Ўзбекистон | 15:22 / 02.07.2025
15722
5 дақиқада ўқилади

Бухорода ЙПХ кузатувидаги кортеж ва фуқаро ўртасида можаро чиқди

Бухоро шаҳрида автомобил ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида пиёдани ўтказиб юбориш учун тўхтаган. Натижада унинг ортидан ЙПХ кузатувида келаётган кортеж ҳам тўхташга мажбур бўлган. Ҳайдовчи айни шу эпизод учун жаримага тортилганини айтмоқда. ЙҲХБ эса ҳайдовчи узоқ масофадан кортежга йўл бермай келгани учун жаримага тортилганини билдирди. Ҳайдовчи ишни юқори идоралар кўриб чиқишини сўраяпти.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида ЙПХ кузатувидаги кортеж билан рўй берган ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

20 июн куни шаҳарнинг Дилкушо кўчасида ҳаракатланаётган Kia K5 автомобили ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдани ўтказиб юбориш учун авария чироқларини ёқиб, тўхтаган. Бу ҳолат унинг ортидан келаётган ЙПХ кузатувидаги кортежни ҳам тўхташга мажбур қилган.

Кўчадаги кузатув камерасига муҳрланган видеода сирена чалган ҳолда ҳаракатланиб келган кортеж таркибида жами 5 та автомобил: олд ва орқада 2 та ЙПХ автомобили, 2 та кроссовер (чамаси Captiva) ва битта Mercedes Benz русумли машина бўлгани кўринади. Кортеждаги 3 та машина пиёдалар ўтиш жойида тўхтамасдан, ўтиб кетган.

Видеода Captiva ҳайдовчиси гарчи олдинда катта ёшли пиёда бўлганига қарамай, сигнал чалиб, олдида турган фуқаронинг машинасини йўлни бўшатишга ундагани кўринади. Пиёдалар ўтиш жойидан ўтмоқчи бўлган фуқаро эса, бу шовқиндан кейин ортига қайтган. Кортеждаги Captiva пиёдалар йўлакчаси олдидаги сидирға чизиқни босиб, бошқа ҳаракатланиш бўлагига ўтган ва йўлида давом этган.

Шундан кейин пиёдага йўл берган Kia K5 ҳайдовчиси бошқа ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, унга нисбатан баённома расмийлаштирилган, автомобил эса жарима майдонига қўйилган.

«Ортимиздан бошқа ЙПХ ходимлари етиб келиб, бизни тўхтатди ва жарима ёзишини айтди. Мен вазиятни тушунтирсам, ЙПХ ходими: «раҳбарият кўрсатмаси, мен уларга ҳеч нарса деёлмайман» деди. Биз нима қилишимиз керак эди? Олдимизда ўтаётган одамни уриб кетайликми?» – дейди Kia K5 салонида бўлган фуқаро Kun.uz билан суҳбатда.

Ҳайдовчига МЖтКнинг 128-5-моддаси 2-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 10 баробари – 3 миллион 750 минг сўм жаримага тортилган.

Бухоро вилояти ЙҲХБ катта инспектори, майор Рустам Очилов тузган баённомада ҳайдовчи «Ҳаракатланиш бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиққани» ёзилган. Тармоқда тарқалган видеода эса бундай қоидабузарлик кўринмайди.

Фуқаро адолатсиз ёзилган деб ҳисоблаган баённомада кўрсатилган жариманинг 50 фоизини тўлаган ва машинасини жарима майдонидан олиб чиққан.

Расмийлар нима дейди?

Kun.uz мухбири Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан боғланди. Матбуот котиби Улуғбек Шукруллаевнинг сўзларига кўра, Kia K5 ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойигача бўлган анча масофада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус кузатуви остидаги кортежга йўл бермасдан келган ва шунинг учун жаримага тортилган.

Kia K5 ҳайдовчиси 200-300 метргача уни овозини эшитиб, кўриб реакция қилмаган. Огоҳлантиришларга қарамай, йўл бермасдан келган. Лекин ижтимоий тармоқларда бекатдаги видеони олиб, бошқача талқин қилиняпти.

Аслида ҳайдовчи тезкор ва махсус хизматларнинг автомобилларига йўл бериши, пиёда эса Йўл ҳаракати қоидаларининг 21-бандига кўра махсус хизматларнинг транспорт воситалари яқинлашаётганда пиёдалар қатнов қисмидан ўтмаслиги, унда ҳаракатланаётганлари эса зудлик билан йўл бериши керак. Шунинг учун, агар Kia ҳайдовчиси олдинроқ четга ўтганда, бу ҳолат юз бермасди, пиёда ҳам тўхтарди”, деди Улуғбек Шукруллаев.

Унинг қўшимча қилишича, бу турдаги махсус кортежлар хавфсизлик нуқтайи назаридан имкон қадар тўхтамасдан ҳаракатланиши талаб этилади.

Шу сабабли ҳайдовчи тузилган маъмурий баённома – у пиёдага йўл бергани учун эмас, балки олдинроқда кортежга йўл бермасдан келгани учун, тўғри тузилган. Пиёдани ўтказиб юбориш учун тўхтаганига эътирозимиз йўқ, бу ҳолатни ҳисобга олиб кортеж ҳам тўхтаган”, дейди Бухоро вилояти ЙҲХБ расмийси.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Kia K5 ҳайдовчиси ўзини Бухоро вилояти ЙҲҲБ бошқармаси масалани ҳал қилиш учун чақираётганини айтди. У ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юзланиб, ҳолатга қонунан ёндашишни, ўзига чиқарилган жаримани бекор қилишни ва “ноқонуний ҳаракат содир қилган” амалдорларга чора кўрилишини сўрамоқда.

Мавзуга оид