Мўъжиза рўй бермади: Россияда урушга қарши ягона номзодга сайловда қатнашишга рухсат берилмади
Марказий сайлов комиссияси унинг номзоди учун тўпланган имзоларда нуқсон топди ва рўйхатга олмади.
Россия Марказий сайлов комиссияси сиёсатчи Борис Надеждинга президентлик сайловларида иштирок этишга рухсат бермади. Аввалроқ МСК Борис Надеждин учун берилган имзоларнинг 15 фоизини яроқсиз деб топганди. Сиёсатчининг жамоаси бу яроқсиз имзолар хато сабаб қабул қилинганини исботлай олмаган.
Россия қонунчилигига кўра, 5 фоизгача имзолар хато чиқишига рухсат берилади. Надеждин МСК йиғилишида рўйхатга олинган имзоларни текшириш учун 10 февралгача муддат сўради, аммо комиссия раҳбари Элла Памфилова бунга рухсат бермади. Памфилова сиёсатчига «унинг сиёсий келажаги порлоқ экани»ни айтиб, шахсий партиясини тузишни таклиф қилди.
Надеждин МСКга жами 104 минг 734 та имзо тақдим этган. Комиссия уларнинг 9 147 таси, яъни 8,7 фоизини яроқсиз деб топган. Комиссия раҳбари ўринбосари Николай Булаевнинг айтишича, имзоси қўйилганлар ичида 11 киши аслида вафот этган ва бу «жуда ажабланарли ҳолат».
Россия МСКга кўра, яна 1 767 та ҳолатда имзо йиғувчи имзо тўпловчилар рўйхатида қайд этилмаган, 995 та ҳолатда имзо йиғувчининг маълумотлари нотариал рўйхат билан мос келмаган, 123 та ҳолатда имзо йиғувчи номидан учинчи шахс имзо тўплаган. Шунингдек, Надеждин учун имзо тўплаганларнинг икки нафари сайлов комиссиясида ишлаши ҳам қонунга зидлиги келтирилган.
Булаевга кўра, имзо варақалари аввал сунъий интеллект ёрдамида, кейинроқ 40 нафар эксперт томонидан текширилган. Бу жараёнга 144 соат вақт сарфланган. Жараёнда Надеждиннинг вакиллари қатнашмаган.
Аввалроқ Борис Надеждин унинг сайловда қатнашиши учун 200 минг россиялик овоз бергани, улар орасидан МСКга топширилган 105 мингта имзо айнан муаммоли чиқиб қолмаслиги учун саралаб олинганини айтганди.
Сиёсатчи Украинадаги Россия босиб олган ҳудудларда имзо тўпламаганди, унинг учун хориждаги россияликлар берган имзоларни эса эҳтиёткорлик юзасидан умуман ҳисобга қўшмаганди. Шу тариқа, Надеждин МСКга 105 мингта «идеал имзо» топширганига қарамай, уларнинг 15 фоизи яроқсиз деб топилиб, сиёсатчига Россия президентлиги учун сайловларда қатнашишга рухсат берилмади.
Сиёсатчи Россия МСК қарори бўйича мамлакат Олий судига арзнома киритиши, 2024 йилдаги президентлик сайловида иштирок этиш сиёсий ҳаётидаги энг муҳим вазифа эканини айтди.
Надеждиннинг айтишича, ўтказилган сўровларга кўра унинг рейтинги фақат амалдаги президент Путинникидан ортда қолмоқда. «Барча сўровларга кўра менинг рейтингим иккинчи эди. Бу эса ўн миллионлаб одамлар мен учун овоз бермоқчи дегани. Сиз эса менга ўлган одамлар ва паспортлардаги хатоликлар ҳақида гапиряпсиз. Буни қонундаги камчилик деб биламан. Бу қарор борасида албатта [судда] тортишамиз», деган Надеждин.
Надеждинни парламентга аъзо бўлмаган «Фуқаролик ташаббуси» партияси президентликка номзод сифатида кўрсатганди. Бундай партия вакиллари сайлов бюллетенида номи кўрсатилиши учун эса камида 105 мингда имзо тўплаши керак. Борис Надеждин мамлакат президентлиги учун сайлов бошланиши олдидан урушга қарши эканини очиқ айтган ягона номзод эди.
Борис Надеждин 1963 йил Тошкентдаги яҳудийлар оиласида туғилган. Оила 1966 йилдаги даҳшатли зилзила вақтида ҳам Ўзбекистон пойтахтида яшаган ва 1969 йилда Россияга кўчиб кетган. Сиёсатчининг бобоси катта Борис Надеждин Тошкент консерваторияси доценти бўлган. Википедия маълумотига кўра, Тошкентда катта Борис Надеждинга ёдгорлик ўрнатилган ва унинг номига мусиқа мактаби аталган.
4 нафар номзод қолди
Шу тариқа, Россия Марказий сайлов комиссияси йиғилишидан кейин президентлик сайловида тўрт номзод курашадиган бўлиб турибди. Булар амалдаги президент Владимир Путин, ЛДПР партияси етакчиси Леонид Слуцкий, Коммунистик партия вакили Николай Харитонов ва «Новие люди» партияси етакчиси Владислав Даванков.
Сайлов бюллетенида номи келтириладиган номзодларнинг якуний рўйхати 10 феврал куни эълон қилинади. Борис Надеждин ҳали бюллетенда номи кўрсатилиши учун имкони борлигини айтган.
Урушга қарши ягона номзод
60 ёшли Борис Надеждин 2023 йил кузидаёқ президентлик кампанияси бошлаганди. Уни парламентга аъзо бўлмаган «Фуқаролик ташаббуси» партияси номзод сифатида кўрсатган, МСК унга имзо тўплаш учун рухсат берганди.
Надеждинга гумон билан қарашларига унинг репутацияси ҳам рол ўйнади. У 90-йилларда аввалига Борис Немцовнинг, кейинроқ ҳозир Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари бўлган Сергей Кириенконинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Кириенко ҳозирда Россия ички сиёсатига жавобгар муҳим шахс ҳисобланади.
Россия Давлат думасига «Ўнгчи кучлар кенгаши» партиясидан сайланган Надеждин у ерда фақат битта чақириқда ишлайди. Партия тарқалиб кетгач эса ҳукуматга содиқ бўлган «Тўғри йўл» партиясида фаолият юритади. Охирги йилларда Надеждинга Россия давлат телеканалларида мухолифат вакили ролини «ишониб топширишганди».
Шунга қарамай, Борис Надеждин Украинадаги уруш давом этишини қўлламаслигини очиқ айтган ягона номзод ҳисобланади. У уруш сўзи ўрнига эҳтиёткорлик билан расмий лаҳжада қабул қилинганидек «махсус ҳарбий амалиёт» иборасини қўлламоқда. Сиёсатчи уруш бошлаш қарорини «фалокатли хато» деб атаган. Шунингдек, Путин мамлакатни ҳалокатга етаклаётгани ҳақида очиқ гапирган.
Қизиғи, Надеждиннинг кампаниясида имзо тўплашга унчалик жиддий эътибор беришмаётганди. Вазият январ ойи ўрталарида, Россиянинг кўплаб шаҳарларида уни қўлловчилар имзо бериш учун узундан узун навбатлар ташкил қилгач ўзгарди.
Аввалига Россия мухолифатида Надеждиннинг номзод сифатида кўрсатилишига совуққонлик билан қарашди. Мухолифатда Надеждинни «Кремлнинг Путин учун тайёрлаган либераллар орасидан навбатдаги спарринг рақиби» деб қарашди. Худди шундай вазифани 2018 йилги сайловларда Ксения Собчак бажариб берганди.
Надеждин ўз номзоди рўйхатдан ўтказилгач, буни Кремл билан маслаҳатлашмаганини айтди. Унинг танишларидан бири эса «Медуза» билан суҳбатда номзодини кўрсатиш сиёсатчига президент маъмуриятидан таклиф қилинганини айтган.
Борис Надеждин учун имзо тўплашда катта навбатлар кузатилгани Россия мухолифати аъзолари, хусусан, уруш бошлангач мамлакатни тарк этганларнинг эътиборини ўзига қаратганди. Аксар мухолифатчилар Надеждин учун овоз беришга чақиришди. Уларнинг фикрича, бу номзодни қўллаш ҳозир Россияда урушга қарши бўлишнинг ягона қонуний йўли ҳисобланади.
Мавзуга оид
12:50
Россияда сариёғ ва тухумдан кейин картошка ҳам қимматлашди
12:10
ЕИ Euroclear'га Россия активларидан фойдаланишга рухсат бериши мумкин
23:08 / 31.10.2024
«Бошқа давлатлар ҳам Пхенян каби ўз қўшинларини Россияга юбориши мумкин» — эксперт
11:10 / 31.10.2024