Жамият | 20:31 / 10.04.2018
45438
6 дақиқада ўқилади

Сиз билган ва билмаган Қодирийнинг бир нияти

Фото: KUN.UZ

Бугун 10 апрель, йилнинг 100 куни... Жуда кўп воқеалар билан бу кун билан ёдимизда қолган - Саутҳемптон портидан илк марта (афсуски, сўнгги марта ҳам) «Titanic» кемаси саёҳатга чиқди, Украинада Одесса озод этилди, машҳур футболчи Роберто Карлос дунёга келди.

Яна бир шахс борки, шу кунда таваллуд топиб, миллат туғини улуғ тутиб, виқор билан ўлимни шарафлаган. У - Абдулла Қодирий.

Жулқунбой (унинг тахаллуси шундай бўлган) 1894 йил 10 апрель куни Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзининг ёзувларида оиласи ва ҳаёт йўли ҳақида шундай дейди: «Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргучи бир оилада... туғилғонман. Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда (у пайтда мактаблар уч услубга бўлинганди: рус-тузем, жадид ва эски услуб мактаблари - таҳр.) ўқиб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар. 

Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабига юборди... 1912 йилда манфактур билан савдо қилувчи бир кишига йилиға 50 сўм баробарига приказчик бўлуб кирдим... Шу миёналарда бозор воситаси билан татарлардан чиқадиғон газеталарни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига иймон келтирдим, 1913 йилда ўзбекча «Садои Туркистон», «Самарқанд»  газеталари, «Ойна» журнали чиқа бошлағоч, менда шуларга гап ёзиб юриш фикри уйғонди... 1913 йилда чиққан «Падаркуш» таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915 йилда). Яна шу йилда театрларда чиқиб турғон ҳикоя ва рўмонларга тақлидан «Жувонбоз» отлиқ ҳикоячани ёзиб, ношир топилмоғонидан, ўзим нашр қилиб юбордим. Николай тахтдан йиқилғондан кейин оддий халқ милициясига кўнгилли бўлиб ёзилдим...

1918 йил бошларида Эски шаҳар озиқ комитети бойлар қўлидан олиниб, комитетнинг раислиғига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев тайин қилинғон эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблиғига кирдим. 1919 йилнинг аввалларида озиқ комитетининг исмидан чиқарилмоқчи бўлғон «Озиқ ишлари» газетасига муҳаррир бўлиб тайинландим... Шу кунгача шўро идораларида қилғон хизматларимни бирма-бир санаб ўлтиришим узоққа чўзиладурғон бўлғонлиқдин мундан кейин муассаса исмларинигина аташ билан кифояланаман: «Русто» деворий газетасига мухбир бўлиб, «Иштирокиюн» ва «Қизил байроқ» газеталарида сотрудник... «Муштум» журналининг муанниси ва таҳририя аъзоси бўлиб, то 1924 йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим. Шу ўтган етти йил орасида Шўролар ҳукумати ва фирқадан бир оғиз танбеҳ олмадим. Хулоса — бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, менинг хизматларим матбуот билан равшандир... Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...».

Қодирий замонасига сиғмай, вақтдан илгарилаб кетган инсон эди. Агар эътибор билан асарларига кўз ташланса, ҳар бир кичик ҳолатда юксак одоб ва билим яширинганига амин бўласиз. Масалан, ёзувчи қаҳрамонларининг исмларини тасодифан танламас, яъни Анвар ва Раъно, Отабек ва Кумуш ҳаётда бир-бирига муносиб бўлганини, барча тарафдан тафаккур қилса ҳам, улар ҳақиқий жуфтлик эканини қаҳрамонларнинг исмида ифодалаб берган. Эътибор қилинг, Анварнинг сўнгги ҳарфидан Раъно образини гавдалантириб, Отабекка Кумушни жуфт қилди. Аёл киши ҳар доим турмуш жуфти ҳалолининг измида экани, аёл эркакнинг ҳимоясидалиги шундай ифодаланганди.

Жулқунбойнинг машҳур асарларидан бири - «Ўткан кунлар» романининг энг сўнгги жумлаларини ўқиганда, кўзимга беихтиёр ёш келган. Гап шундаки, атоқли ёзувчи советларнинг босқини ва уларнинг кулфатли кунларга сабабчи бўлишини аввалдан ҳис қилганди.

«Юсуфбек ҳожи бир хат олди... Ўзбек ойим қора кийиб аза очди...»
Сўзларнинг маъносини англаб етганимда аламдан дод дегим келарди, куз фаслида Юсуфбек ҳожининг қора хатни олиши гўёки, бутун бир миллат бошига тушадиган қатағонлардан дарак эди. Ўзбеклар эса осонлик билан таслим бўлишини, Ўзбек ойимнинг қора кийиб, аза очиши мисолида тасвирланган. Қодирий ўзини Отабекка қиёслаб, ажали яқинлашиб қолганини айтса-да, умид ўчоғи сўнмаган: воқеалар ғира-ширада юз беради. Яъни, бу пайт уйғонган киши бироздан сўнг, қоронғулик яқинлашадими ё ёруғлик, ҳеч ким билмайди.

Афсуски, Ўзбек ойим аза очган дам барча ўз ишлари билан ҳужраларида банд бўлган. Бамисоли учта давлат амалдорлари ички биқиқлик билан ҳокимиятни пароканда этгани кўрсатилмоқда.

Қодирийнинг асарларида ана шундай хитоблар, келажак авлодга хабарлар бор. У истаган ва шу йўлда жон берган мустақилликда биз умргузаронлик қиляпмиз. Бу дамларни бир сония кўриш учун ҳаётини бахшида қилган Қодирий 1938 йил 4 октябрь куни Бўзсув бўйида отиб ўлдирилди. Унинг руҳи доимо шод бўлсин, Аллоҳ раҳматига олсин!

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид