XVII ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси Тошкентга қайтди. Миллий паралимпия қўмитасида совриндорларга хонадон, машина ва пул кўринишидаги “Президент совғалари” топширилди.

28 август – 8 сентябр кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида ташкил қилинган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида тарихий натижа қайд этган ўзбекистонлик спортчилар ватанга қайтишди. Тошкент халқаро аеропортида расмийлар, спортчиларнинг оила аъзолари, мухлислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида Паралимпиада совриндорлари ҳамда иштирокчиларини тантанали тарзда кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққан расмийлар матонатли спортчиларимизнинг 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, ҳақиқий қаҳрамонга айланишгани, шу натижа билан делегация Паралимпия ўйинларини 168 та мамлакат орасида 13-ўринда якунлагани, жумладан, Осиёда учинчи, МДҲ, Марказий Осиё минтақаси, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллагани таъкидланди.

Уч карра паралимпия ўйинлари чемпиони Ҳусниддин Норбеков ва олтин медал соҳиби Асила Мирзаёрова, мураббий Сардор Абдухолиқов, шунингдек, чемпионларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, келгусида ҳам янги зафарларга эришиш учун бор куч-ғайратларини ишга солишларини билдиришди.

Шундан сўнг, Париж-2024 қаҳрамонлари махсус автобусларда Миллий Паралимпия қўмитаси томон йўл олишди. Қўмита ҳовлисида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, унда Сенат раиси Танзила Нарбаева ва унинг ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Париж-2024 қаҳрамонларига давлат раҳбарининг совғаларини топширдилар.

Президент қарорига мувофиқ,

-  Олтин медал соҳибларига 200 минг АҚШ доллари, Tahoe автомобили, 2 қаватли коттеж:

-  Кумуш медал соҳибларига 100 минг АҚШ доллари, BYD Song Plus EV Champion Flagship автомобили ва хонадон;

-  Бронза медал соҳибларига 50 минг АҚШ доллари, BYD Song Plus DM-I Champion Flagship автомобили ва хонадон ҳадя қилинди.

Паралимпия баҳсларида икки спортчи: Толиббой Йўлдошев (олтин ва бронза) ҳамда Нурхон Қурбонова (олтин ва бронза) иккитадан медални қўлга киритишди. Уларга 200 минг ва 50 минг доллар алоҳида тақдим этилди. Машина ва уй эса биттадан, яъни олтин медал соҳибларига бериладиган Таҳое ҳамда икки қаватли коттеж совға қилинди.