Украина урушидаги вазият: АҚШнинг ёрдами кечикмадими?
АҚШ Конгресси ниҳоят Украина учун 61 млрд доллар атрофида маблағ ажратишни маъқуллади. Лекин Киев вазиятни ўнглаши учун кеч бўлмадими? Мақсад Украинанинг ғалабасими ёки Россияни ҳолдан тойдириш? “Геосиёсат” жанг майдони ва сиёсий фронтдаги ҳолат бўйича саволлар билан таҳлилчилар Камолиддин Раббимов, Ойбек Сирожов ва Жаҳонгир Акрамовга мурожаат қилди.
— Россия-Украина урушида жанг майдонидаги жорий ҳолат қандай ва томонларнинг ҳарбий тўқнашувларда тактик ёки стратегик ўзгаришлар борми?
Ойбек Сирожов: — Постсовет ҳудудида бўлаётган бу уруш биз учун жуда муҳим. Глобал тартибот шаклланишида ҳам аҳамиятли. Учинчидан эса Россия ва Украина бизнинг ҳамкор давлатлар. Шу нуқтаи назардан бу постсовет ҳудудидаги сиёсатга ҳам жиддий таъсир қилади. Бу мавзуни қанчалик кўп таҳлил қилиб, муносабат билдирсак, фойдадан холи бўлмайди.
Урушда Россия учун 3 йўналиш устуворлик касб этяпти. Биринчиси — Донецкдаги Очеретина тумани бўйлаб борган йўналиш; иккинчиси — Красногоровка шаҳри йўналиши; энг муҳим учинчиси — Часив Яр йўналиши, чунки асосий стратегик ҳудудлардан бири.
Умуман, апрел ойидаги ҳаракатларга қарасак, Россия қўшинлари жонланган. Авдеевкада қўлланган бомбардимон қилиш орқали душман позициясини парчалаш тактикасидан фойдаланяпти кўпроқ. Украинадаги ҳаво хужумидан ҳимоя тизими кутилган натижа бермаётгани ҳам бунга шароит яратди. Россия самолётлари бемалол бомбалар ташлаш имкониятига эга бўляпти.
Россия Украинанинг асосий шаҳарларини тинмай бомбардимон қиляпти. Ғазодаги ҳолат ҳам таъсир қилди, менимча. У ерда тинч аҳоли ракета зарбаларига учраётгани Россияга ҳам қайсидир маънода илҳом берди. Бундан бирини мақсад — фронт ортидаги асосий ишлаб чиқариш завод-корхоналарни ишдан чиқариш. Украинанинг асосий қуроли бўлмиш дронлар ишлаб чиқарадиган заводларни йўқ қилиш кун тартибига қўйилган. Шунингдек, электр энергияси таъминотини издан чиқариш масаласи қўйилган,бу ишлаб чиқаришга таъсир қилади, албатта. Украина қўшинларни бир ҳудуддан иккинчисига кўчиришда ҳам электровозлардан фойдаланади, бунга ҳам таъсир қилади.
Умуман олганда, сўнгги вақтларда урушда Россиянинг қўли баланд келаётгани эътироф этиляпти.
Жаҳонгир Акрамов: — Очеретина туманида Россия қўшинлари 5 кмга яқин силжиди. Бу фронтнинг бузилиши ва Украина қўшинлари қуршовда қолиши мумкинлиги ҳақида таҳлиллар бўляпти. Бу позиция бой берилишига сабаб психологик бўлиши мумкин, бундан ташқари, рақамларга қарасак, артиллерия қуролллари кўп ишлатиляпти Россия томонидан. Яна бир масала аскарларнинг кўп вақт урушда бўлиши, маълум муддатда алмашиб туриш керак аслида. Шунинг учун Украина ҳукумати чет элда юрган 18-60 ёшдаги ҳарбий хизматга яроқли эркакларга ҳужжат бериш масаласини жиддий кўриб чиқиш ва бу борада Болтиқбўйи, ЕИ давлатлари билан ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.
Шунга қарамай, Украина энг бомбардимончи самолётлардан бири Tu-22M'ни уриб туширди, бу захиралар тугамаганини ҳам кўрсатади. АҚШ Украинага 300 кмга етадиган ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини етказиб беришини билдирди.
Умуман, Авдеевкадан ташқари фронтлар мўътадил ҳозирча. Кейинги жараёнлар қандай бўлиши АҚШдан келадиган ёрдамнинг тезкорлиги ва кўламига боғлиқ.
— Яқинда Қўшма Штатлар Украина учун узоқ кутилган молиявий ёрдамни ажратди, лекин вазиятни ўнглаш учун кеч эмасми?
Камолиддин Раббимов: — Кеч эмас. Икки томон учун ҳам мураккаб вазият ҳозир. Ўтган йили бошида Украина кўзлаган қарши ҳужум муваффақиятсиз бўлди. Ҳозирги уруш позициялар уруши бўляпти. Икки томон ҳам ўзи турган ҳудудда яхшилаб ўрнашган. Бир-бирининг силжишига қаршилик кучли. Ўтмишдаги классик жаҳон урушларини эслатади бу. Кейинги 1 йилда шартли равишда ташаббус Россия тарафида. Россия қийинчилик билан баъзи ҳудудларни босиб оляпти, шиддатли эмас. Украинанинг қаршилик кўрсатиш салоҳияти сақланиб турибди. Шунинг учун ҳам бу урушда яқин мудлат ичида кардинал ўзгаришлар кутилмайди.
Украина ғалаба қилиши Россияни босиб олган ерларидан тўлиқ чиқариши керак. Бунинг учун энг охирги ҳарбий техникалар ва катта миқдордаги ҳарбийлар керак. Украина стратегияси шундайки, Россия босиб олган ерларга келадиган таъминот занжирини узиб қўйиш. Яъни ракеталар орқали уриб занжирни узмоқчи. Бунинг учун Қрим кўприги йўқотилиши, транспорт логистика йўлларига зарба бериш керак деяпти, лекин Ғарб Россия ҳудудига ҳужум қилишдан қайтаряпти. Украинанинг Россия ичидаги нефт заводлари ва базаларига зарба беришидан ҳам қайтаряпти АҚШ, чунки глобал васият ҳам бор. АҚШ ёрдами билан Украинанинг қарши туриш салоҳияти мустаҳкамланиб чўзилади, лекин вазият ўзгармайди.
Ойбек Сирожов: — Нега бу ёрдам чўзилди? Олдин ҳам айтганимиздек, Россия-Украина уруши АҚШдаги сайловолди дастури бўлаги, сиёсий ўйинлар даражасига чиқди. Агар ёрдам бўлмаса, Украина мудофаа чизиғи сочилиб кетади, деган таҳлиллар чиқа бошлади. Агар ёрдам бормай, шундай бўлса, Демократлар Республикачилар ёрдамни вақтида тасдиқламади, деган важ бўлиши эҳтимоли чиқди ва Республикачилар ҳам бу ёрдам пакетини қўллади.
Ҳозиргача АҚШ 113 млрд доллар ёрдам берган экан Украинага. Қарасак, шунинг 75 млрд доллари тўғридан тўғри Украинага берилган, қолган 38 млрд доллар АҚШнинг ўзига қолган, яъни юборилган қурол-яроғ эвазига, компанияларга. Энди ажратилган ёрдамнинг 3 дан 2 қисми АҚШда қолади. Олдинги ёрламлар шунчаки берилган бўлса, бу сафаргисида кредит масаласи қўйилди маълум қисмига. Иккинчидан, маблағни назорат қилиш масаласи қўйилди. Учинчидан, энди бериладиган ёрдам ҳамкорлар билан тенг, пропорционал берилади, агар шундай бўлмаса, ёрдамни музлатиб қўйиш мумкин, деган шарт ҳам бор. Тушунишича, бу дегани АҚШ ҳамкори бўлган Британия, Германия, Франция кабилар ҳам пул ажратади ва ўша айтилган пулни беролмаса, АҚШ ҳам ўзининг ёрламини тўхтатади. Бу бюрократияга йўл очиши мумкин. Украина учун муаммо ёрдамни ўз вақтида ва узлуксиз бериш, энди бу яна мураккаблашяпти.
Зеленский лоббисининг АҚШ ва Ғарбга таъсири пасайиб боряпти. Ҳозирги ёрдам 3 ойдан 6 ойгача етади, хўш, ундан кейин нима бўлади, деган масала бор. Ҳозирги ёрдам етадиган муддат айни АҚШдаги сайловларгача. Кейинги масала янги ҳукумат ёки сайлов қандай якунланиши билан боғлиқ бўлади. Умуман, олдинда мавҳум вазият кутиб турибди.
Украина ташқи ёрдамсиз натижага эришолмайди. Ўзи берилаётган ёрдамлар нимага қаратилган? Россия томонидан айтилаётган ёзда бўладиган кенг кўламли ҳужумга қарши туриш учун.
Икки томон ҳам асосан фронт ортида муаммолар чиқаришга уриняпти. Россия жамияти уруш кайфиятини тўғридан тўғри сезмаётганди, ташқарида бўлаётганди. Лекин сўнгги вақтлардаги дронлар ҳужуми, теракт кабилар жамиятга ҳам ҳис қилдирди. Худди шундай Россия ҳам Украина шахарларига ракеталар учириб турибди. Иккала давлат жамиятларида ҳам уруш бизга нима беряпти, тўхтатиш керакдир, деган саволлар пайдо бўлади.
— Ёрдам қандай эканига батафсил тўхталсак.
Жаҳонгир Акрамов: — Ёрдам кечикди, лекин айни вақтида бўлди. 61 млрд долларнинг 23 млрди АҚШнинг тўғридан тўғри етказадиган ҳарбий ёрдами, яъни ўзининг ҳарбий захираларидан беради. 18 млрдлик ёрдам алоҳида 2 йил давомида. 26 млн доллар мониторинг қилиш учун жараённи. Минтақадаги иттифоқчи давлатларни мустаҳкамлаш учун ҳам ёрдам бўляпти, масалан, Полша, Болтиқбўйи давлатлари. Ёрдам пакети 2026 йилгача мўлжалланган бўлса ҳам, жараён тезлашса, 2025 йилгача бўлиши ҳам мумкин.
Алоҳида 9 млрд доллар эса кредит эвазига берилди. Бу қисмни 2026 йилдан кейин АҚШ талаб қилиши хам мумкин, 50 фоизидан кечиши ҳам мумкин. Лекин аниқ вақт йўқ, бир неча ўн йилдан кейин тўлаши ҳам мумкин Украина. Умуман, ёрдам ўз вақтида бўлди.
Ёрдам таркибида кўпроқ ҳаво кучлари, хаводан ҳужумлардан химояланиш учун техникалар мавжуд. Танклар йўқ, менимча. Чунки у қадар самарали бўлмаяпти танклар билан уришиш. Фикримча, шундай бўлади.
— Украина суверенитетини бузилиши НАТОнинг коллектив мудофаа анъаналарига қандай таъсир қилмоқда?
Камолиддин Раббимов: — Дунё кўп қутблилик олдида турибди. Иккита масала кўп қутблиликни тезлаштиради ёки секинлаштиради. Агар Украина ютқазса ёки Россия эгаллаган жойларини сақлаб қолса, дунёда кўп қутблилик шаклланиши тезлашади.
Иккинчи масала АҚШда ким президент бўлиши. Трамп изоляционист сиёсатчи. АҚШ 90-2000-йилларга қараганда дунё ишларидан чарчаган. АҚШ аҳолиси бунча катта харажатлар нимага керак, ички ишларни қилайлик, деган кайфиятда. Трамп ҳокимиятга келса, мана шу кайфиятни ифода қилади. Байден хокимиятда қолса, бу ҳукуматда ҳам изоляционизм бўлали, лекин кучли эмас.
ЕИда бошқача кайфият. Франция ва Англия мудофаа ташаббусини ўзимиз олишимиз керак, АҚШ кайфиятига қараб иш кўряпти, деган қараш бор. Германияда эҳтиёткорлик. Лекин Россиядан қўрқиш ва унга салбий қараш оҳанги кучайиб бор боряпти.
ЕИ сўнгги 1 йилда мудофаа саноатини ривожлантиришга қаратилган қадамларни катта ташлаяпти, келажакда Россия билан аниқ тўқнашилади деган кайфият бор. Тайван сабаб Хитой ва АҚШ тўқнашса, яна бир уруш ўчоғи пайдо бўлади. Дунёда урушлар даври бошланди ва буни тўхтатадиган куч, сабаблар мавжуд эмас.
АҚШ сиёсий элитаси биладики, Украинада енгилса, дунё геосиёсатида янги давр бошланган бўлади. Шундоқ ҳам Афғонистонда енгилди, Ироқда миссияни якунлай олмади.
— Дунё сиёсий харитасида Украина билан бирга пайдо бўлган, мустақил бўлган давлатлар учун ҳам хавф-ку бу, шундай эмасми?
Камолиддин Раббимов: — Тўғри, шундай. Украинанинг вазияти оғир, лекин енгилиш ҳақида гап кетмаяпти. Дейтик, Зеленский ҳукумати йиқилиб, Киевга Россия одами қўйилди, лекин Украина ижтимоий кайфиятида Россияга қаршилик қилиш, унга ишончсизлик бу яқин орада тўхтамайди. Исроилликлар ва араблар ўртасидаги геомафкуравий кураш неча йиллардан буён давом этаётган бўлса, Украина ва Россия ўртасидаги кураш мана шундай давом этаверади. Уруш тўхташи мумкин бир-икки йил ичида, лекин ғоявий кураш тўхтамайди.
Ойбек Сирожов: — НАТО, Ғарб масаласига тўхталсак. Ўзи Ғарб Украина ғалабаси тарафдорими ёки Россия заифлашуви тарафдорими? Берилаётган ёрдамлар ҳам шундан келиб чиқяпти. Ғарб Украинанинг ютиғи эмас, Россия заифлашуви тарафдори, деган хулоса пайдо бўляпти.
2 йилдан ортиқ вақт давомида НАТОдаги вазиятни таҳлил қилсак, икки хил тенденция пайдо бўлади. Уруш бошида бирлашди, НАТО таркиби ҳам кенгайди. Украинага қанча керак бўлса ёрдам берамиз, деган позиция бўлди. Лекин секин-секин бу нарса пасайяпти, келишмовчиликлар, турли фикрлар пайдо бўлди. Энди керак бўлганича эмас, ўзимизнинг имкониятимиз қадар ёрдам берамиз деган фикр шаклланяпти.
Янги кўп қутблилик шаклланиши палласига кирди ва бу жараён оғир бўлади. Бундан НАТО давлатлари манфаатдор эмас, ҳозирги даражалари уларни қониқтиради.
НАТОни тийиб турадиган яна бир омил Россиянинг ярдо қуроли борлиги. Қачонки вазият чигаллашса, Россия бирдан шу нарсани дастак қиляпти.
Глобал ҳамжамият тинчлик йўли билан кўп қутблилик шаклланишидан манфаатдор. Қачондир келишув бўлади, бу келишув бутун дунё келишуви бўлади деган ёндашув ҳам бор.
— Россия ва Украина уруши қайси нуқтагача бориши мумкин?
Ойбек Сирожов: — Ғарб Украинани қўллашга қанчалик тайёр, деган масала муҳим бу ерда. Украина Ғарб ёрдамисиз Россияга қаршилик қилолмаслиги аниқ.
Сценарийларга тўхталсак. Биринчиси — ўзаро келишади томонлар. Иккинчиси — капитуляциягача бориш. Иккинчиси эҳтимоли кам, Россиянинг ўзи ҳам хоҳламаса керак. Украина халқи бунга кўнмайди. Учинчиси — глобал майдонда эскалация бўлиб, ядро урушига олиб келиши, энг хавфли сценарий бу.
2022 йилда Истанбул келишуви бўлганди. Бугунги кундаги вазиятдан келиб чиқсак, бу Украина учун энг оптимали шу. Унга кўра, нейтралитет мақоми бўлади, эгалланган ҳудудлар қайтарилади, Қрим масаласини эса президентлар келишади. Россия қўйган талаб НАТОга аъзо бўлиш масаласини кун тартибидан олиш. Бугун эса Россия эгаллаган ҳудудларида қолади ва Украина нейтралитет мақомида бўлади, деган келишув илгари суриляпти. Ёрдам пакети тугаб, АҚШда сайловлар ўтгач, ўша вақтдаги келишув варианти ҳозиргидан яхшироқ бўлиши эҳтимоли кам, менимча, ҳозиргидан оғирроқ ҳам бўлади. Шунинг учун тезроқ келишиш керак, деб ўйлайман. Ҳеч бўлмаганда вазиятни музлатиш масаласи бўлиши керак.
Жаҳонгир Акрамов: — Ҳар бир давлат, ташкилот ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб ташқи сиёсат юритади. Хавфсизлик шунақа нарсаки, уруш қачон тугашидан ҳам кўра яна қачон қайта бошланиши масаласи муҳимроқ деб ўйлайман. Ростдан ҳам Ғарб олдида иккита танлов бўлди: Украинанинг тўлиқ ғалабаси ёки шунчаки Украина ютқазмаслиги. Тўлиқ ғалаба борасида Британия шундай оҳанглар бўлади, лекин кўпчилик Европа давлатлари шунчаки Украина ютқазмаслиги истайди. Уруш тугашида урушдан олдинги чегараларга қайтиш ёки Домбаснинг ҳам қайтарилиши ҳақида фикрлар бор. Қрим эса маълум вақтлардан кейин қайтариш масаласи ҳам бор.
Уруш кимнинг ким эканини кўрсатади, ҳолат, имкониятларини, иттифоқчилликка тайёрлик ҳолатини ҳам кўрсатади. Ғарбни кўпроқ Россиядаги тузум ташвишга солади. Истанбул келишувидан Британия қайтаришига сабаб ҳам айни шу билан боғлиқ, яъни ишонмади.
Хитой омилига қарасак. Бу уруш фонида Хитой ўсиб борди, АҚШ ҳам ўзига тенг рақиб сифатида уни кўряпти. Россия бу урушда стратегик ютқазди.
Камолиддин Раббимов: — Бу масалада прогноз қилиш қийин. АҚШдан берилаётган ёрдамни қарши ҳужум учун ишлатиш ҳақида гапирмаяпти, ўтган сафар тарихий шармандалик бўлди, шу сабаб кучли пропаганда олиб бормаяпти бу масалада. Бу уруш ечимидан узоқ. Зеленский уруш бошида Путин билан келишилмайди, деб қонун ҳам чиқарганди. Лекин сўнгги ойларда расмий Киев музокаралар ҳақида гапиряпти. Россия билан маълум даражада келишишдан бошқа илож йўқ, Украинага босим ортяпти, Трамп келса, бу босим янада кучайиши мумкин.
Лекин Трамп башорат қилиб бўлмайдиган сиёсатчи ҳам. Трампнино фундаментал мойиллиги Путин билан келишиш. Лекин унинг атрофидагилар бошқача йўл тутишга кўндириши мумкин. Шу сабаб урушни прогноз қилиш қийин. Икки томонни ҳам ҳолсизлантирувчи уруш давом этади. Асосий стратегия — Россияни узоқ муддатли ҳолсизлантириш.
Коллектив Ғарбда бу урушдан чарчаш кучли. Коллектив Ғарб сиёсий элитаси, жамоатчилиги чарчади ва уруш стандарт ҳолатга келди. Дунёдаги кўп қутблилик Фаластин контекстида шакллангани яхши, Украинада шаклланса, бизнинг мустақилликка жиддий соя солиши мумкин.
Ойбек Сирожов: — Уруш янги урушларни пайдо қиляпти, шунинг учун бу урушни тезроқ тугатишдан ҳамжамият манфаатдор. Тинч океани масаласи кун тартибига чиқяпти, бу уруш қанчалик тез тугаса, бундай ҳолатларга имконият қолдирмайди. Лекин умумий тахлилларга қарсак, инсоният урушлар даврига кириб боряпти. Бунинг олди олинса, бутун инсоният, биз учун хам мухим аҳамият касб этади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.