Жаҳон | 17:41 / 02.11.2025
6988
4 дақиқада ўқилади

Англияда поездда пичоқ билан ҳужум уюштирилди

Англиянинг Кембрижшир графлигида йўловчи поездида пичоқ билан ҳужум уюштирилди, 11 киши жароҳатланди, улардан икки нафари оғир аҳволда қолмоқда. Икки киши мазкур ҳужумга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Фото: JUSTIN TALLIS/AFP

Ҳужум шанба куни кечқурун Кембрижшир графлиги ҳудудида, Англия шимоли-шарқидаги Донкастер шаҳридан Лондондаги Кингс-Кросс вокзалига келаётган поездда содир бўлган.

Поезд йўловчилари полиция ва фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилиб, ҳужум ҳақида хабар берган. Уларнинг сўзларига кўра, камида бир киши пичоқ билан қуролланан ҳолда поезд йўловчиларига ҳамла қилган.

Ҳодиса ҳақида маълум бўлгач, кўп сонли полициячилар ва фавқулодда вазиятлар ходимлари Кембрижширдаги Ҳантингтон станциясига етиб келишган, поезд шу ерда режадан ташқари тўхташни амалга оширганди.

Қуролланган полициячилар поездда икки кишини ҳужумга алоқадорликда гумон қилиб қўлга олган.

Якшанба куни тушдан кейин полиция ҳибсга олинганларнинг иккаласи ҳам Британия фуқаролари эканини аниқлади. Улардан бири 32 ёшли қора танли британиялик, иккинчиси келиб чиқишига кўра Кариб денгизи ҳавзасига мансуб бўлган 35 ёшли эркак. Уларнинг иккиси ҳам Британияда туғилган. Уларнинг шахси очиқланмаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида жами 11 нафар йўловчи жабрланган. Дастлаб шифохонада ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар билан тўққиз киши ётқизилгани хабар қилинганди. Аниқлик киритилишича, улардан тўрт нафари аллақачон касалхонадан чиқарилган, аммо икки нафар жабрланувчининг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Ярадорларнинг исмлари ҳам айтилмаяпти.

Якшанба куни эрталаб Ҳантингтон бекати ёпиқ эди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужум содир этилган поезд платформада қолмоқда, полиция воқеа жойида ишлашда давом этмоқда.

Ушбу ҳудудда поездлар ҳаракати қисман кечиктирилган, айрим рейслар бекор қилинган, одамлар якшанба куни иложи борича саёҳат қилмасликка чақирилган. Шунингдек, автотранспорт воситалари ҳаракатига бир қатор чекловлар сақланиб қолмоқда.

Гувоҳлар нима дейди?

Ҳужум пайтида нима бўлгани тафсилотлари келиб тушмоқда.

Ҳодиса вақтида поездда бўлган Олли Фостернинг айтишича, йўловчилар ваҳимага тушган, қонга беланган қурбонлар эса қичқирган ва ёрдам сўраган.

Фостер BBC мухбири билан суҳбатда дастлаб «Қочинглар, қочинглар, у ерда бир йигит ҳаммани пичоқламоқда» деган қичқириқларни эшитгани ва бу ўтган тунда нишонланган Ҳэллоуин байрамидан кейинги ўйинга ўхшаши ҳақида ўйлаганини айтди.

Бир неча дақиқадан сўнг одамлар вагон оралаб ўта бошлашган ва Фостер унинг қўли «бутунлай қонга бўялгани»ни пайқаган, чунки бу вақтда у таяниб турган «ўриндиқнинг ҳамма жойи қонга бўялганди».

Фостернинг сўзларига кўра, кекса ёшли эркак ҳужумдан ҳимоя қилиш учун бир қизни гавдаси билан тўсиб турган, бироқ ўзи боши ва бўйнидан жароҳат олган. Унинг атрофидаги йўловчилар қон кетишини тўхтатиш учун курткалардан фойдаланишган.

Буларнинг барчаси бор-йўғи 10-15 дақиқа давом этган бўлса-да, Фостернинг айтишича, воқеа «мангуликдек туюлган».

Британия транспорт полицияси BBC’га дастлаб полиция ва фавқулодда хизматлар «оммавий террорчилик ҳужуми»га реакция кўрсатишда қўлланадиган «Plato» код сўзидан фойдаланганини тасдиқлади. Кейинчалик ушбу код сўзидан фойдаланиш бекор қилинди, деб хабар бермоқда BBC’нинг ички сиёсат масалалари бўйича мухбири Дэниел Сэндфорд.

Якшанба куни тушдан кейин транспорт полицияси вакили терактга ишора қиладиган ҳеч нарса йўқлигини айтди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили ҳам содир бўлган воқеа ёки ҳужум қилган шахснинг мотивлари ҳақида бирор тахминни илгари суришга ҳали эрталигини айтди.

Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд тергов жараёни ҳақида мунтазам равишда маълумот олиб туришини билдирди ва «ушбу дастлабки босқичда изоҳ бериш ва спекуляция қилишдан тийилиш»га чақирди.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Кембрижширда содир бўлган воқеани «чуқур хавотир» уйғотувчи «даҳшатли ҳодиса» деб атади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев