Ўзбекистон | 15:20 / 09.06.2021
5392
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги 15 йилда суғориладиган ерлар аҳоли жон бошига 24 фоизга камайган – Адлия вазири

Президентнинг ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чиқарган фармони юзасидан АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Руслан Давлетов ҳокимлар томонидан йўл қўйилган кўзбўямачиликлар ортидан республикадаги суғориладиган ерлар миқдори камайиб кетганини таъкидлади.

«Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ерини тадбиркорга ажратиш мумкин эмас. Суғориладиган ерлар фақат президент қарори асосида берилиши керак.

Нима қилади – тоифани ҳам алмаштириб қўяди. «Бу ерни қишлоқ хўжалигидан ноқишлоқ хўжалиги ерига ўтказамиз», дейди-да, битта қарор билан ер тоифасини алмаштириб, кейин бериб юборади», – дейди Руслан Давлетов.

Вазир шунга ўхшаш «тирқиш»лар фармон билан ёпилаётганини ҳамда суғориладиган ерни ажратишни президент даражасига олиб чиқиш орқали ушбу тоифа ерларни сақлаб қолиш мўлжалланаётганини билдирди.

Унинг қўшимча қилишича, республикада охирги 15 йилда суғориладиган ерлар аҳоли жон бошига 24 фоизга камайган, яъни аввал бир кишига 0,23 га ер тўғри келган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 0,16 гани ташкил этади.

Маълумот учун, юқоридаги фармон билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш ваколатлари ҳамда бу бўйича қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинмоқда.

Мавзуга оид