«Тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар томонидан тўлов амалга оширилган» - ДТМ Сенат хабари бўйича изоҳ берди
25 май куни ўтказилган Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида айрим бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағлари шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш натижаларига оид масала кўриб чиқилганди.
Сенат ахборот хизмати маълумотида 2019-2020 ўқув йили қабули тест синовларида иштирок этиш учун ариза берган абитуриентлардан 896,4 млн сўм ортиқча тўлов ундирилгани, 30 млрд сўм маблағ тижорат банклари депозитларига электрон саралаш тизимисиз тўғридан тўғри тузилган келишув асосида жойлаштирилгани, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига риоя қилмасдан 11,2 млрд сўмлик харидлар амалга оширилгани қайд этилган.
Давлат тест маркази мазкур ҳолатлар юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Абитуриентлардан ортиқча ундирилган тўлов бўйича маълум қилинишича, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақи ярим баравари миқдорида тўлов ундирилиши жорий этилган.
“2019-2020 ўқув йили қабулида олдинги йиллар битирувчиларидан тест синови учун тўлов ундириш биринчи марта жорий этилган бўлиб, мазкур йилда абитуриентлардан ҳужжатлар қабули олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ва Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилган. Унда абитуриентлар ҳужжатларини топшириш учун олий таълим муассасалар қабул комиссиялари ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилганда, улар томонидан тўловни амалга оширадиган тоифадаги абитуриентларга тўловни амалга ошириш учун квитанция шакллантириб берилган ва абитуриентлар тўловни амалга оширгандан сўнг ҳужжатларини топширган. Тўлов ундирилмайдиган тоифадаги абитуриентларнинг ҳужжатлари эса шу заҳоти қабул қилинган. Бунда тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар тоифалари ҳақидаги маълумотлар Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасалар қабул комиссиялари ва Давлат хизматлари марказларига етказилган ҳамда Давлат тест маркази телеграм-каналида эълон қилинган.
Шундай бўлса-да, тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар томонидан ҳужжатларни топшириш жараёнида тест синови учун тўловни амалга ошириш ҳолатлари кузатилган. Бунинг натижасида 896,4 млн сўм ортиқча тўлов амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида абитуриентларнинг аризасига асосан ортиқча тўланган 156,3 млн сўм маблағ эгаларига қайтарилган. 2021 йилнинг 25 март ҳолатига ортиқча тўланган маблағ миқдори 740,1 млн сўмни ташкил этади. Қолган абитуриентлар тўловни қайтариш бўйича ариза билан мурожаат қилмаганликлари сабабли, Давлат тест марказида уларнинг тўловларини қайтариш имконияти бўлмаяпти.
Шундай бўлса-да, уларнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, нотўғри тўлов амалга оширган 3 170 нафар абитуриентнинг маълумотлари 2020 йил учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар базасидан аниқланиб, уларнинг телефон рақамларига СМС хабарномалар юборилган. Қолган 4132 нафар абитуриентнинг маълумотларига аниқлик киритиб бўлмаяпти”, дейилади ДТМ баёнотида.
Давлат тест маркази мазкур абитуриентлар ариза билан мурожаат қилганда, уларнинг тўловлари қайтарилишини маълум қилган.
Жамғарма маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйиш бўйича изоҳда айтилишича, Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси низомида жамғарма вақтинча бўш турган маблағларини Ўзбекистоннинг молиявий барқарор ва тўлов қобилияти юқори бўлган депозит ҳисоб варақларига жойлаштириш белгиланган.
“Шунга асосан, “Микрокредитбанк”, “Ипотека банк”, “Давр банк”, Ипак йўли” ва “Асака банк” тижорат банкларидан таклифлар олинган. Олинган таклифлар комиссия томонидан ўрганиб чиқилиб, банк ишончли ҳамкор мақомига эка экани, депозитни қисман ёки тўлиқ қайтарилган вақтда фоиз ставкаси ўзгармаслиги, депозитга қўйиладиган маблағлар ва фоизларнинг ўз вақтида қайтарилишини кафолатлайдиган шартлари кўриб чиқилиб, комиссия баённомаси асосида 2019 йилда 30,0 млрд сўм маблағ депозитга жойлаштирилган.
Президентнинг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4555-сонли қарори 26-бандида 2020 йил 1 январдан бошлаб бюджет ташкилотлари жамғармаларининг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш, уларнинг сўровлари асосида Молия вазирлиги томонидан Марказий банк билан келишилган ҳолда электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Давлат тест маркази томонидан 30 млрд сўм маблағ ушбу қарор чиқишидан олдин депозитга қўйилган бўлиб, муддати тугаши билан юрист хулосасига асосан қўшимча келишувлар билан шартнома муддати узайтирилган”, дейилади изоҳда.
Давлат харидлари бўйича маълум қилинишича, давлат комиссиясининг 2020 йил 19 июлдаги 1-сон ва 2020 йил 28 августдаги 3-сон баёнлари билан Давлат тест маркази коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирларидан келиб чиқиб, 2020-2021 ўқув йили қабулида тест синовларида абитуриентларни тиббий ниқоб, қўлқоп, ручка, ичимлик суви, бош кийим, гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида истисно тариқасида Республика товар-хомашё биржаси махсус электрон порталига эълон жойлаштирмасдан ва электрон савдоларсиз, тендерсиз ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштиришга рухсат берилган.
“Шунингдек, мазкур тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланиши қайд этилган. Давлат тест маркази томонидан ички танлов асосида амалга оширилган харидлар бўйича маълумотлар Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинган”, дейилади баёнотда.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024