Ўзбекистон | 16:26 / 24.07.2021
6361
2 дақиқада ўқилади

Иш берувчиларга айрим ходимлари учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилади 

Ҳукумат қарори билан Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди

Адлия вазирлиги хабарига кўра, иш берувчилар томонидан тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун уларнинг ёш ходимлари қуйидаги талабларга мос келиши керак:

  • ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ҳисобот ойида ёш ходим 25 ёшдан ошмаган бўлиши;
  • узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳамда иш берувчи томонидан белгиланган тартибда ижтимоий солиқ узлуксиз тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (электрон қайд) мавжудлиги.

Иш берувчи томонидан ариза у солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига ижтимоий солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Ариза келиб тушган санадан бошлаб 5 иш куни мобайнида аризанинг талабларга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ўрганилади.

Тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, автоматлаштирилган дастурда 1 иш кунида солиқ органининг хулосаси шакллантирилади. 

Низом 2021 йил 1 майдан 2023 йил 15 январгача тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилади. 

Бунда 2022 йил декабрь ойи учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун иш берувчи томонидан ариза беришнинг охирги муддати 2023 йил 1 апрель куни этиб белгиланади. 

Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

Низом 2023 йил 1 январга қадар амал қилади.

Мавзуга оид