Ўзбекистон | 10:59 / 16.09.2023
6566
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни 2023” тадбирлари бўлиб ўтди

14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни”га бағишлаб, Ўзбекистон-Германия ўртасидаги савдо- иқтисодий, инвестициявий ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга доир бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбирларга бой дастур давра суҳбати билан бошланди. Ушбу тадбир давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатидан сўнг B2G форматидаги учрашувлар ва “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни 2023” конференцияси ташкил қилинди.

 Конференцияда Германия ва Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятининг 300дан ортиқ вакиллари, инвесторлар, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ва мутахассислари қатнашди.

Конференция дастурига “Ўзбекистонда немис дуал таълим тизими: имкониятлар ва истиқболлар” ва “Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги энергетика соҳасини ўзгартириш борасида ҳамкорлик” мавзуларидаги панель мунозаралари киритилди.

Германия Савдо-саноат палатаси бошқаруви аъзоси доктор Фолькер Траер Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигидан кутилаётган натижалар ҳақида гапириб берди:

“Ўзбекистон қулай географик ҳудудда жойлашган мамлакат ҳисобланади. Давлатингизда жуда катта иқтисодий имкониятлар мавжуд. Бу хусусиятлар Европа мамлакатлари учун катта қизиқишни келтириб чиқаради. Бугунга қадар Германия иқтисодиёти Россияга бевосита боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам биз айни пайтда янгиликларни изламоқдамиз.

Биз ҳамкорлик учун Ўзбекистонни ҳар томонлама муносиб мамлакат деб топдик, чунки қуёшли ўлка, аҳолисининг катта қисми ёшлардан иборат ва кучли мутахассисларга бой. Биз Ўзбекистонда дуал таълимни ривожлантиришни режалаштирганмиз.

Яқин кунларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия федератив республикасига ташриф буюриши кутилмоқда. Ташриф давомида Германия канцлери Олаф Шолц ҳамда Мирзиёев ўртасида бозорларни интеграция қилиш, ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичлари, бу билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинади. Германия ва Ўзбекистон орасида маҳсулотлар айланмасини ошириш йўллари кўриб чиқилади”, - деди у.

Маълумот учун: сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонга киритилган Германия инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 2 миллиард еврони ташкил этди. Шунингдек, ҳозирги пайтда Германия ҳамкорлари билан бирга қиймати 10 миллиарддан ортиқ бўлган 100 дан кўпроқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони қарийб 3 баробар ўсди ва бугунги кунда бу кўрсаткич 200 тага етди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида 17 та қўшма корхона ишга туширилди.

“Ўтган йилда Германия билан маҳсулот алмашинуви юқори кўрсаткични қайд этиб, 1 млрдга етган. Германиядан замонавий асбоб-ускуналар, механизмлар, юқори технологик товарларни олиш, Ўзбекистондан эса озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш йўлга қўйилган.

Бугун икки давлат Савдо-саноат палаталари билан ҳамкорликда йирик тадбиркорлар ташриф буюришган. Келгусида ўзаро савдо алоқаларини янада ривожлантиришда бу яхши натижа беради.

Савдо алоқалари билан биргаликда дуал таълим тизими ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашяпмиз. Ҳам ўқиш, ҳам ишлаш билан тажрибали мутахассисларни тайёрлаш биз учун жуда муҳим ҳисобланади. Иккита Савдо-саноат палаталари ўртасида бу соҳада ҳам ҳамкорликни ошириш бўйича фикрлар алмашиляпти. Тадбиркорларга шундай мутахассислар кераклигини инобатга олсак бу ўта муҳим дейиш мумкин”, - дея таъкидлади Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшид Ўроқов.