Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канадалик эркак Мексикага қадар фақат жамоат транспортидан фойдаланган ҳолда саёҳат қилди
У ўз сафарининг бирор босқичида бир автобус бекатидан иккинчисига қадар 15 дақиқадан ортиқ юрмаган.
Канадада 40 ёшли муҳандис Уилям Хуэй Ванкувердан Мексиканинг Тихуана шаҳрига фақат жамоат транспорти ва поездлар орқали етиб бориш мақсадида йўлга чиқди.
Хуэйнинг айтишича, сафар бўйича унинг бир нечта қоидаси бўлган холос: Greyhound автобуслари ва Amtrak поездларидан фойдаланиш тақиқланган, автобус бекатлари орасида юриладиган пиёда масофа минимумга туширилган.
«Сафарнинг бирор босқичида бир автобус бекатидан иккинчисига қадар 15 дақиқадан ортиқ юрмадим», — дейди BBC’га берган интервьюсида. «Турли хизматларнинг, айниқса, қишлоқ жойларда ўзаро боғлиқлигини кузатиш шунчаки ажойиб», — дея қўшимча қилади у.
Таъкидланишича, бу Хуэйнинг илк ноодатий сафари эмас. 2013 йилда у Ванкувердан жанубий йўналишда имкон қадар узоққа боришга ҳаракат қилган, бироқ Орегон штатининг Сейлем шаҳрига қадар етиб борган. «Мен узоқроққа боришни хоҳлаган эдим, аммо Орегондан Калифорния марказигача транзит қатнови деярли йўқ эди», — дейди муҳандис.
Аммо жорий йил бошида у Калифорния шимолидаги Юрика шаҳрини Сан-Франсискодан икки соатлик узоқликда жойлашган Юкайя билан боғловчи янги тўрт соатли автобус йўналиши ишга туширилганидан хабар топади. У мазкур маршрутни «етишмаётган бўғин» деб атаб, ваниҳоят Мексикага сафарини амалга ошириш имконияти туғилганини билдирди.
Хуэйнинг сўзларига кўра, биринчи сафардан бери анча нарса ўзгарган, ҳозирда аксарият жамоат транспортлари Wi-Fi билан жиҳозланган ва кредит карталари орқали тўловларни қабул қилади. Бироқ айримлари ҳамон йўл ҳақи учун нақд пул сўрамоқда. Шу билан бирга, у Сиэтл ёки Сан-Франсиско каби йирик шаҳарлар билан қишлоқ жойлардаги жамоат транспортлари орасидаги фарққа эътибор қаратган. Хуэй халқаро чегарани пиёда кесиб ўтишга мажбур бўлган.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Канада чегарачилари эркак ўз мақсадини айтганида, унга шубҳа билан қарашган. Шундай қилиб, Хуэй ўз сафари давомида фойдаланган автобуслар учун 200 долларга яқин пул сарфлаган. Ванкувернинг транспорт идораси TransLink компаниясида ишлайдиган Хуэйнинг айтишича, унинг жамоат транспортига бўлган иштиёқи автобуслар ва поездларнинг ўз вақтида манзилларига етиб боришига имкон берувчи транзит тизимлари ортидаги «логистик жумбоқ»қа бўлган қизиқишидан келиб чиққан.