08:20 / 21.06.2024
3770

Жанубий Корея Украинага қурол етказиб беришни бошлаши мумкин

Сеул ўз позициясини Россия ва КХДР стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзолагани сабабли ўзгартирди. Жанубий Корея дунёдаги энг йирик қурол етказиб берувчилардан биридир.

Фото: AP

Жанубий Корея Россия ва КХДР ўртасида ҳамкорлик, мудофаа ва стратегик шериклик тўғрисидаги битим тузилгач, Украинага қурол етказиб бериш масаласини кўриб чиқади, деди 20 июн, пайшанба куни мамлакатнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чанг Хо Жин. Сеул ҳукумати «жиддий хавотир билдиради ва келишув имзоланишини қоралайди», дея таъкидлади у ва Шимолий Кореянинг ҳарбий кучини мустаҳкамлашга бевосита ёки билвосита ҳисса қўшадиган ҳар қандай ҳамкорлик БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузиш эканлигини қўшимча қилди.

Жанубий Корея президенти идораси Сеулнинг Киевга қурол-яроғ етказиб бериш масаласини қайта кўриб чиқаётгани ҳақидаги хабарларни на тасдиқлади, на инкор этди, бу улар ҳозирча бу мавзуда очиқ изоҳ бермасликларини кўрсатмоқда. «Аниқ чора-тадбирлар кейинроқ эълон қилинади, биз режаларни олдиндан ошкор қилмоқчи эмасмиз ва Россиянинг муносабати билан қизиқамиз», - дея тушунтирди Жанубий Корея президенти идорасидаги манба «Ренхап» ахборот агентлигига.

Асосий қурол етказиб берувчи 

Жанубий Корея дунёдаги энг йирик қурол етказиб берувчилардан бири, аммо у Украинага қурол юбормайди. Россия президенти Владимир Путин яқинда икки давлат муносабатларидаги бу ҳолатни қадрлашини айтди. Шу билан бирга, айрим жаҳон ОАВ Жанубий Корея снарядлари Вашингтон уларни у ердан Украинага олиб бориши учун АҚШга етказиб берилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. 

Ҳамкорлик шартномасини Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 19 июн куни имзолаган эди. Ҳужжат бандларидан бири учинчи давлат томонидан ҳужум содир бўлган тақдирда томонларга ўзаро ҳарбий ёрдамни кафолатлайди. 

1948 йилгача ягона давлат бўлган Жанубий ва Шимолий Корея 1950 йилдан буён расман уруш олиб бормоқда. Юз минглаб одамларнинг ўлимига олиб келган шиддатли жанглардан сўнг, мамлакатлар 1953 йилда сулҳ имзоладилар. Ўшандан бери улар тинчлик шартномасини тузмаган.

Top