2020 йилда коррупцияда айбланиб судланган суд ва ҳокимият ходимлари сони маълум бўлди
Ўтган йили Ўзбекистонда 2 123 киши коррупцияга қўл ургани учун жазоланган. Уларнинг 23 фоизи – ишсизлар, 30 фоизи – таълим, тиббиёт ва банк тизими ходимлари.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2020 йилда содир этилган коррупциявий жиноятлар статистикасини тақдим этди.
Маълум қилинишича, судлар томонидан 2020 йил давомида коррупция билан боғлиқ (ЖК 205-214, 243-моддалари) жами 2 270 нафар шахсга нисбатан 1 502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 2 203 кишига нисбатан ҳукм ўқилган.
2 203 кишидан 80 нафари оқланган, 2 123 нафарига айблов ҳукми чиққан, 67 нафарига нисбатан очилган ишлар тугатилган.
Коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган шахслар тоифалари қуйидагича:
- ишсизлар (493 та ҳолатда, шундан 445 таси пора бериш билан боғлиқ)
- таълим (364 та)
- тиббиёт (161 та)
- банк тизими (104 та)
- қурилиш (74 та)
- ички ишлар органлари (69 та)
- маҳалла фуқаролар йиғинлари (47)
- коммунал хизматлар (46)
- ҳокимият (30)
- солиқ хизмати (16)
- прокуратура (13)
- божхона (7)
- суд (3)
- миллий гвардия (1)
- бошқа соҳалар (741)
Инфографикада судланган шахслар 15 тоифага бўлинган бўлиб, уларнинг йиғиндиси 2185 нафарни ташкил этади, аммо инфографикада жами 2 270 киши коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари доирасида судлангани қайд этилган.
Судланган шахслар тоифалари ҳақидаги маълумотда уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар (оқлов, айблов, ишни тугатиш) ҳақида ахборот йўқ. Шу боисдан, масалан, коррупцияда айбланиб судланган 3 нафар суд ходими ёки 13 нафар прокуратура ходимига нисбатан қандай ҳукм чиққани англашилмайди.
Агентликнинг хулосасига кўра, коррупцион жиноятлар содир этилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
- давлат харидлари билан боғлиқ қонун талабларига риоя қилинмагани (45 нафар шахсга нисбатан);
- ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги профилактика ишлари самарали тарзда олиб борилмагани (45 нафар шахсга нисбатан);
- давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартиби йўқлиги (50 нафар шахсга нисбатан);
- айбланувчининг соҳага тааллуқли бўлмаган хизматларга бириктирилгани, соҳасига тааллуқли бўлмаган хизматларда содир этилгани (55 нафар шахсга нисбатан);
- шахснинг (жабрланувчи) ўз манфаати йўлида қонунни четлаб ўтишга уриниши ёки бошқа тарздаги манфаатдорлиги сабабли жиноятга йўл очиб бергани (88 нафар шахсга нисбатан);
- иш ҳажмининг тўғри тақсимланмагани ва малакали хизмат кўрсатилмаслиги (99 нафар шахсга нисбатан);
- давлат органлари ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўйгани (122 нафар шахсга нисбатан);
- ишга қабул қилишда мансабдорнинг (ходимнинг) шахси лозим даражада ўрганилмагани, айбланувчининг малака даражаси етишмаслиги, муқаддам жиноят содир этганлиги ёки содир этишга мойиллиги (179 нафар шахсга нисбатан);
- айбланувчининг ижтимоий таъминланмагани ёки адолатли меҳнат шароити ташкил этилмагани (262 нафар шахсга нисбатан);
- тизимда иш фаолияти тўғри йўлга қўйилмагани, соҳада бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги, фаолиятнинг ўзи коррупцияга йўл очиб бергани (598 нафар шахсга нисбатан);
- фуқароларнинг моддий манфаатдорлик ёки шахсий бойлик орттириш йўлида жиноятга қўл уриши (642 нафар шахсга нисбатан).
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024