Иқтисодиёт | 12:53 / 01.06.2021
10369
2 дақиқада ўқилади

«Ҳар олти оиладан биттаси ижтимоий нафақа шаклида давлатдан ёрдам олмоқда» — Молия вазири ўринбосари

Молия вазири ўринбосарининг таъкидлашича, айни пайтда давлатдан ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 1 миллион 260 мингтани ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев республика миқёсида кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам масалаларига тўхталиб ўтди.

«2015 йилда давлат бюджетидан ижтимоий ҳимоя учун ажратилаётган маблағлар миқдори Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмига нисбатан улушда 0,7 фоизни ташкил этган. 2020 йилда эса ушбу кўрсаткич 1,4 фоизга етди, яъни давлат бюджетидан ижтимоий ҳимоя соҳасига сарфланаётган маблағлар 2 баравар ошганини кузатишимиз мумкин.

Масалан, ўша кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақаларга қайтадиган бўлсак, 2020 йилнинг бошида ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 560 мингтани ташкил этарди. Бугунги кунда уларнинг сони 1 миллион 260 мингтага етди. Бу дегани республика миқёсида ҳар олти оиладан биттаси, чеккароқ ҳудудларда эса ҳар тўрт оиладан биттаси ижтимоий нафақа шаклида давлатдан кўмак олиб турибди», дея таъкидлади Жамшид Абруев.

Аввалроқ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов олти кишилик оила бир ойда энг камида 2 миллион 640 минг сўм даромад олиши кераклиги ҳақида айтиб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгиланди.

Мавзуга оид