Ўзбекистон | 18:50 / 20.06.2018
102027
5 дақиқада ўқилади

«Болалар ўлимига сабаб бўлган дорилар рўйхати». Аслида гап нимада?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда айрим хориж давлатлари ҳудудида болалар баъзи дори воситалари таъсирида юзага келган кучли аллергик реакция қурбони бўлишаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бунда 3-12 ёш оралиғидаги болалар ҳаётдан кўз юмгани ва бу дориларни зинҳор истеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантириш бор эди. Хабарга Урганч тумани прокуратурасининг Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва «Хоразм дори-дармон» МЧЖ раисига йўллаган хати илова қилинди.

Хатда «ҳар қандай шароитда ҳам сотувга чиқариш мумкин бўлмаган» дори воситаларининг қуйидаги рўйхати келтирилган:

Амоксициллин;
Капесула;
Ибупрофен суспензия;
Алклофенак;
Сумамед;
Ингалипт;
Антисепт;
Инфлюцид;
Болалар панадоли;
Санасол.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар ва баъзи сайтларда яшин тезлигида ваҳимали хабарлар тарқалди. Унинг баъзиларида бу дориларни умуман истеъмол қилмасликка чақирилган бўлса, баъзиларида дориларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш, дори воситаларининг серияси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор қаратиш сўралган эди.

Вазиятни ўрганиш учун Урганч шаҳри ва тумани дорихоналарини айланганимизда, айни пайтда, дорихоналар бу дориларни сотмаслик ҳақида ҳеч қандай кўрсатма олишмагани маълум бўлди. Уларнинг баъзилари эса сотувда бор, масалан, Амоксициллин, Ингалипт ва Ибупрофен. Баъзилари эса сотувда йўқ, бунинг сабаби - уларнинг хорижда ишлаб чиқарилаётгани ва аллақачон уларнинг ўрнини эгаллаган дорилар ўзимизда ҳам, фақат бошқа номларда мавжуд.

Ҳолат юзасидан маълумот олиш учун «Хоразм дори-дармон» МЧЖ раиси Суҳбат Ражабов билан боғландик. У бизга рўйхатда келтирилган дорилар сотувини тақиқлаш бўйича ҳеч қандай буйруқ йўқлигини тасдиқлади.

«Бу дорилар зарарли, истеъмолга яроқсизлиги, уларни тақиқлаш шартлиги тўғрисидаги буйруқ мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳужжат эса бунга асос бўлолмайди. Аввало, қайсидир дорини тақиқлашдан олдин, унинг номи, ишлаб чиқарилган заводи, серия рақами аниқ кўрсатилган ва белгиланган бўлиши керак. Масалан, Амоксициллин дориси бутун дунёда ишлаб чиқилади. Агар «Амоксициллин тақиқлансин» дейилса, унда шундай дорининг ҳаммаси сотилмаслиги керак, бу эса нотўғри. «Амоксициллин номли, фалон заводда, фалон вақтда ва фалон рақамли сериядаги дори тақиқлансин дейилса», бу тўғрироқ бўларди, тақиқлаш жараёни айнан шундай», - деди Ражабов «Kun.uz» мухбирига.

Бу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг фикри билан қизиқдик.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўё маълум бир дорилар туфайли, болаларнинг оммавий ўлими ҳақидига хабарларга биз асос топмадик. Хориж мамлакатлари, хусусан, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда бундай дорилар истеъмол қилиниши оқибатида оммавий ўлим ҳолатлари қайд этилгани ҳақида ҳам ҳеч қандай хабар йўқ. Демак, асоссиз хабарларга қандайдир изоҳ беришга ҳожат бўлмаса керак. Хорижда ишлаб чиқарилган дорилар Ўзбекистон ҳудудида сотилишидан олдин, жиддий синовдан ўтказилади, текширилади, яроқлилик сертификати берилади. Уларнинг ҳаёт учун хавфсиз экани аниқлангандан сўнг, сотишга рухсат берилади. Прокуратура хатига келадиган бўлсак, Республикамиз ҳудуди бўйлаб бу воқеа кузатилмади. Хат фақат Урганч туманига тааллуқли. Бунинг изоҳини хатни жўнатган ташкилот берса тўғрироқ бўларди», - деди Санаев.

Қизиғи шундаки, худди шундай хабарлар 2014 йили Россия Федерациясида ҳам тарқалиб кетган ва рўйхат айнан юқоридаги шаклда бўлган. Муомалада бўлган дори-дармонларнинг сифатини назорат қилувчи «Росздравнадзор» ташкилоти эса ўша пайтда бу дориларнинг ҳаёт учун хавфли экани ҳақидаги хабарларни «асоссиз ва фантастика» деб атаган эди.

Ўз ўрнида айтиш лозимки, дори-дармонларни қабул қилишдан келиб чиқадиган жиддий аллергик реакция (шу жумладан, қўққисдан ўлимга олиб келувчи) фантастика эмас. У ҳар бир инсонда, ҳар қандай доридан келиб чиқиши мумкин, аммо, бу камдан-кам ҳолларда юз беради. Уни эса фақат тиббиёт муассасасида, шошилинч аксилшок муолажаси натижасида бартараф қилиш мумкин. Шу туфайли ҳам, болаларга, айниқса аллергияси бор болаларга дори-дармонларни фақат шифокорлар назорати остида бериш тавсия қилинади.

Яна бир ҳаётий муҳим қоидани унутмайлик, ҳар қандай дори-дармонни қабул қилиш - фақат ва фақат шифокорнинг кўрсатмаси асосида бўлиши шарт.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид