Ўзбекистон | 15:16 / 12.07.2020
11240
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1 миллионта тест захираси бор — СЭОА директори

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юққанини аниқлайдиган 1 миллионта тест захираси бор ва у узлуксиз янгиланиб турилади, деб маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев.

Ўзбекистоннинг бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев жойлардаги санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан одамлардан тест олинмаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимига «нагрузка» жуда юқори бўлмоқда. Сабаби кунига 450-470 нафар бемор аниқланмоқда. Бу биринчидан.

Иккинчидан, чет элдан фуқароларимиз келишда давом этмоқда, уларни албатта қабул қилишимиз керак. Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратганлар. Чартер рейслар ва бошқа йўллар орқали хориждан келганлар карантин зоналарига жойлаштирилмоқда. Карантин мажмуаларида албатта тестларни ўтказамиз. Қолаверса, шифохоналарда даволанаётган беморлардан бир неча марта тест оламиз, бугунги кунда махсус шифохоналарда беш мингга яқин бемор даволанмоқда.

Республика бўйича кунига 20, 22, 25 минггача тестлар ўтказяпмиз. Буни ўтган давр билан солиштирамиз: илгари кунига 8-10 мингта тест ўтказган бўлсак, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 2-3 баробарга ошганини кўриш мумкин. Бу ҳам соғлиқни сақлаш тизимига катта юклама тушаётганидан далолат беради.

Бу натижага эришиш учун қўшимча 45та ПЗР лабораториялари сотиб олинди ва жойларга етказилди.

Ҳозир Ўзбекистонда тестлар етарли эмаслиги ҳақида ҳар хил гаплар юрибди. Тестлар бор. Захирамизда 1 миллионта тест мавжуд ва бу жараён давом этади. Захира тинимсиз янгиланиб боради. Соғлиқни сақлаш тизими, агентлик бу борада ишларни ташкил қиляпти.

Тўғри, айрим муаммолар бўлиши мумкин. Камчиликлар йўқ эмас. Мисол учун, Тошкент шаҳрининг ўзида 5та жойда тест синовларини олиш масаласи қўйилган эди. Лекин бугунги кунда касалланиш ҳолатлари ўсишини инобатга олиб биз ҳозир ҳар битта туманнинг ўзида тестларни олиш масаласини қўйганмиз ва бу ишлар амалга ошириляпти», – деди Баҳодир Юсупалиев 12 июль куни «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Жанубий Кореяга қараганда «деярли икки баробар кўп» тест олинмоқда.

Мавзуга оид