Ўзбекистон | 14:38 / 08.07.2019
9399
3 дақиқада ўқилади

«Чиқинди полигонлари тартибга солинмаган, маблағ эса талон-торож қилинган»  ─ Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси

Республикада мавжуд чиқинди полигонларнинг 128тасида тупроқ қатламининг ҳолати бўйича геологик ва гидрогеологик тадқиқотлар амалга оширилмаган. 70та полигонда эса экологик экспертиза ўтказилмаган. Андижон вилоятининг Бўз, Жалақудуқ, Избоскан туманларидаги чиқинди полигонлари фаолиятини тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган бўлса-да, ҳалигача у ерга чиқинди ташиш ҳолатлари мавжуд. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолияти якунлари хусусидаги брифингда маълумот берилди.

Сенаторлар томонидан ўрганиш хулосаларига кўра, 166та полигон кириш жойи, чиқиндиларни кўмиш, санитария-эпидемия ҳудуди каби қисмларга бўлинмаган, 98та полигонда санитария-эпидемиология хулосалари йўқ.

Мавжуд полигонларнинг 160таси, 72 фоизида кириш йўллари, 117таси, 52 фоизида техник сув таъминоти, 99таси 44 фоизида электр энергия тармоғи мавжуд эмас. 99та полигоннинг атрофи тўлиқ ўраб олинмаган.

«Полигоннинг ичи тўлиб кетган, ҳолат бўйича санитария-эпидемиология хулосаси йўқ. Боз устига, атрофи ўраб олинмаган. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси полигонни ёпиш ҳақида хулоса беради, лекин барибир ишлаб ётибди, чиқиндини ташлашяпти. Чиқинди борасида ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп», ─ дейди Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев.

2014–2018 йилларда соҳага жами 541 миллиард 600 миллион сўм давлат бюджет маблағлари сарфланган бўлиб, шундан 129 миллиард 300 миллион сўм, яъни 24 фоизи янги полигонларни қуриш, мавжудларини тартибга солиш ва уларни махсус техника билан жиҳозлаш ишларига ажратилган. 

«Тоза ҳудуд»  ДУКнинг Фарғона, Хоразм, Андижон, Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси филиалларида бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаш ҳолатларига йўл қўйилган. Хусусан, Самарқанд вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК тасарруфидаги полигонлар қурилишида жами 135,6 млн сўм талон-торож қилинган», ─ дейилади брифингда.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам чиқинди йиғиш полигонлари қурилишида 8 ҳолатда жами 466 миллион сўм маблағ ушбу мақсадга йўналтирилмагани маълум қилинганди.

Мавзуга оид