Ўзбекистон ҳудудига жуда иссиқ ҳаво массалари кириб келади - «Ўзгидромет»
Бугун республиканинг жануби-шарқий қисми баланд циклон таъсири остида бўлади. Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ва тоғолди ҳамда тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Момақалдироқ пайтида шамол 17-22 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 29-34 даража иссиқ атрофида бўлади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, 25 майда баланд циклон таъсири фақат республиканинг энг шарқий ҳудудларида сақланиб туради. Фарғона водийси вилоятларида, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, шамол 17-22 м/с гача кучайишида момақалдироқ бўлиши мумкин.
26 майдан Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Кундузги ҳаво ҳарорати 34-37 даража иссиққача, жанубда ва чўл ҳудудларда 38-40 даража иссиққача кўтарилади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-8 даражага кўп.
“Ўзгидромет” 24-27 май кунларида республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида маҳаллий ёмғирлар ёғиши ҳисобига сел келиши хавфи ҳақида огоҳлантирган.