Ўзбекистон | 15:00 / 12.05.2026
909
2 дақиқада ўқилади

Импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар, кафолатли харид ва янги ҳамкорлар: Оҳангаронда “Миллий саноат занжири” кўргазмаси ўтказилади

Унда ҳозирда четдан олиб келинаётган, лекин ички бозорда ишлаб чиқариш имкони мавжуд маҳсулотлар очиқ тақдим қилиниб, тадбиркорларга реал эҳтиёж ва талаблар кўрсатилади. Шу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар янги кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, йирик корхоналар билан тўғридан тўғри ҳамкорлик қилиш ва кафолатли харид шартномаларига эришиш имконига эга бўлади.

14–15 май кунлари Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида “Миллий саноат занжири” кўргазмаси бўлиб ўтади. Тадбир тоғ-кон саноати ва металлургия соҳасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, йирик корхоналар ва стартапларни бир майдонга жамлаши билан аҳамиятли бўлиши кутилмоқда.

Кўргазма Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Электрон кооперация портали ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Масьулларнинг таькидлашича, унда бугунги кунда йирик саноат корхоналари томонидан импорт қилинаётган, аммо маҳаллийлаштириш имконияти мавжуд маҳсулотлар ҳамда мавжуд эҳтиёжлар очиқ тақдим этилади. Бу эса тадбиркорларга бозорда айнан қайси товарларга талаб юқори эканини кўриш ва ишлаб чиқаришни шу йўналишда йўлга қўйиш имконини беради.

Бундан ташқари, кўргазма доирасида тоғ-кон ва геология соҳасига оид юқори технологик товарлар, саноат стартаплари, илмий ишланмалар ҳамда истиқболли лойиҳалар намойиш этилади. Шунингдек, маҳаллий контентни кенгайтириш, “шатакка олиш” тизими орқали саноат кооперациясини ривожлантириш, кафолатли харид ва оффтейк шартномаларини тузиш бўйича амалий мулоқотлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Тадбирнинг асосий жиҳатларидан бири ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачилар ўртасида тўғридан тўғри алоқа муҳитини яратишдир. Унда тадбиркорлар:

  •  ўз маҳсулотларини кенг жамоатчиликка намоён қилиш;
  •  йирик саноат корхоналари ва корпоратив буюртмачилар билан бевосита мулоқот ўрнатиш;
  •  янги кооперация келишувлари ва истиқболли шартномаларга эришиш имконига эга бўлади.

Ташкилотчиларга кўра, лойиҳада қатнашган саноат стартаплари ўз ишланмаларини йирик корхоналар мутахассисларига тақдим этиб, амалиётда синовдан ўтказиш ва ҳамкорликка чиқиш имкониятини ҳам қўлга киритиши мумкин.

Тадбир Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри “Янгилик” МФЙ Саноат зонаси кўчаси, 147-уйда ўтказилади.

Батафсил маълумот учун: (94) 505-85-05, (97) 888-10-01

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш