Жаҳон | 10:58 / 05.06.2024
15512
3 дақиқада ўқилади

Мексикада Котиха шаҳри мэри ўлдирилди — мамлакатга илк аёл президент сайланишидан бир неча соат ўтиб

Мексиканинг Котиха шаҳри мэри Иоланда Санчес ўлдириб кетилди. Бу Клаудия Шейнбаум илк аёл президент этиб сайланиши ортидан рўй берди.

Facebook/Yolanda Sanchez

Иоланда Санчес шаҳар марказида пистирмага дуч келган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, унга қарата 19 бор ўқ узилган.

Санчес ҳужумдан кўп ўтмай шифохонада жон берган. Унинг тан соқчиси ҳам отишма чоғида ўлдирилган.

Ҳозирча бу иш бўйича ҳеч ким ҳибсга олинмаган, аммо шаҳарда бу ҳужум ортида уюшган жиноий гуруҳлардан бири турганига деярли ҳеч кимда шубҳа йўқ.

2021 йил сентябрида Котиханинг илк аёл мэрига айланганидан кейин Иоланда Санчес ўз манзилига йўлланган таҳдидлар ҳақида хабар берганди.

2023 йилда қўшни Халиско штатига ташрифи вақтида қуролланган шахслар уни қўлга олиб, уч кун мобайнида тўппонча тираб ушлаб туришганди.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, уни ўғирлаган шахслар маълум талабларни илгари суришган ва унга «психологик террор» қўллашган.

Санчеснинг ўзи бу одамлар қайси жиноий гуруҳга мансублигидан бехабарлигини айтган бўлса-да, маҳаллий газеталар улар катта эҳтимол билан «Халисконинг янги авлоди» картели (CJNG) аъзолари бўлганини ёзишган.

CJNG гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда тўлов эвазига қайтариб бериш учун одамларни ўғирлаш билан шуғулланади. Картел аъзолари ўз буйруқларига бўйсунишдан бош тортган давлат хизматчиларига қонли ҳужумлар уюштириши билан танилган.

Иоланда Санчес ўшанда лавозимга киришганидан кейин таҳдид қилган одамлар ундан шаҳар хавфсизлигини уюшган жиноий гуруҳ таъсирида бўлган полициячиларга топширишни талаб қилишганини айтганди.

У бундан бош тортган ва ҳарбийлардан шаҳарни мустаҳкамлашни сўраган. Шу ҳодисадан кейин мэрга қуролланган қўриқчилар бириктирилган.

Бу сафарги президентлик сайловлари кампанияси ҳам бошқалари каби жиноятчиликка қарши кураш шиорлари остида ўтди. Шу билан бир вақтда сайловолди кампаниялари вақтида мексикалик кўплаб сиёсатчиларнинг ўзи қотиллик қурбонига айланди.

29 май куни Коюка-де-Бенитес шаҳри мэрлиги учун номзодини қўйган Алфредо Кабрера сайловолди митинги вақтида ўлдирилганди. 

Хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи Integralia консалтинг компанияси маълумотига кўра, бу 2024 йилги кампания чоғида номзодлар ўлдирилиши билан боғлиқ 36-ҳолат бўлган. Ва бу уч йил олдинги оралиқ сайловлар вақтидаги қайғули рекорднинг такрорланишидир.

Мавзуга оид