18:32 / 16.02.2023
70004

Туркиядагидан кучли зилзила: 1966 йилда Тошкентни титратган ер қимирлаши суратларда 

Туркиядагидан кучсиз бўлмаган ер қимирлашини бундан 56 йил олдин тошкентликлар ҳам ҳис қилишганди. Kun.uz «Кинофотофоно» ҳужжатлар архиви билан ҳамкорликда 1966 йилдаги зилзила ва ундан шаҳар қандай оёққа тургани суратларини тақдим этади.  

1966 йил 26 апрел тонгги 5:23да Тошкент шаҳрида эпицентрдаги ер юзасида сейсмик таъсири 8 баллдан ортиқ даҳшатли зилзила рўй беради. 10-12 сония давом этган зилзила талафот майдони 10 километрга етган. Бу шаҳарни тўлиқ йўқ қилиб юбормаган. Уйлар ёрилган, ўнлаб жамоат бинолари қулаб тушган. 300 мингдан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолади.

Тошкент зилзиласида 200 минг киши жароҳат олгани айтилади. Бироқ қурбонлар сони расман ҳалигача очиқланмайди.

С.Мавлонов номли сейсмология институти ходими, академик Қаҳҳорбой Абдуллабеков 1966 йил 26 апрел тонгини шундай хотирлайди.

«Ўша пайтда жуда қаттиқ уйқуда эдик. Тўсатдан зилзила бўлди. Интенсивлиги жуда қаттиқ эди. Жуда қаттиқ силкитиб ташлади, ётган жойдан туриб кетишнинг иложи йўқ эди. Зилзила ўчоғи бевосита шаҳар остида эди. Шунинг учун кўтариб ташлашлар тикка, вертикал бўлди. Шунинг учун кўп иморатлар қуламаган», – дейди академик Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида.

Абдуллабеков зилзила бўлган куниёқ Москвадан Брежнев, Косигин каби иттифоқнинг биринчи раҳбарлари Тошкентга келгани ва зудлик билан ҳукумат комиссияси ташкил қилинганини айтади. «Ҳамма нарса издан чиққанди, сув, электр. Шуларнинг барини жойига қўйиш керак эди», – дейди у.

Майор Ҳаким Пўлатов, қидирув-қутқарув ишлари давомида

Зилзиладан талафот кўрган одамларни рўйхатга олиш ва уларга ёрдам беришга қатнашганлардан бири сейсмограф Турдиали Ортиқов эди.

«Шаҳар марказини, Лабзак атрофида бўлган ҳолатларнинг ҳаммасини, бузилган уйларни, одамларни ўз кўзим билан кўрганман. Шаҳарнинг очиқ жойларига палаткалар олиб келиб, одамларни ўша уй-жойларга кўчиришган. Лабзак атрофи, Туркистон кинотеатри атрофидаги уйлар, ҳовлилар, боғларнинг деярли ҳаммаси ишдан чиққанди», – дейди профессор Ортиқов.

Зилзила бир неча сония давом этиб тўхтаган бўлса-да, ундан кейин анча вақтгача афтершоклар бўлиб турган.

«Ер остида йиғилган куч битта зилзилада сарф бўлмайди. Ҳар кунда 10 мартагача кичик силкиниш – афтершоклар бўлиб турган», – дейди академик Абдуллаев.

«Зилзилали автошоклар бўлган пайтда, – Ортиқовнинг айтишича, – бинолар қимирлаши ва ҳоказолар кўп одамнинг психикасига таъсир қилди. Эшик қаттиқроқ очилса ҳам одамлар ташқарига югурадиган даражагача борган. Қаттиқроқ зилзила бўлган пайтда, одамлар ўзини 2-қаватдан, юқори қаватлардан ташлаб юбориш, қочиб югуриб, зинадан йиқилиб, оёғини синдирган ҳолатлар ҳам кўп бўлган».

Шайхонтоҳур ва Қалдирғоч бий мақбараси

Журналист Фарҳод Ҳожиевнинг архив ҳужжатлари бўйича маълумот беришича, зилзила натижасида 2 миллион метр квадратдан зиёд турар жой, 2236та маъмурий бино, 700га яқин савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, 26та коммунал хўжалик корхонаси, 180га яқин ўқув юрти, 8 минг ўринли мактаблар, 36та маданий-маиший муассаса, 185та тиббиёт ва 245та саноат корхонаси бинолари зарар кўрган.

Меҳмонлар Тошкент марказини реконструкция қилиш режасини кўрмоқда, 1968 йил

Қисқа муддат ичида (3,5 йилда) зилзила оқибатлари бартараф этилди. Янги даҳалар, йўлдош шаҳар – Сергели бунёд этилди. 300 минг тошкентлик уй-жой билан таъминланди.

Бошпана учун қурилган палаткалар
Москва вилояти қурувчилари томонидан қурилган 4 қаватли янги турар жой биноси

Зилзиладан жабр кўрган тошкентликларнинг оилаларига берилаётган 110 хонадонли янги турар жой биносининг умумий кўриниши.
Ўзбекистон ССР Алоқа вазирлиги катта техник-механиги, зилзиладан жабр кўрган Юрий Арустамяннинг оиласи Самарқанд шаҳридаги янги уйдан квартира олмоқда
Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top