Бешик болаларга керакми ёки катталарга? – болалар ётоғидан қадрият даражасига чиққан бешик ҳақида
Фарзандли бўлгач кўпинча ота-оналарнинг олдида 2 та танлов бўлади: анъанавий тарзда боласини бешикка белаб катта қилиш ёки унинг ўрнига бошқа танлов билан бешикни рад этиш. Аксар ҳолатда бешикни рад этадиган ёшлар катталар танқидига учрайди, улар бешикни нафақат бола учун ётоқ, балки кечиб бўлмас қадрият даражасида кўришади,буни ҳатто ота-оналаримиз катта бўлган бешиклар сақлаб қўйилганидан кўриш мумкин.
Қадриятларимизга дахл қилмаган ҳолатда мутахассисларнинг бешикнинг фойда-зарарлари ҳақидаги фикрларини ўргандик.
Бешик ўзбек тарихида қачондан бери бор?
Тарих фанлари доктори, этнограф Барно Убайдуллаеванинг қайд этишича, бешик ҳақида 11-асрда Маҳмуд Қошғарий томонидан ёзилган “Девони луғоти турк” асарида маълумот берилган. Шундан келиб чиқиб олимлар бешик 11-асрда фойдаланилгани аниқ деган қарорга келишган. Лекин олима бешик ундан ҳам аввалроқ халқ орасида фойдаланилган деган фикрда.
“Бешик нафақат Ўрта Осиёда, балки Эрон, Ироқ, Мўғулистон, Кавказ халқларида ҳам бор. Туркийлардан келиб чиққан, Европага кетиб қолган гагауз халқида ҳам бешик бор. Баъзи тадқиқотчилар фикрича, бешик қадимги Оссурия халқига оид бўлиши мумкин, бу унинг турли халқлар орасида тарқалишига сабаб бўлган”, дейди Барно Убайдуллаева.
Тарихчига кўра, 19-асрда газ, электрсиз, совуқ уйда бола катта қилган одамлар учун бешик жуда керак бўлган.
“Аждодларимиз бешикка болани тўғри ётқизиш муҳим эканини ҳис қилган, буни тажрибадан ўтказишган. Шунинг учун ҳам болани бешикка онанинг ўзи шунчаки ётқизмаган. Бешикка белаш алоҳида маросим сифатида ташкиллаштирилиб, соғлом ва кўп фарзанд кўрган аёллар таклиф этилган”, дея маълумот берди Барно Убайдуллаева.
Бешик йўргак вазифасини бажаради
Педиатр-неонтолог Муштарий Эргашеванинг маълумот беришича, бола туғилишидан олдин 9 ой онанинг қорнида бачадоннинг ичида таянчнинг ичида бўлади. Туғилгач, у қўл-оёқларини қимирлатганда бўшлиққа кетгандай ҳис қилади. Бу пайти бола учун йўргак ишлатилади, бола унда таянчни ҳис қилгандай бўлади. Бешик ҳам худди шу йўргак вазифасини бажаради.
Бешикни ишлатганда бола фақат бир ухлаб туришга ётқизилиши керак. Агар у кун бўйи бешикда қолиб кетса, ҳаракатлари чекланади. Бола эса ҳаракатланиш орқали: кўриш, эшитиш, ҳид билиш, ушлаш, таъм билиш орқали ривожланади.
Психолог Розалия Габдулҳақова ҳам бола уйғоқ вақти бешикка беланган ҳолатда бўлиши унинг мияси ривожланишига салбий таъсир қилишини айтиб ўтди.
Бешикка қарши кўрсатма борми?
Педиатр Муштарий Эргашевага кўра:
· Муддатидан олдин туғилган;
· Муддатида туғилган, лекин 2,5 кг атрофида туғилган чақалоқларни то 3 кг вазн йиғмагунча;
· Неврологик муаммолари бор болалар (улар ҳақида туғуруқхонада ёки патронаж кўригида айтилади;
· Ортопед кўригидан сўнг бешикка белаш тақиқланган болаларни ётқизмаслик зарур.
Ортопед Фарҳод Орипов эса чақалоқни камида 40-60 кунгача бешикка беламай туриш маъқул деб ҳисоблайди.
“Бешикка ётқизишдан олдин шифокор ортопед кўригидан ўтиб қарши кўрсатма бўлмаса, кейин белаш мумкин.
Биламиз, бешикда 2 та белбоғ мавжуд бўлиб, бири кўкрак қафасидан, бири сонидан ўтказиб боғланади. Бу белбоғлар болани қисиб қўйиб, оёқ, сон бўйимларига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам агар болада туғма нуқсон, дисплазия, сон суякларида чиқишга мойиллик ёки рахит аломатлари бўлса, уни бешикка ётқизмаслик керак. Болани бешикка ётқизишга рухсат берилган бўлса ҳам, 24 соат бешикда қолдирмаслик керак”, деди врач Фарҳод Орипов.
Бешикларнинг нархи қанча?
Чорсу бешик бозорида бир неча авлод бешиксоз оилаларни учратиш мумкин. Бу ерда турли дизайндаги бешиклар сотилади. Бироқ бешиксозларнинг айтишича, ҳозир бешик бозорида савдо олдингидек яхши эмас.
Бешиксоз Муяссар Исматова оиласи билан биргаликда бешик ясайди. Унинг айтишича, ҳозир пойтахт Тошкентда болани бешикка ётқизиш камайган. Бешиксозлар асосан, вилоятларга, Қозоғистонга бешик сотишади.
Битта бешикнинг нархи – ясалган дарахтига қараб 250 минг сўмдан 500 минг сўмгача. Ясатилган бешик эса 700 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача нархда бўлади.
Бозорда бешик хариди камайган, лекин янги йўналиш: бешик тўйлари учун уни ижарага бериш шакли пайдо бўлган. Бешик тўйи қилаётган одам чиройли қилиб ясатилган бешикни тўй учун бир неча кунгача ижарага олади ва тўй ўтгач қайтариб олиб келади. Ижара учун ўртача 300 минг сўм тўланади.
Бола бешикка ётса, оёғи текис бўладими?
Ортопед Фарҳод Ориповнинг қайд этишича, “Бола бешикда ётса, қомати чиройли, оёқлари текис бўлади”, деган фикр нотўғри. Аксинча, бола қанча эркин бўлса, шунча қомати яхши бўлади.
Бешик болани бўйсунувчан қиладими?
Бешикда кўп ухлаш боланинг хулқ-атворига таъсир қилиши, уни бўйсунувчан ва муросакор, сабрли қилиб қўйиши ҳақида фикр билдирилади. Этнограф Барно Убайдуллаева, бу фикрга қўшилишини, гарчи 100 минглаб одамлар ўртасида тадқиқот олиб бормаган бўлса ҳам, кузатувлари асосида шундай хулосага келганини айтиб ўтди.
“Бизнинг аждодларимиз бола парваришига оид ҳар бир даврга эътиборли бўлганини, бунга оид маросимлар сақлаб қолинганини ҳисобга олсак, аждодларимиз бешикка белашга эътиборли бўлганини билишимиз мумкин. 1950 йилларгача турли касалликлар сабаб туғилган болаларнинг ҳаммаси ҳам яшаб кетмаган. Шу даврларда кўп болалилик рағбатлантирилган, 1980 йилларда 2 млндан кўпроқ “Қаҳрамон она” унвонини олган аёллар бўлган. Бу мукофот 10 дан ортиқ болали аёлларга берилган. Шунча болали аёллар ишга чиқиши керак бўлган, уйда қолганлар ҳам кўп болага қараши қийин бўлган.
Мана шундай вазиятда болаларнинг узоқ муддат бешикда қолиб кетиши кузатилган. 10 дан ошиқ фарзанд кўрган кўпчиликдан сўраганимда жавоб олганман: “Бешикда узоқ ётган болаларим оғир-босиқ, қобил, аксинча, бешикда кам ётган болам қизиққонроқ, ҳаракатчанроқ, ўз айтганини қилдирадиган хулқли”, дейишган. Лекин яна битта тахмин балки бола туғилганданоқ шундай феълга эга бўлгани учун ҳам узоқ муддат бешикда ётишни хоҳламаган бўлиши мумкин”, дейди тарихчи олима.
Лекин унинг маълумот беришича, йўргаклашнинг инсон хулқ-атворига таъсири ўрганилган тадқиқотлар бор. Фанда “Йўргак детерминизми” – йўргакка ўрганиб қолиш деган атама ҳам бор.
“Ўтган асрнинг 30-40 йилларида америкалик ўтказган тадқиқотлар бор. Улар русларнинг миллий характерини ўрганишган, характер эса чақалоқлик давридан бошланади деб ҳисоблашган. Рус педиатриясида ўтган асрда қаттиқ йўргаклаш амалиёти бўлган. Америкаликлар ўрганишлари натижасида русларда мутеликка мойиллик бор, бу уларнинг йўргакланиши билан боғлиқ деган хулосага келишган”, дейди этнограф Барно Убайдуллаева.
Шунингдек, шифокорлар болани бешикка белашда эҳтиёткор бўлиш кераклигини, уни фақат бир марта ухлаб тургунча бешикда қолдириш мумкинлигини таъкидлашди.
Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz
Монтаж устаси: Шоҳрузбек Абдурайимов
Мавзуга оид
16:55 / 15.11.2024
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
18:09 / 24.10.2024
ССВ болаларни нафас аъзолари касалликларидан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берди
16:24 / 30.09.2024