“Тошкентга трамвайни қайтариш режалаштирилмоқда, аммо бугунги кунда [трамвай қурилиши бошланса] шаҳардаги коммуникация тармоғини ўзгартиришга тўғри келади, бу – жуда қиммат ғоя”,– дейди пойтахтда трамвай лойиҳасини амалга ошириши керак бўлган Аlstom компанияси вакили.
Франциянинг Аlstom компанияси – темирйўл транспорти, жумладан, трамвайлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири. Компаниянинг Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаларидаги савдо ва маркетинг бўйича вице-президенти Саша Парне 2 май куни Тошкентда ўтган халқаро инвестиция форумида Gazeta.uz мухбирининг трамвай лойиҳасига оид бир қанча саволларига жавоб берган.
“Трамвайнинг эски йўналишини тиклаш – яхши ғоялардан бири”
Саша Парне шаҳарнинг марказий қисмидаги [эски] трамвай линиялари “муҳим инфратузилма нуқталари” эканини тасдиқлаб, агарда қурилиш ишлари бошланса, кўплаб коммунал, электр тармоқлари, канализация қувурларида узилиш бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Линияларни ётқизиш давомида имкон қадар одамлар мобиллигига[ҳаракатчанлигига] бўлган талабни қондиришимиз ва муҳандислик тармоқларини бузмасликка уринишимиз учун айрим тадқиқотлар керак бўлади”, – дейди у.
Қайд этилишича, ҳар бир шаҳар турлича тузилган, шунинг учун трамвай линияларини лойиҳалаш ва қуришда коммуникацияларнинг жойлашишини ҳисобга олиш керак. Бу борада трамвайнинг эски йўналишини тиклаш – яхши ғоялардан бири экани айтилмоқда.
“Чунки [трамвай линиялари] борлигидан бери у ерга ҳеч нарса қурилмаган бўлса, коридорга кириш мумкинлиги аниқ. Аммо сиз талабни ҳам ҳисобга олишингиз ва мобилликни энг керакли жойда белгилашингиз керак”, – деган у.
“Трамвай лойиҳаси учун янги Тошкент приоритет бўлиб турибди”
Тошкент ҳокимияти ва Транспорт вазирлиги Франция компаниясига трамвай линиясини Янги Тошкентда қуриш устувор йўналиш эканини қайд этди.
Gazeta.uz'нинг эски Тошкент ҳудудида трамвай лойиҳасини амалга оширишга оид саволига Саша Парне пойтахт ва янги Тошкент ўртасида замонавий транспорт алоқаларини ўрнатиш устувор вазифа эканини, линияларни исталган жойда, жумладан, шаҳар марказида қуриш мумкинлигини такрорлаган. Аммо бу борада аниқ аниқ режа баён қилинмаган.















