Спорт | 18:33 / 19.09.2024
21901
7 дақиқада ўқилади

Довдуқдан Парижга йўл — паралимпия баҳсларининг қўшалоқ медал соҳибаси Нурхон Қурбонова уйидан репортаж

Паралимпия баҳсларида икки нафар спортчимиз иккитадан медал соҳиби бўлди. Нурхон Қурбонова найза улоқтириш баҳсларида олтин, ядро улоқтиришдан эса бронза медали соҳиби бўлди. У Токио олимпиадасида кумуш ва бронза медали билан тақдирланганди. Эндиликда чемпион Лос-Анжелес ўйинларида икки олтин медални қўлга киритишни мақсад қилган.

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Довдуқ қишлоғида яшовчи чемпион ва унинг яқинлари мусобақа тафсилотлари, бундай натижаларга эришиш йўлида оила бошига тушган ташвишлар ҳақида Kun.uz мухбирига сўзлаб берди.

Ногироннинг онаси бўлиш қийин

“6 нафар фарзандим бор. Иккинчи фарзандим туғилганда шифокорлар унинг умуртқа поғонасида нуқсони борлигини айтишди. Нурхонни вояга етказиб, одамлар орасига қўшиш осон бўлмади.

Дилфуза Бозорова, чемпионнинг онаси

Бундай одамни тушуниш қийин, чунки унинг ўжарликлари бўлади. Вақт ўтиб қизим имконияти чекланганлар коллежига қабул қилинди ва енгил атлетиканинг найза улоқтириш тури бўйича дарсларга қатнай бошлади. Бошида 9 метргача найза улоқтира олган эди. Кейинчалик дарсларга қатнаб натижаларини янгилади. Тортинчоқлиги учун ҳам бошида дарсларга бормайман деб туриб олди. Қўшнимиз Ёрқинбек ўз ютуқлари билан қизимни спортнинг ушбу турига қизиқтира бошлади. Кейин олимпиада захиралари коллежига қабул қилинди.

Фото: Ҳусниддин Ато / Паралимпия қўмитаси

Аллоҳга шукур, яхши кунлар ҳам келди. Катта машиналарда қизим бутун маҳалла бўйлаб юриб барчанинг ҳавасини келтирмоқда. Соғлом одамлар эриша олмаётган натижаларга эришмоқда. Олимпиада тақдимотида ҳам бу ютуқлар меники эмас, ота-онамники деганида ўзимни қўярга жой топа олмадим. Қизимнинг ҳаққига доим дуодаман”, дейди чемпионнинг онаси Дилфуза Бозорова.

Бирка”ни кўриб қотиб қолдим...

“1994 йил. Туман шифохонасида хурург бўлиб ишлайман. Ўша кун ҳамон ёдимда. Касалхонада эдим. Ёрдамчим “роддом”да нуқсонли бола туғилгани, ҳолатини кўришим кераклиги ҳақида айтиб қолди. Чақалоқлар энди туғилганида уларнинг исмлари бўлмайди. Қазалоқ оёғидаги “бирка”ни кўриб бўшашиб қолдим.

Ғуломжон Бозоров, чемпион қизи билан

Чунки “бирка”га турмуш ўртоғим исм-фамилияси ёзилган эди. Қизим Нурхон бел умуртқаси чуррасида нуқсон билан туғилди. Тезда илмий китоблардан касаллик ҳақида чуқурроқ ўргана бошладим...

Қолган барча фарзандларим соғлом, қариндошларимнинг ҳам жисмоний ҳолати яхши эди. Бу касаллик биздаги экологик муаммо сабабли содир бўлдими деган хаёл ҳам бўлган менда. Чунки қизим туғилишидан бироз аввал қишлоғимиздан нефт чиққан. Нефтни жиловлаш учун уни ёқишган, бу орқали атрофга катта миқдорда газ чиқиб кетган. Нефт ёмғирлари ҳам ёғган. Қизимдаги нуқсонга шу омил сабаб бўлган деб тахмин қиламан.

Бу кунларга етиб келиш осонликча бўлмади. Шундай воқеалар бўлганки, эсимдан чиқмайди. Қизимни Тошкентга ўйинга юборишимиз керак бўлган ва спорт жиҳозлари, аравача билан юк машинасида юборишимга тўғри келган. Ҳайдовчи билан келишиб, машинанинг орқа ўриндиғини банд қилиб, айтган пулини бердим. Ўшанда қизим ўтирган машина Оҳангаронда бошқа машинага туртилиб кетган. Ҳайдовчи юра олмайдиган ногирон қизимнинг қўлига ҳеч қанча пул бермай йўлда қолдириб кетган. Бу менга анча оғир таъсир қилган, чунки ўша вақтда телефонлар ҳам кам эди. Ногирон қизнинг бир ўзини кўчада қолдириб кетиш қанчалар тўғри? Кейин ҳайдовчини изладим. Лекин топа олмадим.

Фото: Ҳусниддин Ато / Паралимпия қўмитаси

Спортчининг олимпиада ўйинларида қатнашишгача бўлган қийинчиликлари анчагина оғир бўлади. Ҳар куни машқ қилиши керак. Қизимнинг ўйинларини барчамиз уйда кузатиб борамиз ва олтин медал олгандаги ҳолатини тасвирлашим анча қийин. Олимпиада тақдимотида қизим сўзга чиқди ва бизни даврага таклиф этди. Бу вақтда ҳиссиётларимни ҳозир сизга тасвирлаб бера олмайман. Кўзимга беҳосдан ёш келди. Мана ҳозир ҳам ўзимни зўрға йиғидан тийиб турибман.

Шу вақтгача қизим 2 та бронза, 1 та кумуш медалини қўлга киритган эди. Охирги учрашувда кейинги медалини олтин қилиш ҳақида гапирганди ва бунинг устидан чиқди. Барча устоз ва мураббийларни яқинлашиб келаётган ўқитувчи, мураббийлар куни билан табриклайман. Бутун халқимизга ташаккур, қизимни қўллаб турганликлари учун. Ҳукуматимиз раҳбарига ҳам ўз ташаккуримни билдираман”, дейди чемпионнинг отаси Ғуломжон Бозоров.

Лос-Анжелесдан икки олтин билан қайтаман...”

“Спорт оламига кириб келганимда бунча қийинчиликлар бўлади деб ўйламаган эдим. Диск улоқтириш билан бошлаганман енгил атлетикани ва дискни қучоқлаб ухлаган вақтларим бўлган. Энг аламлиси, онамни ногиронлигим учун жуда қаттиқ камситишган. Бу нарса менга жуда оғир ботган ва барчага нимага қодирлигимни исботлаш учун ҳаракат қилганман. Мана шу нарса мени олтин медал олиш учун турли қийинчиликларни енгишимга руҳлантирган.

Нурхон Қурбонова, паралимпия баҳслари олтин ва бронза медали соҳибаси

Париж-2024 олимпиадасида ядро улоқтириш туридан бронза медал олганим менга жуда алам қилди. Чунки бу учун биз мураббийим билан анча ҳаракат қилган эдик. Эртаси куни найза улоқтириш машғулотларида тайёргарлик кўраётиб йиғлаб юбордим. Мураббийим ҳали яна бир имконият бор деганида ҳам ўзимга келишим қийин бўлди. Чунки олимпиадага тайёргарлик чоғида юрагимда кўплаб шубҳалар бор эди. Эплай оламанми ўзи ёки йўқми, деган. Руҳий томондан анча қийин бўлди. Спортчига руҳий ҳавотирни енгиш анча қийин бўлади ва кўплаб спортчилар шу томондан ҳали тайёр бўлмаганлари учун ҳам ўйинларда ютқазади. Бундан ташқари енгил атлетиканинг икки турига бирдай тайёргарлик кўриш қийин бўлди. Иккиси учун икки хил юкламалар мавжуд, албатта. Найзанинг техникаси ва ядроникини аралаштириб юбориш ҳолатлари ҳам бўлди. Иккиси учун икки хил вазн юкламаси берилган эди. Бирига 3 кг, бошқасига 600 грамм.

Фото: Ҳусниддин Ато / Паралимпия қўмитаси

Токио-2020 ўйинларида 1 та кумуш, 1 та бронза медални қўлга киритган эдим. Париж-2024 ўйинларида 1 та олтин, 1 та бронза медал соҳиби бўлдим. Найза улоқтиришда 21 метр 12 см, ядро улоқтиришда эса 7 метр 75 см натижини қайд этдим. Насиб қилса Лос-Анжелес ўйинларида бундан ҳам яхшироқ натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганман.

Ота-онамнинг юзини ёруғ қилганимдан ичимда фахр туйғусини ҳис қилдим. Ҳар бир фарзанднинг мақсади ҳам шу бўлса керак”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид