Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида мактабга кетаётган ўқувчини пиёдалар йўлагидан ўтаётганида машина уриб юборди.

Тошкент вилояти ИИБ ЙХҲБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди. Унда маълум қилинишича, ҳолат бугун, 30 сентябр куни соат 7:45 ларда содир бўлган.

Тумани ҳудудидан ўтган D 014 автомобил йўлининг 41-километрида жойлашган 14-сонли мактаб қаршисида 1998 йилда туғилган ҳайдовчи М.Н. Cobalt машинасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган 2013 йилда туғилган М.А.ни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида ўқувчи енгил тан жароҳати олган. Унга шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда аҳволи яхшилиги сабабли уйига рухсат берилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада кўринишича, ҳайдовчи машинани мактаб олдида белгиланган 30 км/соат тезликдан оширган. Шунингдек, пиёдалар йўлагида ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун турган мактаб ходими ҳам қизалоқнинг йўлни хавфсиз кесиб ўтишига етарлича эътибор қаратмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда 8-синф ўқувчиси ҳалок бўлгани хабар қилинганди.