Ўзбекистон | 17:27 / 08.01.2025
10864
5 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев Wizz Air устидан арз қилди. Авиакомпания уни қора рўйхатга киритган

Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев Wizz Air авиакомпанияси устидан президент порталига шикоят йўллади. Самарқанд–Абу-Даби рейсида экипаж аъзолари фавқулодда чиқиш жойи олдидаги ўриндиқда ўтирган Кушербаевга хавфсизлик қоидаларини инглиз тилида тушунтирган, йўловчи ўзбек ёки рус тилида тушунтиришни сўраганида, ундан бортни тарк этиш талаб қилинган. Авиакомпания бундай талаб қоидаларга мувофиқлигини билдирди.

Ўзбекистон экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев Wizz Air авиакомпаниясидан норози экани ва ўз шикоятини давлат раҳбарининг виртуал қабулхонасига йўллаганини маълум қилди.

У YouTube'га жойлаган видеосида айтишича, Wizz Air авиакомпаниясининг экипаж аъзолари парвоздан олдин аъзолари ундан хавфсизлик қоидаларини ўзбек ёки рус тилида тушунтиришни сўрагани учун бортни тарк этишни талаб қилган.

Kun.uz масалани ўрганар экан, авиакомпаниянинг мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланди. Авиакомпания ходими йўловчига бундай талаб қўйилиши қоидаларга зид эмаслигини билдирди.

Кушербаев нима деди?

Расул Кушербаевнинг айтишича, у 9 ноябр куни Самарқанддан Абу-Дабига учган. Парвоздан олдин экипаж аъзолари Кушербаевга фавқулодда чиқиш эшиги олдида ўтиргани учун унга мажбуриятларини тушунтирган. Йўловчи инглиз тилини тушунмагани учун, борт кузатувчисидан ўзбек ёки рус тилида гапиришини сўраган. Иккинчи экипаж аъзоси эса бундай қилолмаслигини айтиб, Кушербаевдан самолётдан тушиб қолишини сўраган. Икки ўртада яна нималар бўлгани ҳозирча номаълум, Кушербаев жанжал кўтармаганини айтди.

Маълумки, авиакомпаниялар фавқулодда чиқиш эшиклари ёнидаги ўриндиқларни (оёқни бемалол узатиб ўтириш имконияти борлиги учун) одатда қимматроқ сотади. Лекин айрим ҳолларда бундай жойлар рейс учун энг охирги бўлиб рўйхатдан ўтган ёки бу ўринларни авиакомпаниянинг электрон платформаси орқали банд қилган йўловчиларга ҳам насиб этиши мумкин. Бу борада турли авиаташувчилар турлича ёндашувларга эга.

Расул Кушербаевнинг айтишича, то бортга чиққунча бундай жойда ўтиришидан бехабар бўлган, яъни унга бу жой тасодифан тўғри келиб қолган. Борт кузатувчи аввалига барчага хавфсизлик қоидаларини тушунтирган, шундан кейин фавқулодда чиқиш эшиги ёнида ўтирган Кушербаевга қарата яна инглиз тилида бошқа алоҳида тушунтиришлар берган. Кушербаев ўзбек ёки рус тилида тушунтириш беришларини сўраганидан кейин, ундан бортни тарк этиш талаб қилинган.

Йўловчи талабни рад этгач, экипаж аъзоси унга Абу-Даби полициясига мурожаат қилишини айтган ва манзилга етиб борилганида, шундай қилинган ҳам. Ўз навбатида, Кушербаев Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилишини билдирган. Абу-Даби полицияси эса тарафларга ўзаро келишиб олишни маслаҳат берган.

“Wizz Air ходимлари менинг паспортимни расмга олиб, бу компания хизматидан бошқа фойдалана олмаслигини, унга нисбатан санкция қўллашларини билдирди”, дейди собиқ депутат. У авиакомпаниянинг ҳаракатларини Ўзбекистонда давлат тилига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолади.

Авиакомпания нима дейди?

Kun.uz Кушербаевнинг иддаосига муносабат билдиришни сўраш мақсадида, Wizz Air вакиллари билан боғланишга уринди, аммо Тошкентда компаниянинг ваколатхонси йўқлиги ойдинлашди. Лоукостернинг вакиллари фақат рейслар бўлгандагина аэропортга келишади. 6 январ маҳаллий вақт билан 10:50 да Тошкентдан Абу-Дабига рейс белгиланган ва биз бу рейсга масъул компания вакиллари билан қисқа гаплашишга муваффақ бўлдик. Уларга масалани тушунтирганимизда, ходимлар фақат шу рейс учунгина жавобгар экани, саволларимизга жавоб беролмаслигини билдирди.

Шундан кейин Wizz Air расмий сайти орқали компаниянинг иловасига ўтиб, мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати билан чат орқали мулоқотда бўлдик.

Саволларимизга жавоб берган Мария исмли ходимнинг айтишича, фавқулодда чиқиш эшиги олдидаги ўриндиқларда инглиз тилини билмайдиган йўловчиларнинг ўтириши мумкин эмас. Лекин оёқни бемалол чўзиб ўтириш мумкин бўлган жойлар инглиз тилидан бехабар мижозларга ҳам сотилиши мумкин, чунки сотув жараёнида харидорнинг инглизчани билиш-билмаслигини аниқлаш мураккаб.

Агарда йўловчи бундай жойни алоҳида сотиб олмаган, бу жой унга бошқа бирор сабаб билан берилган бўлса ва у инглиз тилини билмаса, у ҳолда экипаж аъзолари бундай йўловчини бошқа жойга ўтказиши керак. Бошқа бўш жойлар бўлмаган ҳолатларда эса, йўловчига парвоз қилиш тақиқланиши мумкин, дея маълум қилди Wizz Air мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати вакили.

Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, унинг президент порталига йўллаган мурожаатини Транспорт вазирлиги кўриб чиқмоқда.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид