Ўзбекистон | 20:28 / 16.10.2021
10382
6 дақиқада ўқилади

“Лидер қизлар” клуби ва “Олима аёллар грантлари”: Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш дастури муҳокамага қўйилди

2022 йилдан бошлаб иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш бўйича «Оила–маҳалла–таълим муассасаси» ҳамкорлик механизми ишга туширилиши мумкин.

Фото: Жамшид Норқобилов/ ЎзА

Бу – муҳокама учун эълон қилинган «Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида ўз аксини топган.

Қарор иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, улар билан алоҳида ишлаш, қобилиятларини тўғри йўналтириш ва рағбатлантириш, шунингдек, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлашга қаратилган тизимли ўқишларни ташкил этиш ва кадрлар захирасига киритиш ишларини такомиллаштириш мақсадида қабул қилиниши назарда тутилган.

Унга кўра, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинади.

Шунингдек, маҳаллалар ва таълим муассасаларида иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш тартиби, иқтидорли ёш хотин-қизларни иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишларини тўғри йўналтириш ва рўёбга чиқариш тартиби, иқтидорли ёш хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тартиби белгиланади.

Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ва раҳбарлик лавозимларига тайёрлашни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланади.

Қарор билан республикамизда ҳар йили март ойининг биринчи ҳафталиги «Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги» деб эълон қилиниши мумкин.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маҳаллалардаги «Бибихоним мактаблари» жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжати лойиҳасини тайёрлайди. Шунингдек, 2022 йил 1 майга қадар «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти билан биргаликда «Аёл – лидер» ўқув-маърифий электрон платформасини яратиш ва ишга тушириш чораларини кўради.

Ҳужжатда «иқтидорли ёш хотин-қиз» тушунчасига изоҳ берилган. Таърифга кўра, у – юқори даражада ривожланган қобилият, ақлий коэффициент ва интеллект ҳамда бир ёки бир неча соҳада муайян натижаларга эришишда ўзига ишончининг юқори даражасига эга бўлган 30 ёшдан ошмаган аёлдир.

Ҳужжатда иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш тартибига ҳам аниқлик киритилган:

  • Мактабгача таълим ва тарбия муассасасининг қиз тарбияланувчилари 3 ёшдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида ота-оналар иштирокида улар ўртасида психологик тестлар, суҳбатлар ва танловларни ўтказиш, тиббий кўрик натижалари, тарбиячиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш орқали уларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишлари аниқланади. Сўнгра ҳар йили июн ойида тарбияланувчи қизларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишлари тўғрисида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланган 6-7 ёшдаги боланинг мактабга тайёргарлик харитаси расмийлаштирилади ҳамда умумтаълим мактабларига тақдим қилиш учун тарбияланувчи қизларнинг ота-оналарига берилади.
  • Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим мактабларида 1-синф ўқувчи қизларининг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишлари, 2-11-синф ўқувчи қизлари ўртасида эса ҳар йили сентябрь ойида психологик тестлар, суҳбатлар ҳамда йил давомида режа асосида турли кўрик-танловлар, фан олимпиадалари ва «Интеллектуал ўйинлар ҳафталиги»ни ўтказиш натижалари асосида уларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишлари аниқлаб борилади. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим мактабларида ҳар йили 1 июлга қадар 4, 9 ва 11-синф якунлари бўйича ўқувчи қизларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишлари тўғрисида ХТВ томонидан белгиланган шаклда маълумотлар расмийлаштирилади ҳамда уларнинг нусхалари эса тарбияланувчи қизларнинг ота-оналари ҳамда яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тақдим этилади.
  • Олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасаларида янги ўқув йилидан бошлаб 1-курс талаба қизларининг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишлари ҳар йили 10 октябрга қадар олий таълим муассасалари ва ўрта махсус таълим муассасаларининг сўровига асосан улар таълим олган умумий ўрта ва ўрта махсус таълим мактаблари ёки яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида аниқланади.
  • Олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасалари юқори курсларининг талаба қизлари ўртасида турли кўрик-танловлар ва фан олимпиадалари натижалари, профессор-ўқитувчилар ва гуруҳ мураббийларининг фикр-мулоҳазалари асосида ҳар йили 1 июлга қадар уларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишлари аниқлаб борилади.

Умумтаълим мактабларида 5-7-синф ўқувчи қизларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида «Тенгдош-тенгдошга» йўналишидаги тўгараклар ҳамда 8-11-синф ўқувчи қизлари ўртасида «Қизларжон» клуби фаолият кўрсатади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги республикадаги хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб қилиш, фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг янги ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун «Олима аёллар грантлари» ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танловини ўтказади.

Олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Иқтидорли қизлар» уюшмаси ва «Лидер қизлар» клуби фаолият кўрсатади.

Олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасалари талаба (ўқувчи) қизлари ўртасида ҳар йили уларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишларини рўёбга чиқаришга ҳамда лидерлик сифатларини ривожлантиришга қаратилган «Энг иқтидорли талаба қиз», «Ташаббускор талаба қиз», «Лидер талаба қиз», «Энг яхши инновацион ғоя ва лойиҳа муаллифи», «Энг яхши ихтирочи ва томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган «Олима аёллар грантлари» ташаббускор амалий ва инновацион танлови ўтказилади.

Мавзуга оид