Шавкат Мирзиёев “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирини эълон қилди
Ўзбекистонда 1 мартдан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади. Ўтган йили кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилгани айтилди ва бу йил баҳорда 125 миллион дона дарахт экиш топшириғи берилди.
2 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
2021 йил ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа доирасида кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, – деди президент.
1 мартдан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш, Автомобиль йўллари қўмитасига халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар четида иҳота дарахтзорлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.
Мутасадди идораларга барча туман ва шаҳарларни қамраб оладиган “мобил эко патруллар” фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.
Мавзуга оид
16:03 / 12.07.2024
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқилади
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
14:08 / 12.07.2024
“Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади” – президент
08:25 / 12.07.2024