоқа воситалари, танкка қарши комплекслари, миналар ва дронлар ҳам намойиш этилмоқда
Евгения Новоженина / Reuters / Scanpix / LETA
Ахборот стендларида намойиш этилаётган қуролларнинг тактик-техник хусусиятлари ҳамда «россиялик ҳарбийлар ушбу техникаларни қаерда ва қандай шароитда қўлга киритгани» ҳақида маълумотлар жойланган
Евгения Новоженина / Reuters / Scanpix / LETA
Чодирлардаги мултимедия экранларида «кўргазмага қўйилган зирҳли техникаларга зарба берилиши акс этган кадрлар кўрсатилмоқда», дейилади Россия давлат агентлиги репортажида
Юрий Кочетков / EPA / Scanpix / LETA
Поклонная тоғидаги экспозициялар очилишида РФ мудофаа вазирлиги 1943 йилдан 1948 йилга қадар Горкий паркида Иккинчи жаҳон уруши чоғида ўлжа қилиб олинган техникаларни намойиш этгани эслатиб ўтилган. Поклонная тоғидаги кўргазма бир ой давом этиши мумкин
Юрий Кочетков / EPA / Scanpix / LETA
Юрий Кочетков / EPA / Scanpix / LETA
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top