Ўзбекистон | 19:45 / 04.02.2021
63031
2 дақиқада ўқилади

Бухородаги кўп қаватли уйда содир бўлган портлаш сабаби маълум қилинди. Ҳодисадан жабрланганлар сони ошди

Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида қурилаётган 9 қаватли бинода юзага келган портлаш оқибатида 6 киши жабрланган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Ҳокимлик ахборотига кўра, бино Жамшид Жалолович Кароматов раҳбарлигидаги «White Group Trading» МЧЖ томонидан 2019 йилда аҳоли томонидан қабул қилинган буюртма орқали қурилиши бошланган. Лойиҳа бўйича 3та подъездда жами 70та хонадон қурилиши режалаштирилган. Қурилиш учун давлат томонидан кредит молиялаштирилмаган.

Портлаш вақтида бино ичида 10 нафар қурувчи ва 3 нафар газ пайвандловчи усталар бўлган.

Ҳокимлик матбуот хизмати томонидан берилган қўшимча маълумотда ҳодиса сабаби ҳам келтирилган.

«Газ пайвандлаш ишлари 3 ой олдин бошланган. 4 феврал куни монтаж тўлиқ тугатилиб, синовдан ўтказилган. Синовдан ўтказиш вақтида чақнаш содир бўлган хонадонда газ қувурининг тўсгичи (заглушка) бўлмаганлиги сабабли сизиб чиққан газ ҳаво билан аралашиб, чақнаш содир бўлган», дейилади ҳокимлик хабарида.

Бундан ташқари, ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар сони 6 нафарни ташкил қилмоқда - дастлабки хабарларда камида уч киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида айтилганди.

Ҳокимлик жароҳатланганларнинг рўйхатини келтирган. Маълум бўлишича, шифохонадагиларнинг бир нафарининг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

  • Ризоев Аҳад Тошевич,1982 йилда туғилган. Когон шаҳридан, аҳволи оғир
  • Жўраева Феруза, Бухоро шаҳридан, аҳволи енгил
  • Ўринова Шаҳноза, 1981 йилда туғилган. Жондор туманидан, аҳволи енгил
  • Розиқова Наргиза, 2000 йилда туғилган. Жондор туманидан, аҳволи енгил
  • Жўраев Беҳруз, 1999 йилда туғилган, Жондор туманидан, аҳволи енгил
  • Маҳмудова Моҳинур, аҳволи енгил.

Мавзуга оид