Ўзбекистон | 12:25 / 07.09.2018
3792
2 дақиқада ўқилади

Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш таклиф этилди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 76-моддасида: “Акциядорларининг сони беш юздан ортиқ бўлган жамият учун жамият кузатув кенгашининг сон таркиби етти аъзодан кам бўлиши, акциядорлари сони бир мингдан ортиқ бўлган жамият учун эса тўққиз аъзодан кам бўлиши мумкин эмаслиги” белгиланган. 

“Республикамизда кўплаб акциядорлик жамиятларида 1000дан ортиқ акциядор мавжуд бўлиб, уларнинг катта қисми жуда оз миқдорда акцияга эга. Лекин улар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил қилади. Ушбу акциядорларнинг катта қисмини вафот этган инсонлар, ёпилган корхона ва ташкилотлар ташкил қилмоқда. Кўпчилик акциядорлар оз суммадаги ўз акцияларини мерос сифатида қолдирмаган”, - дейилади мурожаатда.

Билдирилишича, кузатув кенгаши аъзолари сонини мавжуд бўлмаган акциядорлар ҳисобига 9та этиб ушлаб туриш акциядорлик жамияти ва акциядорлар манфаатларига мувофиқ эмас. 

“Ушбу талабни бекор қилишни ёки акциядорлар умумий йиғилиши томонидан энг камида 5 кишидан иборат бўлган Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаши мумкин деган нормани киритишни таклиф қиламан”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Мавзуга оид