Жаҳон | 15:10 / 20.09.2024
2641
3 дақиқада ўқилади

Россияда қатағон қурбонлари реабилитацияси бўйича 4000 та қарор бекор қилинди

«Коммерсант»нинг ёзишича, 2022 йилдан буён ўтказган текширув давомида Бош прокуратура сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш бўйича 14 мингдан ортиқ қарорни ўрганиб чиқди ва улардан 4 мингтаси бекор қилинишига эришди.

Фото: RFE / RL

2022 йилнинг иккинчи ярмидан бери Россия Федерацияси Бош прокуратураси сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш бўйича 4000 дан ортиқ қарорни бекор қилишга эришди, деб ёзади «Коммерсант» газетаси Бош прокуратура расмий вакили Андрей Ивановга таяниб. Умуман олганда, сўнгги икки йил давомида идора 14 мингдан ортиқ кишига оид қарорларни текширди, деб хабар беради 19 сентябр, пайшанба куни газета.

Ушбу маълумотларга кўра, текширув 1990-2000 йилларда қабул қилинган қарорлар бўйича ўтказилган ва Иккинчи жаҳон уруши даврида «ватан хоинлари ва фашистлар Германияси ҳамкорлари»га тегишли. Реабилитацияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорлар фақат «архив жиноят ишлари чуқур ўрганилгандан сўнг» қабул қилинади, дея таъкидлади Бош прокуратура.

Бошқалар қаторида, текширув вермахт ва СС қўшинларига ихтиёрий равишда қўшилган, жазо баталонлари ва полиция отрядларида хизмат қилган ёки улар яратган маҳаллий ҳокимиятларда нацистларга ёрдам берган фуқароларнинг реабилитацияси фактларини аниқлади. Бош прокуратура вакилининг хабар беришича, реабилитация қилинганлар орасида «вермахт аскарлари, «бандерачилар», «власовчилар» ва оккупация пайтида немис фашистлари ҳукуматига ёрдам берган бошқа совет фуқаролари» аниқланган.

Бош прокуратура реабилитация қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича буйруқ тайёрлади

Бир неча кун олдин Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг «оғир ва ўта оғир жиноятлар, ҳарбий жиноятлар, тинчлик ва инсониятга қарши жиноятлар содир этишда айбдор шахсларни реабилитация қилиш ва оқлашни тақиқловчи» буйруғи ҳақида хабар берилган эди. Ҳужжат Россия ҳукумати томонидан 20 июн куни сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича давлат сиёсати концепциясига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ тайёрланган.

Совет давридаги оммавий қатағонлар, диний ва «синфий» асосларда таъқиблар, мажбурий коллективлаштириш ва сунъий равишда яратилган очарчилик, шунингдек, миллионлаб ГУЛаг маҳбуслари ва депортация қилинган халқлар ҳақидаги ҳаволалар Концепциядан чиқариб ташланган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бош прокуратуранинг режаларини танқид қилиб, 1991 йилда қабул қилинган сиёсий террор қурбонлари реабилитацияси тўғрисидаги қонунда идора буйруғида кўрсатилган жиноятлар учун судланган шахсларни реабилитация қилиш тақиқланганини таъкидладилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид