Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ бошқа давлатлар учун мўлжалланган Patriot тизимларини Украинага йўналтирилади
Бошқа мижозлар учун ишлаб чиқарилган Patriot ҳаво мудофаа тизимлари Украинага йўналтирилади, деб ёзади Financial Times.
АҚШ ҳукумати Украина ўз шаҳарлари ва инфратузилмасини Россия ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун етарли маблағ олмагунча Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва тўхтатувчи ракеталарга бошқа очиқ буюртмаларни тўхтатмоқчи. Бу ҳақда 20 июн, пайшанба куни Financial Times газетаси манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрга исми ошкор этилмаган уч суҳбатдошнинг айтишича, тегишли қарор 21 июн куни эълон қилинади. Ўтган ҳафта АҚШ президенти Жо Байден Италияда бўлиб ўтган G7 саммитида Украинага қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан Patriot тизимларини етказиб бериш бўйича келишувлар бажарилишини таъминлаганини айтди, дея эслайди журналистлар.
«Байден беш давлат Patriot ва бошқа ҳаво мудофаа тизимларини Украинага жўнатишга рози бўлганини ва Америка тизимлари етказиб берилиши лозим бўлган бошқа давлатлар кутишига тўғри келишини айтди», — дейилади нашрда. «Бизда мавжуд бўлган ҳамма нарса Украинага унинг эҳтиёжлари қондирилмагунча юборилади», - дея FT Америка президентининг сўзларини келтиради.
АҚШ ва Украина ўртасида хавфсизлик шартномаси
13 июн куни Жо Байден ва Украина президенти Володимир Зеленский Украина етакчиси ҳам таклиф этилган G7 саммити чоғида 10 йиллик хавфсизлик бўйича икки томонлама шартнома имзолади. У Украинани ҳимоя қилиш учун Америка қўшинларини юбориш ва Вашингтондан Киевга ҳеч қандай молиявий мажбуриятларни ўз ичига олмайди.
Айни пайтда, ушбу шартномани имзолагандан сўнг, Байден Киев «тез орада» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кўпроқ олишни бошлашини таъкидлади.
FT маълумотларига кўра, Patriot тизимларига буюртмалари ҳали ижро босқичида бўлган Европа мамлакатлари орасида Германия, Руминия ва Полша бор. «Испанияда ҳам Patriot ракеталарига очиқ буюртма бор, НАТО коалицияси эса январ ойида 1000 та Patriot ракетасига буюртма берган», — дейилади нашрда.
Ҳозиргача Украина АҚШ ва Германия томонидан тақдим этилган тўртта Patriot ҳаво мудофаа тизимини олди.
Испания, Греция ва Руминия Patriot тизимлари билан қуролланган, аммо уларни Украинага топширишга ҳали рози бўлмаган. Полша, ўз навбатида, Patriot тизимлари Ғарб қуролларини Украина чегарасидан ўтказиш учун фойдаланиладиган инфратузилмани ҳимоя қилишини билдирди ва шу тариқа Киевга аллақачон ёрдам берганини таъкидлади.
Руминия битта Patriot тизимини Украинага ўтказади
Айни пайтда, Руминия Миллий мудофаа олий кенгаши 20 июн куни мамлакат президенти Клаус Йоханнис бошчилигидаги йиғилишда битта Patriot тизимини Украинага ўтказишга қарор қилди. «Руминия Украинани можаронинг бошиданоқ вазиятни тушуниб, биринчи навбатда Россия Федерацияси томонидан бошланган урушга қарши туриш учун энг муҳим мудофаа тизимларини таъминлаш нуқтайи назаридан қўллаб-қувватлади», — дейилади Руминия президентининг веб-сайтида. Қайд этилишича, Россиянинг тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига, хусусан, энергетика соҳасига доимий ва оммавий ҳужумлари оқибатида хавфсизлик билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашган ва бу вазиятнинг минтақавий оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, Руминия Украинага Patriot тизимини беришга қарор қилган.
«Ушбу муҳим ҳисса бизнинг ҳаво қалқонимизни мустаҳкамлайди, халқимиз ва муҳим инфратузилмани Россиядан яхшироқ ҳимоя қилишга ёрдам беради», деди Володимир Зеленский Бухарестнинг бу ҳаракатига изоҳ бериб.
Аввалроқ Италия Киевга Patriot’га Европа муқобили бўлган иккинчи SAMP/T ҳаво мудофаа тизимини юборишини маълум қилганди.
На АҚШ, на Украина FT хабарига расман изоҳ бермаган.
Мавзуга оид
22:03 / 26.06.2026
Боксчи Усик учта чемпионлик камаридан воз кечди
20:44 / 26.06.2026
«Қамалда яшаяпмиз». Қримдаги вазият оғирлашмоқда
11:00 / 26.06.2026
АҚШ Украина бўйича Аляскада келишув бўлганини рад этди
23:05 / 25.06.2026