Зарафшонда ҳоким ва прокурор келишолмаяпти. Ўртада 59 нафар фуқаро сарсон
Навоий вилояти Зарафшон шаҳар прокуратураси шаҳар ҳокимининг 2021 йил апрель-май ойларидаги 59 та фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судга ариза киритди. Шаҳар ҳокимлиги прокуратуранинг келтираётган важларини асоссиз деб ҳисобламоқда. Ўртада 59 нафар фуқаро сарсон бўляпти.
Зарафшон ҳокимлиги расмий Telegram каналида шаҳар ҳудудида 200 га яқин енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш режалаштирилгани ҳақида эълон берган. Мурожаат қилган 59 нафар фуқарога 2021 йилнинг апрель-май ойларида ҳоким фармойиши асосида хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўрнатиш учун вақтинча ер участкалари тақдим этилган.
Kun.uz манбасига кўра, ер участкаси тақдим қилинган фуқаролар белгиланган хизмат кўрсатиш турлари бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ҳаракатни бошлаб юборишган ҳамда бугунгача айримлари 30-40 миллион сўмгача ҳаражат қилишган. Айримлари пойдевор қурган, баъзилари енгил конструкцияли иншоотга буюртма берган. Аммо бугунга келиб улар қилган ҳаражатларига куйиб қолмоқда.
Гап шундаки, вилоят прокуратураси 2021 йил 7 июль куни ҳокимликка мазкур фармойишларни бекор қилиш тўғрисида протест киритган.
Ҳокимлик эса прокуратура протестини рад этган.Шундан сўнг, 2021 йилнинг 24 июль куни Зарафшон шаҳар прокуратураси Навоий туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, шаҳар ҳокимининг юқоридаги фармойишларни қабул қилишдаги хатти-ҳаракатини ғайриқонуний, фармойишларни эса ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Прокуратура Ер кодексининг 23-моддасига асосан ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади, ҳокимлик фармойиш асосида фуқарога енгил конструкцияли иншоот ўрнатишга рухсат бериш орқали ер майдонидан фойдаланишга имкон яратган, дея ҳисобламоқда.
Шаҳар ҳокимлиги эса фармойишлар билан фуқароларга ер участкалари ажратилмагани, аксинча вақтинча муддатга енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат берилгани, “ажратиш” ва “ўрнатиш” ўртасида фарқ борлигини, қонунчиликда “ўрнатиш” тушунчаси йўқлигини айтмоқда.
Шу сабали, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига асосан, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши белгилангани ҳисобга олинса, прокуратуранинг келтираётган важлари асоссиз, дея ҳисобламоқда ҳокимлик.
Шунингдек, прокуратура Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши тўғрисидаги низомнинг 2-боб, 5-қисм, 5-бандини асос сифатида келтириб, унда белгиланган тартибда тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига, шу жумладан, шаҳарлар ва туманлар марказларининг бош режаларига асосли ўзгартиришлар киритилишига розилик бериши, шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу объектни ўрнатишга рухсат беришда, кенгаш билан келишилмагани ёки бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳасида мавжудлиги тўғрисида шаҳарсозлик ҳужжати илова қилинмаганини рўкач қилган.
Шаҳар ҳокимлиги бу сабабни ҳам рад қилиб, Шаҳарсозлик кодексининг 54-моддасида аҳоли пунктининг бош режаси 20-25 йиллик ҳисоб-китоб муддатига мўлжалланиб ишлаб чиқилиши, аҳоли пунктининг бош режаси у тўлиқ амалга оширилгунига қадар ёки янги бош режа тасдиқлангунига қадар амал қилиши қайд этилганини асос қилиб кўрсатган.
Таъкидланишича, Зарафшон шаҳрининг бош режаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 11 ноябрдаги 243-сонли қарори билан тасдиқланган. Бош режага ўзгартириш киритиш муддати 2028-2033 йиллар оралиғига тўғри келади. Шаҳар ҳокимининг енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги фармойишлари 5 йил амал қилиши инобатга олинса, мазкур муддат 2026 йилда ўз кучини йўқотади.
Масаланинг эътиборли томони шундаки, ушбу “келишмовчиликлар” келиб чиқишидан олдин, 2020 йилнинг 16 декабрь куни ҳокимлик шаҳар прокуратурасига хат орқали мурожаат қилиб, енгил конструкцияли кўчма сервис объектларини вақтинча муддатга ўрнатиш юзасидан шаҳар ҳокимлиги фармойиши лойиҳаси тайёрлангани, мазкур фармойиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини сўраган.
Аммо прокуратура хатга жавоб қайтармаган. Шунингдек, шаҳар ҳокими ариза билан мурожаат қилган жами 139 нафар фуқарога енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатишга рухсат бериш бўйича фармойиш чиқарган. Прокуратура эса негадир 59 та фармойишга протест киритган.
Бир сўз билан айтганда, ҳокимлик ва прокуратуранинг ушбу “келишмовчилиги” ортидан тадбиркорлик қиламан деган 59 нафар фуқаро жабр кўрмоқда.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири