Жамият | 15:26 / 29.01.2020
14765
7 дақиқада ўқилади

Фуқаро ва тадбиркор «емаган сомсасига пул тўламоқда». Қорақалпоғистон жиноят судининг ажрими адолатлими?

Таҳририят қорақалпоғистонлик фуқаро Алибек Амановнинг жиноят судлари томонидан чиқарилган ноқонуний ҳукм ва ажримлар ортидан моддий ва маънавий зиён кўриб келаётгани ҳақидаги мурожаатига эътибор қаратди.

Ноқонуний ҳукм ортидан кўрилган мулкий зарар

Алибек Аманов «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг Манғит филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келарди. У уч йил олдин ишининг орқасидан жиноий жавобгарликка тортилади. У жиноят ишлари бўйича Амударё туман суднинг 2017 йил 17 февралдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги), 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбли деб топилади ҳамда тегишли жазо тайинланади.

Оқибатда Амановнинг отаси раҳбарлигидаги «Аманов Жамшидбек» деҳқон хўжалиги балансида бўлган, 2015 йилда ишлаб чиқарилган «Кобальт» русумли автотранспорт воситаси давлат фойдасига ўтказилади.

Аманов томонидан ҳукмдан норози бўлиб киритилган шикоят Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича суди кассация инстанциясининг 2017 йил 14 сентябрдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилади.

А.Аманов суд ҳукми ноқонуний эканлигига шубҳа қилмаган ҳолда ҳақиқат учун курашни давом эттиради. Олий суднинг 2018 йил 6 декабрдаги ажрими билан кассация инстанциясининг 2017 йил 14 сентябрдаги ажрими бекор қилинади. Жиноят ишини кўришда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнг қатор моддалари, Олий суди Пленуми қарорларининг қатор бандлари қўпол равишда бузилгани боис олдин чиқарилган ажрим қонуний ва асосли эмаслиги кўрсатилиб, янгидан кассация инстанциясида кўриш учун юборилади.

Иш Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича суди кассация инстанциясида янгидан, бошқа судьялар таркибида қайта кўриб чиқилади. Шу суднинг 2019 йил 6 мартдаги (лекин ажримдаги кўрсатилган сана «2017 йил 6 март» деб хато ёзилган – таҳр.) ажрими билан суд ҳукмининг айрим қисмлари ноқонуний бўлгани эътироф этилади.

Жумладан, Алибек Амановнинг ЖК 167-моддаси 2-қисмининг «а,в,г» бандларидаги айби ЖКнинг 205-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинади. Унинг айбидан ноқонуний қўйилган ЖКнинг 243-моддаси, яъни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда ифодаланган қисми чиқариб ташланади.

Ноқонунийликдан адолатсизликка

Суд масалани унинг фойдасига ҳал этган бўлса-да, А.Аманов бу ажримдан ҳам норози. Чунки, суд тадбиркор мулки бўлган «Кобальт» автомашинасини қайтариш эмас, балки бунинг ўрнига ҳукм чиққан вақтдаги, яъни 3 йил аввалги баҳосида пул маблағи берилишини лозим топган.  

Мазкур ажримни адолатли дейиш мумкинми? Шу ҳақида мулоҳаза юритиб кўрамиз.

Жиноят-процессуал кодексида шундай қоида бор: суднинг ҳукми қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт. Қонун қоғозда ёзилган гаплар билан ўлчанади, адолат эса инсоф, виждон, инсонпарварлик, иймон билан ўлчанади. Қонунда ҳужжатдаги ёзувларга, адолатда эса айни пайтдаги реал шароит, ҳолат ва вазиятга қаралади.

Эътибор қаратинг, бу ҳикоядаги «Кобальт» машинаси 2017 йилда 35,1 млн. сўмга баҳоланган бўлиши мумкин. Айнан шундай машиналарнинг бугунги кундаги бозор баҳоси эса суд тадбиркор номига қайтараётган суммадан икки ёки уч баробар кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Келинг, шу ерда сўзимизни асослашга уриниб кўрамиз: olx.uz ва avtoelon.uz электрон савдо майдончаларида, худди шу тадбиркорникидек «Кобальт» русумли, 2015 йилда ишлаб чиқарилган «2-позиция евро» сериядаги автомашинанинг бугунги кундаги баҳоси 76 млн сўмдан (8000 доллар) 100 млн сўмгача (10500 доллар) бўлмоқда. Амановга эса у содир этмаган жинояти учун бир вақтлар олиб қўйилган автомашинасининг бугунги кундаги реал баҳосининг ярмидан ҳам камроқ бўлган пулни қайтаришмоқчи. Бу адолатданми?!

Мулк қайтишга тайёр, лекин «документ чатоқ»

Жиноят-процессуал кодексининг 303-моддаси иккинчи қисмида қисман реабилитация этиш айбланувчига ёки маҳкумга етказилган мулкий зиённинг асоссиз қисми қопланишига ва маънавий зиён оқибатларининг асоссиз қисми бартараф қилинишига сабаб бўлади, деб белгилаб қўйилган.

Мазкур кодекснинг 304-моддаси биринчи қисми 3-бандига кўра, суднинг ҳукмига асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати қопланиши лозим.

Масаланинг энг аҳамиятли жиҳати ҳам шундаки, ноқонуний ҳукм билан Амановнинг отаси, тадбиркор А.Амановдан тортиб олинган мулк Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 августдаги 841-Ф-сонли фармойиши билан МИБ ихтиёрига ўтказилган. Шу фармойишнинг 3-бандида борди-ю, суд қарори автотранспорт воситасини қайтаришни назарда тутадиган тарзда ўзгарса ёки бекор бўлса ушбу мулк ёки унинг қиймати эгасига қайтарилиши лозимлиги кўрсатилган. Бугунги кунда ушбу автомашина аукционларда сотиб юборилгани йўқ, балки у МИБ ихтиёрида қолмоқда. Бироқ, суд ажримида айнан «Кобальт» эмас, балки унинг ўрнига пул қайтарилиши белгилангани тадбиркорнинг ва Амановнинг бузилган ҳуқуқлари тўла тикланишига халал бермоқда.

«Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги низом (№ВМҚ-200, 15.07.2009 й.)нинг 58-бандида «мол-мулк ҳали сотилмаган, йўқ қилиб ташланмаган ёки қайта ишлашга топширилмаган бўлса, уни қайтариш ваколатли орган ёки давлат ижрочиси томонидан, мол-мулкни қайтариш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб ўн кун муддатда амалга оширилади», дейилган.

Кўриб турганимиздек, тадбиркорнинг «Кобальт»ини қайтариб бериш учун қонунларда хеч қандай чеклов йўқ. Аксинча, масъул идоралар керак бўлса ундан узр сўраб, ноқонуний айбланиши ва мулки тортиб олиниши ортидан кўрилган барча моддий ва маънавий зарарларни қоплаш чораларини кўриш керак, назаримизда. Ёки давлат идоралари шу беш йиллик эскирган машина, таъбир жоиз бўлса – бировнинг ҳақига қараб қолганми?     

Ушбу ҳолатга Олий суд ўзининг муносиб баҳосини беришига умид билдириб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров 

Мавзуга оид